Ибн Исҳоқ: Луай ўғилларидан бири бўлган Сома ибн Луай Уммонга кўчиб кетиб, у ерда яшай бошлади. Айтишларича, уни Омир ибн Луай чиқариб юборган. Бунга сабаб, ака-укалар бир куни гап талашиб қолишади ва Сома акаси Омирнинг кўзини оқизиб юборади. Шунда Омир уни ўлдиришини айтади. Сома эса Уммонга кетиб қолади. Айтишларича, Сома бир куни туясига миниб сайр қилиб юрганида ўтлаш учун бошини ерга чўзган туянинг лабидан илон чақади ва туя ёнбошлаганича ерга йиқилади. Сўнгра илон Сомани ҳам чақади. Шунда у ўлишини сезиб, ушбу шеърни айтиб жон беради:
Кўзларим, илон чақиши туфайли оёғидан йиқилиб ҳалок бўлган Сома ибн Луайнинг ўлимига ( яъниўзингга) йиғла.
Мен Сома ибн Луайдек бир туя сабабли ўлдирилган кишини кўрмадим.
Мендан Омир ва Каъбга элчи юбориб айтингларки, (мен) уларга жуда-жуда муштоқ бўлдим.
Гарчи менинг уйим Уммонда бўлса-да, мен бадавлат Ғолиб жамоасиданман.
Эй Ибн Луай, қанчалаб ўлим косаларини тўкдинг (яъни ўлимга чора изладинг), лек буни уддалай олмадинг.
Фалокатни қайтариш умидида чандон уриндинг, лек буни чораси йўқлигини билмадинг.
Ўтган кўплаб аждодларинг орасида фақат сен босиқ ва кўркам туяни ҳалок этдинг.
Ибн Ҳишом: менга етиб келган хабарга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига унинг авлодларидан бири келиб, ўзини Сомага мансублигини айтганида Пайғамбар алайҳиссалом унга: «Шоирнинг авлодиданмисан?» – деган эканлар. Шунда саҳобалардан бирлари: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз Соманинг «Эй Ибн Луай, қанчалаб ўлим косаларини тўкдинг (яъни ўлимга чора изладинг), лек буни уддалай олмадинг» деган сўзини назарда тутяпсизми?» – деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа» деб жавоб берган эканлар.