Одам билан Ҳаво ўзларини Иблис алайҳилаъна каби тутмадилар, икковлари дарҳол гуноҳларига иқрор бўлдилар ва: «Икковлари: «Роббимиз! Ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», – дедилар», дедилар («Аъроф» сураси, 23-оят). Улар Иблис алайҳилаъна каби гуноҳ қилиб қўйиб, яна такаббурлик билан баҳона ахтариб, ўзларини оқлаш ва даъво қилишга зўр бермадилар. Балки нажот йўлини ихтиёр қилдилар. Дарҳол айбларини бўйинларига олиб, гуноҳларига иқрор бўлдилар. Ўзларини хору ҳақир тутдилар. Аллоҳнинг Ўзи гуноҳларини кечмаса, уларга раҳм қилмаса, аҳволлари чатоқ бўлишини очиқ-ойдин айтдилар. Аслида, инсоннинг нажот топишига омил бўлган ҳодисанинг ўзи шу. Чунки шайтон ҳам, инсон ҳам даставвал хатога йўл қўйдилар. Аммо натижа икки хил бўлиб чиқди. Шайтон лаънатга гирифтор бўлди, инсон раҳматга эришди. Уларнинг бу мартабаларига гуноҳдан кейинги ҳолатлари сабаб бўлди. Гуноҳкор шайтон кейин ҳам кибру ҳавони тарк этмади. Гуноҳига иқрор бўлиб, тавба қилмади. Боз устига, ўз қилмишини тўғри деб даъво қилди. Одам эса дарҳол тавба қилди ва Аллоҳ таолодан мадад истади. Шундай қилиб, ҳар икковининг ҳам ҳақиқий табиати юзага чиқди. Хусусиятлари намоён бўлди.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан