8 жумадис сони 1446
Мушрик қавм ила мунозара

Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермаганидан сўнг оталарига қўшиб, қавмга ҳам хитоб қилишга ўтдилар. У зотнинг мушрик қавм ила олиб борган мунозараларидан бир кўриниш «Анбиё» сурасида қуйидагича баён қилинади:

«Батаҳқиқ, илгари Иброҳимга рушду ҳидоятини берган эдик. Унинг (лойиқлигини) билгувчи эдик» («Анбиё» сураси, 51-оят).

Яъни «Ушбу ҳолдан илгари

«...Иброҳимга рушду ҳидоятини берган эдик».

«Иброҳим Аллоҳ таоло томонидан рушди ҳидоят берилган зотлар ичида аввалгиларидан бири эди. Биз унга ҳидоятни бехосдан берганимиз йўқ».

«Унинг (лойиқлигини) билгувчи эдик».

«Биз Иброҳимнинг ҳидоятга, пайғамбар бўлишга лойиқ зот эканлигини яхши билар эдик».

«Ўшанда у отасига ва қавмига: «Сиз берилиб ибодат қилаётган манави ҳайкаллар нима?» – деган эди» («Анбиё» сураси, 52-оят).

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳидоят туфайли отаси ва қавми сиғинаётган ҳайкалларнинг ҳеч нарса эмаслигини ва уларнинг ибодатга лойиқ эмаслигини англаганларидан кейин уларга ушбу инкорий саволни бердилар.

«Улар: «Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз», дедилар» («Анбиё» сураси, 53-оят).

У кишининг оталари ҳам, қавмлари ҳам юқоридаги саволга тўғри жавоб бера олмас эди. Чунки нима учун ҳайкалларга сиғинаётганларини уларнинг ўзлари ҳам тушунмас эдилар. Улар ота-боболаридан кўриб, ҳайкалларга ибодат қилмоқдалар. Аммо ақлларини ишлатиб кўришмаган. Иброҳим алай­ҳиссалом эса Аллоҳнинг ҳидояти туфайли ҳайкалга топинишнинг залолат эканлигини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам мушриклардан ушбу жавобни эшитганларида:

«У: «Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатда бўлгансизлар», деди» («Анбиё» сураси, 54-оят).

Бу дунёдаги ҳақиқат, тўғри йўл ота-боболарнинг қилган иши билан эмас, Аллоҳнинг кўрсатган йўлланмаси билан белгиланади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бундай кескин гапига жавобан:

«Улар: «Бизга ҳақ ила келдингми ёки сен ўйин қилгувчиларданмисан?» – дедилар» («Анбиё» сураси, 55-оят).

Улар «Гапинг жиддийми ёки ҳазил қиляпсанми?» деб сўрадилар. Эътиқодлари пуч бўлганидан, дарҳол шак-шубҳага тушиб, иккиланиб қолдилар.

Иброҳим алайҳиссалом тўла ишонч билан гапирдилар:

«У деди: «Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир, (У) уларни йўқдан бор қилгандир ва мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман» («Анбиё» сураси, 56-оят).

Яъни «Сизга ўхшаб иккиланиб ўтиришга ўрин йўқ! Сиз Унинг ҳақида иккиланиб турган

«Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир».

«Ўша Зот сизнинг Роббингиз, яратувчингиз, ризқ берувчингиз ва тарбиячингиз бўлгани каби, ҳамма осмонлару ернинг ва улардаги нарсаларнинг ҳам Роббидир».

«(У) уларни йўқдан бор қилгандир».

Уларнинг ҳаммасини ўша Робб сифатига эга бўлган Зот – Аллоҳ таоло яратгандир, йўқдан бор қилгандир.

«…ва мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман».

Иброҳим алайҳиссалом бу гапларни Пайғам­барлик сифатлари ила асосий масдардан қабул қилиб олганлар. Шунинг учун ҳам у зотнинг тўла ишонч ила гувоҳлик беришга ҳақлари бор.

Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом уларга ва бутларига қарши аёвсиз кураш олиб боришларини очиқ айтдилар:

«Аллоҳга қасамки, ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қилажакман», деди («Анбиё» сураси, 57-оят).

Яъни Иброҳим алайҳиссалом ўзлари билан тортишаётган қавмларига, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини қасам ила таъкидлаб айтдилар. Аммо нима қилишларини айт­мадилар. Араб тилида «санам» деб, бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

12:16 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Зулҳижжа ойининг 11-куни
Кейинги мақола
Иброҳим алайҳиссалом
Иброҳим алайҳиссаломнинг фазилатлари
Қуръони Карим Иброҳим алайҳиссаломнинг шахсларига, қиссаларига алоҳида эътибор қаратганини ўрганиб чиқмоқдамиз. Каломи илоҳийда у зотнинг қиссалари, фаолиятлари ва даъватларидан ташқари, шахсий фазила...
08:05 / 27.06.2020 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Исҳоқнинг ато этилиши
Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди. Бу маънони «Вас-соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади: «Яна унга солиҳлардан бир Набий (бўлажак) Ис...
16:02 / 09.11.2017 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмонлари
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил­дан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарни ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди. Бу ҳолни бизга «Зарият» сурасидаги...
05:41 / 04.11.2017 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Ҳажнинг бошланиши
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди. Инсони...
20:15 / 26.06.2020 Батафсил...