20 жумадул аввал 1446
Одамнинг икки ўғли қиссаси

Аллоҳ таоло бу қиссани «Моида» сурасида қуйи­дагича баён қилади:

«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилдилар, бас, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. (У:) «Сени албатта ўлдиражакман», – деди. (Наригиси) деди: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир. Агар мени ўлдириш учун менга қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун сенга қўл кўтарувчи эмасман. Албатта, мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман. Мен, албатта, менинг гуноҳимни ҳам, ўзингнинг гуноҳингни ҳам олиб кетиб, дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир». (27-29-оятлар).

Эски тафсирларда Одамнинг бу икки ўғли кимлар эканлиги, нима учун қурбонлик қилишгани, биттасидан қурбонлик қабул бўлмаганининг сабаби ва бошқа тафсилотлар узундан-узоқ баён қилинади. Ҳатто бошқа динларнинг китобларидан ҳам маълумотлар келтирилади. Эҳтимол, ўша устоз муфассирлар яшаган замон тақозоси шу бўлгандир. Эҳтимол, улар яшаган маданий ва маърифий муҳит шуни тақозо қилгандир.

Аммо, аслини олганда, Қуръони Карим ҳидоят китоби, унда келтириладиган қиссалар ҳам кишиларни ҳидоят қилиш ишига ҳисса қўшади. Бу ишда эса шахсларнинг исми, воқеа бўлиб ўтган жойнинг номи, ер майдони каби чегара ва рақамларга боғлиқ маълумотлар унча аҳамиятсиз. Охирги пайт­да ўтказилган илмий текширишлар, хусусан, Қуръони Каримни бошқа самовий китоблар билан солиштириб кўришлар ҳам ушбу фикрни тасдиқлаб чиқди. Шунинг учун замонавий тафсирчиларимиз мазкур қўшимча маълумотларга берилиб кетмасдан, асосий эътиборни Қуръони Карим зикр этган ҳодисаларнинг моҳиятига қаратишни маслаҳат берадилар.

Ҳақиқатда ҳам, ушбу қиссада зикр қилинган.

«Одамнинг икки ўғли»нинг исмларини билишдан ҳидоят йўлида бирор фойда бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб қўяр эди. Шунингдек, қурбонлик қилишнинг сабабини ва нима учун биттасининг қурбонлиги қабул бўлмай қолишининг боисини билиш аҳамиятли бўлганида, Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилган бўларди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан ушбу қиссани кишиларга тиловат қилиб беришни амр қилмоқда.

Одамнинг икки ўғли бор экан, улар қурбонлик қилишибди. Бирларининг қурбонлиги қабул бўлибди. Иккинчиларининг қурбонлиги қабул бўлмабди. Шунда қурбонлиги қабул қилинмаган ўғил қурбонлиги қабул қилинганга ҳасад қилиб, «Мен сени ўлдираман», дебди.

Инсон қалбига ҳасад кирганда шундай бўлади. Қурбонлиги қабул бўлмагани унинг яхши киши эмаслигига, қурбонлиги қабул бўлгани эса яхши инсон эканлигига далолат эди. Яхши одам доимо яхши бўлади. Ҳатто қийин ва шиддатли пайтларда ҳам, ҳаёти хавф остида турганда ҳам яхшилигича қолади. У ўзига тажовуз қилиб турган кишига қараб, хотиржамлик билан:

«Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир», деди.

Инсоннинг яхши амалларининг, жумладан, қурбонлигининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши амал эгасининг тақводор эканлигини англатади. Бу билан у ўзига суиқасд қилиб турган душманни ҳам тақводор бўлишга даъват этди. Кейин эса янада хотиржамлик билан, биродарининг ёмонлигини кесиш учун:

«Агар мени ўлдириш учун менга қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун сенга қўл кўтарувчи эмасман», деди.

Ҳақиқий тақводор, Аллоҳ таолодан қўрққан инсоннинг гапи шундай бўлади. У шу билан ёмонликнинг олдини олишга, ҳасадчининг ҳасад оловини совутишга ҳаракат қилмоқда.

«Албатта, мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман», деди.

Яъни «Менинг тутган бу йўлим сендан ёки ўлимдан қўрққанимдан эмас, балки бошқа бир инсонни ўлдириш гуноҳ бўлгани учун, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққанимдан шундай қилмоқдаман», деди.

Бундан кейин эса биродарини бу ишдан қайтариш мақсадида оқибат нима бўлишини ҳам эслатиб қўйди:

«Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетиб, натижада дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир».

Яъни «Агар сен Аллоҳдан қўрқмай, мени ўлдирадиган бўлсанг, мени ўлдирганинг гуноҳини ҳам оласан ва олдинги қурбонлигинг қабул бўлмаганининг гуноҳини ҳам оласан. Гуноҳ устига гуноҳ қилган бўласан. Оқибатда сенга бериладиган жазо ҳам ортади ва дўзахга тушасан», деди.

Аммо ёмонликка юрган кишига бу гаплар таъсир қилмади.

«Нафси унга биродарини ўлдиришни безаб кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрганлардан бўлиб қолди» («Моида» сураси, 30-оят).

Банда ҳавои нафсининг гапига юрса, ҳар қандай насиҳат-эслатмалар кор қилмайди. Биродарига ҳам шунча насиҳат-эслатмалар фойда бермади.

«Нафси унга биродарини ўлдиришни безаб кўрсатди».

Аввал айтганимиздек, бу одам нафсининг амрига қарши чиқа олмади.

«Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрганлардан бўлиб қолди».

У бу дунёда ҳам шу иши туфайли зиён кўради. Чунки биродари унга ёрдам берар, уни тўғри йўлга чақириб, насиҳатлар қилар эди. Энди у ўлди, насиҳат қилувчи, яхшилик қилувчи ва ёрдам берувчи одам йўқ бўлди. Охиратда эса ушбу жиноят туфайли, яъни биродарини ўлдиргани учун дўзахга тушади.

Аллоҳ таоло қотилга жиноятидан кейингина унинг ожизлигини кўрсатиб, ҳасрат дарсини берди:

«Аллоҳ унга биродарининг жасадини қандай кўмишини кўрсатиш учун ер кавлайдиган қарғани юборди. (У:) «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродаримнинг ўлигини кўма олмадим-а?!» – деди. Бас, надомат қилувчилардан бўлиб қолди» («Моида» сураси, 31-оят).

Ояти каримадан маълум бўлишича, қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин нима қиларини билмай қолган. Ўликни кўмиш кераклиги хаёлига келмаган. Бу ўлик ер юзидаги биринчи ўлик эди. Шунинг учун ҳам нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб қолган. Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ таоло унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг олдида урушиб, бири иккинчисини ўлдирган. Сўнгра қотил қарға ерни кавлаб, ўлган қарғани кўмган. Бу ҳолни оятда қисқа қилиб:

«Аллоҳ унга биродарининг жасадини қандай кўмишини кўрсатиш учун ер кавлайдиган қарғани юборди», дейди.

Қарға қарғанинг ўлигини кўмганини кўрган қотил ўзидан нафрат қилди ва:

«Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродаримнинг ўлигини кўма олмадим-а?!» – деди».

Ўзича ғурурга кетиб, ҳасад қилиб, бегуноҳ биродарини ўлдиришгача етиб борган нобакор вақти келиб, бир қарғачалик бўла олмай қолди.

«Бас, надомат қилувчилардан бўлиб қолди».

Бу қиссадан барча ибрат олиши лозим.

Тарихчилар қотил ўғилнинг исми Қобил, мақтулнинг исми эса Ҳобил бўлганини, орадаги низо хотин талашиш оқибатида чиққанлигини айтадилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

11:30 / 06.05.2017
Аввалги мақола
Одамнинг тавбаси қабул бўлди
Одам алайҳиссалом
Одам алайҳиссаломнинг вафотлари
Қуръони Каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар. Одам Ато минг йил яшаб, сўнгра вафот этдилар. У...
19:01 / 09.05.2017 Батафсил...
Одам алайҳиссалом
Одамнинг икки ўғли қиссаси
Аллоҳ таоло бу қиссани «Моида» сурасида қуйи­дагича баён қилади: «Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилдилар, бас, бирлари...
11:30 / 06.05.2017 Батафсил...
Одам алайҳиссалом
Одамнинг тавбаси қабул бўлди
Аллоҳ таоло Одам боласини «Ер юзида хоҳлаганча кунингни кўравер», деб ўз ҳолига ташлаб қўйган эмас, балки унга энг зарур неъматларни ато айлаган, ҳатто тавба қилиш учун зарур бўлган калима...
09:47 / 03.05.2017 Батафсил...
Одам алайҳиссалом
Жаннатдан тушишга амр
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисга хитоб қилиб: «(У зот:) «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ ва маълум вақтгача баҳрамандлик бордир&...
01:12 / 27.06.2020 Батафсил...