Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Шаъбон ярими кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва:
«Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани, балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Фалончи қани, фистончи қани?» дейди. Токи, тонг отгунча шундоқ бўлади», дедилар»
Ибн Можа ривоят қилган.
Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бунчалик аҳамиятли гапни ўзларидан айтмайдилар. Албатта, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса эшитганлар ва ўша эшитганларини ўз иборалари билан ифода этганлар.
Ушбу ривоятга биноан, Шаъбон ойининг қоқ яримининг кечаси ҳам, кундузи ҳам улуғ ва баракот вақтлар эканлиги келиб чиқади.
Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан, кундузни рўза, кечасини бедорлик ибодати билан ўтказишга ҳаракат қилмоқ керак бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда бошларини кўтариб осмон томонига қараб турган эканлар:
«Эй Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?», дедилар.
«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим.
«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг яримидаги кечада дунё осмонига тушадир ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қиладир», дедилар».
Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Бақийъ – Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристон. Барча Мадинада вафот этган саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан, Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ ҳам.
«Калб» – машҳур араб қабиласи бўлиб , ўша вақтда Бани Калб қабиласи энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи яримида Аллоҳ таоло жуда ҳам кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаб ўша қўйларнинг жуни ададидан ҳам кўпроқ деб эсга олганлар.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толалари қанча бўлишини санашнинг ўзи қийин. Араб қабилалари ичида энг кўп қўйли қабиланинг қўйлари жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилинг. Бу ўша кеча жуда ҳам фазилатли эканига далолатдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Кечаси қабристонга кириш, осмонга қараб туриш мумкинлиги.
- Оиша онамизда қизғаниш борлиги. Пайғамбаримизни баъзи хотинлари олдига кетган бўлсалар керак, деб ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.
- Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолатларини яхши тушунганлари.
- Шаъбон яримидаги тун фазилатли кеча экани.
- Мазкур кечада кўплаб гуноҳлар мағфират қилиниши.
- Шаъбоннинг яримидаги кечада бедор бўлиб ибодат, истиғфор ва дуо билан машғул бўлиш кераклиги.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Шаъбон яримидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар.
Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Шаъбоннинг яримидаги кеча фазилатли экани.
- Мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб қараб, ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши.
- Мушриклик ва хусуматчилик жуда ёмон нарса экани.
Демак, Шаъбон ойи яримлаганда ибодат қилиб мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундоқ фазилатли вақтда гуноҳни мағфират қилинишига монеъ бўлгувчи мушриклик ва хусуматчиликдан узоқлашмоқ керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ