30 рабиъус сони 1446
Аллоҳнинг неъматларини эслатиш

Ҳуд алайҳиссалом қавмини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар. (Эй қавмим!)

«Ҳар тепаликка бир белги бино қилиб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» қиласиз» («Шуаро» сураси, 128–129-оятлар).

Ушбу оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Албатта, қадимда ҳозиргидек иншоотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимги тафсирларимизда бу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган.

Асрдош тафсирчиларимиз эса «Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бош­қа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди. «Маснаълар»дан мурод ўшалар», дейдилар. Биринчи оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. Шунинг учун ушбу иккинчи тафсир асослироқ бўлиб чиқади.

Од қавми жисмоний жиҳатдан етук, баланд қоматли, жуда бақувват ва соғлом одамлар бўлганлар. Шунингдек, улар ақлий жиҳатдан ҳам ўткир зеҳнли, теран ақлли бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатмадилар. Fурурга кетиб, ҳовлиқдилар ва «Биздан кучлироқ ким бор?!» деб мақтандилар. Беш кунлик дунё матоҳига берилдилар. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли-кераксиз иншоотлар бино қилдилар. Шундай ишларга берилиб кетиб, Аллоҳ таолони унутдилар ва турли ёмонликларга қўл урдилар. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказдилар. Ҳуд алайҳиссалом сўзлари давомида ана шунга ҳам ишора қилмоқдалар:

«Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутасиз» («Шуаро» сураси, 130-оят).

Яъни «Бошқа одамларни ушлаган пайтлари­нгизда уларга нисбатан ўта жабр ўтказдингиз. Зулм қилдингиз».

«Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг. Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган Зотдан қўрқинг» («Шуаро» сураси, 131-132-оятлар).

«Аллоҳ таоло сизга нималар ила мадад берганини ўзингиз яхши биласиз, улар олдингизда турибди. Ўша Зотдан қўрқинг, Унга тақво қилинг. Агар Аллоҳ сизга нима ила мадад берганини унутган бўлсангиз, эсингизга солай».

«У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди. Боғ-роғлар ва булоқлар ила» («Шуаро» сураси, 133-134-оятлар).

Ушбу оятда Ҳуд алайҳиссалом қавмига Аллоҳ таоло уларнинг ўзларига алоҳида берган неъматларидан тўрттасини зикр қилмоқда:

1. Чорва ҳайвонлари.

2. Фарзандлар.

3. Боғ-роғлар.

4. Булоқлар.

«Албатта, мен сизга улкан куннинг азоби (бўлиши)дан қўрқаман» («Шуаро» сураси, 135-оят).

Ҳуд алайҳиссаломнинг тошни ҳам эритиб юборадиган бу сўзларига Од қавми қуйидагича жавоб берди:

«Улар дедилар: «Ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам – бизга барибир» («Шуаро» сураси, 136-оят).

Яъни «Эй Ҳуд, сен бизга ваъз-насиҳат қиласанми, қилмайсанми, барибир биз иймонга келмаймиз, сенга эргашмаймиз».

«Бу эскиларнинг одати, холос» («Шуаро» сураси, 137-оят).

Сенга ўхшаб турли-туман гапларни айтавериш эскиларнинг одати, холос. Уларга ишониб бўлмайди.

«Биз азоблангувчи эмасмиз» («Шуаро» сураси, 138-оят).

Яъни «Бизга қанча гапирсанг ҳам, барибир сен айтган йўлдан юрмаймиз. Қадимдан шундай бўлиб келган. Бу қилмишимиз учун, сен айтаётганингдек, азобланмаймиз ҳам», дедилар.

 

Тавбага чақириш

 

Ҳуд алайҳиссалом уларни тавба қилишга ҳам чақириб кўрдилар. Аммо бу иш ҳам фойда бермади. Бу ҳақда «Ҳуд» сурасида қуйидаги баёнлар келади. Ҳуд:

«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, (шунда У) устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди («Ҳуд» сураси, 52-оят).

Мўмин-мусулмон инсон доимо истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан гуноҳларини мағфират қилишини сўраб ва қилган гуноҳларидан тавба қилиб туриши зарурлигини ҳамма пайғамбарлар таъкидлаганлар. Бундан олдин Нуҳ алай­ҳиссалом ҳам таъкидлаган эдилар. Энди Ҳуд алайҳиссалом ҳам таъкидламоқдалар:

«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг».

Ҳуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога ихлос ила истиғфор айтишнинг ва ихлос ила тавба қилишнинг дунё ҳаётидаги, тириклик чоғидаёқ етадиган улкан фойдасини ҳам зикр қилмоқдалар:

«(шунда У) устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади».

Яъни «Истиғфор айтиб, тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло сизни қурғоқчилик балосидан халос этади ва юртингизга барака ёмғирини ёғдиради».

Ёмғир ҳам турлича бўлади. Баъзилари фойдали. Баъзилари бало-офатдан иборат. Баъзилари баракотли. Истиғфор айтиб, тавба қилганларга Аллоҳ таоло айнан барака ёмғирини ёғдирар экан.

«ва қувватингизга қувват зиёда қилади».

Аввал айтиб ўтилганидек, Од қавми куч-қуввати ила ном чиқарган қабила эди. Истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват зиёда бўлиши ваъда қилинмоқда.

Истиғфор ва тавбанинг фойдалари ҳақида бош­қа оятларда ҳам гапирилган. Шунингдек, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ўшандай ҳадислардан бирида Набийимиз алайҳиссалом:

«Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан кушойиш, ҳар бир тангликдан кенглик беради ва ўзи ўйламайдиган томондан ризқлантиради», деганлар.

«Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг».

Иймон келтирмасангиз, жиноят қилган бўласиз, жиноятчи ҳолингизда юз ўгириб кетган бўласиз.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

17:24 / 03.07.2017
Аввалги мақола
Шаввол ойининг 8-куни
Ҳуд алайҳиссалом
Од қавмига азоб келди
«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» («Ҳуд» сураси, 58-оят). «Ваъда қили...
11:41 / 23.07.2017 Батафсил...
Ҳуд алайҳиссалом
Од қавмининг қўполлиги
Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди: «Улар дедилар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун олиҳ...
17:36 / 15.07.2017 Батафсил...
Ҳуд алайҳиссалом
Аллоҳнинг неъматларини эслатиш
Ҳуд алайҳиссалом қавмини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар. (Эй қавмим!) «Ҳар тепаликка бир белги бино қилиб, беҳуда...
17:24 / 03.07.2017 Батафсил...
Ҳуд алайҳиссалом
Саркаш қавм ила тортишув
Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом: «У деди: «Эй қавмим! Менда эсипастлик йўқ. Ва лекин мен оламларнинг Роббидан Расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолат­ларин...
14:07 / 01.07.2017 Батафсил...