Шайтон ана ўша золимларнинг биринчиси ва энг каттасидир. У ўзига зулм қилгани етмагандай, ўзининг Аллоҳ таолонинг амридан чиққани етмагандай, Одам билан Ҳавони ҳам Аллоҳ таолонинг амридан чиқишларига чорлай бошлади.
«Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки мангу қолувчилардан бўлмаслигингиз учунгина ман қилди», – деди» («Аъроф» сураси, 20-оят).
Шайтон, асосан инсонни шарманда қилиш, унинг айбини – авратини очиш учун жидду жаҳд этади. Аммо ниятини яшириб, инсоннинг заиф томонидан ҳужум қилади, ундаги шаҳват ва ҳавас оловини алангалатади. Бу ҳақиқатни ушбу ояти карима исботлайди.
«Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди».
Уларнинг авратлари дастлаб ёпиғлик ҳолда эди. Аммо кейин келадиган оятларнинг бирида гувоҳлик берилишича, Одам ва Ҳаво шайтон қутқусига учганларидан сўнг уларнинг авратлари очилиб қолди. Албатта, бу ерда ҳиссий авратлари назарда тутилган. Аммо одам зурриётидан ким шайтон васвасасига учса, унинг маънавий айблари ҳам очилади.
Шайтони лаъин Одам билан Ҳавонинг энг нозик жойларидан тутди:
«Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди».
Одам доимо қудратли, хоҳлаган ишини уддалайдиган, бошқа нарсалар таъсирига берилмайдиган бўлишни истайди. Маълумки, фаришталарда ушбу хусусиятлар мавжуд. Шунинг учун ҳам шайтон Одамни васваса қилишда ушбу заиф томонидан келди. «Агар ушбу дарахтдан тановул этсангиз, фаришта бўласиз, шу боисдан Аллоҳ сизларни бу дарахт мевасини ейишдан ман этмоқда», деди.
Шунингдек, одам ўзи эришган олий мақомда абадулабад қолишни, таъбир жоиз бўлса, дунёнинг яккаю ёлғиз устуни бўлишни доимо орзу қилиб келган. Шайтон унинг бу заиф жиҳатларини яхши билади. Шу сабабли Одамга «Жаннатда абадий қолмаслигингиз учун Роббингиз сизни ушбу дарахтдан тановул этишни ман қилди», деб қутқу солди. У ўз васвасасини ҳақиқат суратида кўрсатиш учун:
«Уларга: «Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман», деб қасам ичди» («Аъроф» сураси, 21-оят).
Яъни Шайтон ўзининг иғво ва қутқусини Аллоҳнинг номи билан собит этди. Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, ўз иғвосини насиҳат деб атади.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан