30 рабиъус сони 1446
Од қавмига азоб келди

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» («Ҳуд» сураси, 58-оят).

«Ваъда қилинган азобни юбориб, Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида пайғамбаримиз Ҳуд алайҳиссаломни ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам, қаттиқ азобдан қутқардик.

Аммо ўша азоб кофирларни қаттиқ тутди. У қандай бўлганини «Аҳқоф» сурасидаги қуйидаги оятлар баён қилади:

«Водийларига рўбарў келаётган оризни (булутни) кўрганларида: «Мана бу ориз (булут) бизга ёмғир ёғдирувчидир», дейишди. Йўқ! Бу – ўзингиз ошиққан нарса, аламли азоби бор шамолдир» (24-оят).

Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган. Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқ таъсиридан ҳаво тандирга айланган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, бундай дейилади:

«...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қийн исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакирнинг олдига борибди ва ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, Жародатани исмли икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгандан сўнг Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилиб:

«Аллоҳим! Ўзинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилганим ҳам йўқ. Аллоҳим! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин», дебди.

Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан «Танлаб ол», деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда «Ўшани ол!» деган нидо келибди».

«Водийларига рўбарў келаётган оризни (булутни) кўрганларида: «Мана бу ориз (булут) бизга ёмғир ёғдирувчидир», дейишди»

Оятдаги «водийлари томон», яъни Од қабиласининг водийлари томон кўндаланг бўлган нарса ўша азоб булутидир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм «Энди қурғоқчиликдан қутуламиз экан», деб хурсанд бўлдилар ва

«Мана бу ориз (булут) бизга ёмғир ёғдирувчидир», дейишди.

Лекин илоҳий раддия бошқа хабарни келтирди:

«Йўқ!»

«Сиз айтгандек эмас. Ўзингиз Ҳуд пайғамбарга «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», деб шошилиб, орзиқиб сўраган эдингиз».

«Бу – ўзингиз ошиққан нарса, аламли азоби бор шамолдир».

«Бу сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз – азобдир. Бу – азобни, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир», дейилди.

Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:

«Роббининг амри ила ҳар бир нарсани яксон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмайдиган ҳолга айландилар. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолармиз» («Аҳқоф» сураси, 25-оят).

Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиздан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос.

Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди, у ўтган жойларда масканлардан (уйлардан) бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло ҳар доим жиноятчи қавмларни шундай жазолайди. Аммо инсонлар бир оз шошадилар, холос.

Ушбу воқеа мисолида Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қилиб, Од қавмининг хатосини такрорламасликка ундайди:

«Ва, дарҳақиқат, уларга сизга бермаган имконларни берган эдик. Ва уларга қулоқ, кўзлар ва қалблар бердик. Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки, улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар. Бас, уларни ўзлари истеҳзо (масхара) қилган нарса (азоб) ўраб олди» («Аҳқоф» сураси, 26-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қилиб, уларни ўзларидан аввал ўтган Од қавмига таққослаб кўришга ундамоқда. Худди Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга куфр келтирганларидек, Од қавми ҳам ўтган замонда ўз пайғамбари Ҳуд алай­ҳиссаломга куфр келтирган эдилар. Аммо ораларида фарқ ҳам бор эди.

«Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик».

Яъни Аллоҳ таоло Од қавмига Макка мушрикларига бермаган имконларни берган эди. Ҳа, шунча имконларга эга бўлсалар ҳам, куфрлари сабабли ҳалок бўлдилар. Имконлари уларни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қола олмади. Энди улардан кўра имкони оз бўлган Макка мушриклари ўзлари билиб олаверсинлар.

«Ва уларга қулоқ, кўзлар ва қалблар бердик».

Ўша Од қавмига берган имкониятларимиздан ташқари, эшитиб, ибрат олсин, деб қулоқ, кўриб, ибрат олсин, деб кўз, ақл юритиб, ибрат олсин, деб қалблар бердик. Лекин, афсуски,

«Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки, улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар».

Ҳа, қайси бир инсон Аллоҳнинг оятларини инкор қилар экан, унга на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари ҳеч бир фойда бермайди. Од қавми ҳам худди шундай бўлди. Оқибатда:

«Бас, уларни ўзлари истеҳзо (масхара) қилган нарса (азоб) ўраб олди».

Аллоҳ таоло Од қавмини ана шундай тарзда ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳарига яқин жойга дафн этилдилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

11:41 / 23.07.2017
Аввалги мақола
Шаввол ойининг 26-куни
Ҳуд алайҳиссалом
Од қавмига азоб келди
«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» («Ҳуд» сураси, 58-оят). «Ваъда қили...
11:41 / 23.07.2017 Батафсил...
Ҳуд алайҳиссалом
Од қавмининг қўполлиги
Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди: «Улар дедилар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун олиҳ...
17:36 / 15.07.2017 Батафсил...
Ҳуд алайҳиссалом
Аллоҳнинг неъматларини эслатиш
Ҳуд алайҳиссалом қавмини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар. (Эй қавмим!) «Ҳар тепаликка бир белги бино қилиб, беҳуда...
17:24 / 03.07.2017 Батафсил...
Ҳуд алайҳиссалом
Саркаш қавм ила тортишув
Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом: «У деди: «Эй қавмим! Менда эсипастлик йўқ. Ва лекин мен оламларнинг Роббидан Расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолат­ларин...
14:07 / 01.07.2017 Батафсил...