Ўша замонда яшаган кишилар ичида бой, зодагонлар кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, омонатли, меҳрибон одам эди.
Аллоҳ таоло у кишига ваҳий юбориб, қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом «Мен сизга пайғамбар бўлдим», деб қавмига мурожаат қилганларида баъзилар: «Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку!» дейишди.
Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ шу қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлган эканми?» дейишди.
Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дедилар.
Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом қавмини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади.
Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади:
«Албатта, Биз Нуҳни ўз қавмига «Қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин», деб Расул қилиб юбордик» (1-оят).
Нуҳ алайҳиссалом Куфа шаҳри ўрнидаги ерларда яшаган, ана ўша ер аҳолисига пайғамбар қилиб юборилган эканлар. Шундан келиб чиқиб, уламолар «Нуҳ алайҳиссалом Арабистон ярим- оролига пайғамбар этиб юборилганлар», дейдилар.
Нуҳ алайҳиссалом «анбиёларнинг шайхи» деб ҳам аталадилар. Чунки у зот бешта улул азм пайғамбарнинг биридирлар.
Аллоҳ таоло ана шундай пайғамбар – Нуҳ алайҳиссаломни
«Қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин», деб юборди.
Яъни «Агар иймон келтириб, Менга итоат қилмасалар, бу дунёда тўфоннинг, у дунёда дўзахнинг аламли азобига қолишларидан огоҳлантиргин», деб юборди.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан