Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан яна бири уларнинг эркак кишидан бўлишидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидаги хитобни қилади:
«Сендан олдин ҳам шаҳар-қишлоқ аҳлидан фақат эр кишиларни расул қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос» («Юсуф» сура, 109-оят).
Яъни, аввалги пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар аҳолисидан бўлган, саҳровийлардан эмас. Чунки шаҳар аҳли тарбияли бўладилар, муомалани яхши биладилар, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли ва яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эга бўладилар.
Шунингдек, ўтган пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлган. Хотин киши ёки фаришталар пайғамбар бўлмаган. Чунки аёлларнинг табиий, жисмоний тузилишлари пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Фаришталарнинг ҳам одамларга пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.
Бунда зинҳор аёлни пастга уриш маъноси йўқдир, балки унинг аёллигини эътиборга олиб, уни машаққатга солмаслик риояси бор. Агар баъзилар ўйлаганидек, аёлни пайғамбарликдан узоқ қилиш нияти бўлганда, унинг пайғамбарларга она бўлиши ҳам раво кўрилмас эди. Ҳа, пайғамбарларни ҳам аёллар туққан!
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан