2 жумадис сони 1446
Сумома ибн Усол ал-Ҳанафий

У Қурайш қабиласини иқтисодий қамал қилган эди… У Ислом тарихида илк бор «Талбия» айтган эди… …Мадинага кўчишнинг олтинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ дини таъсирини кенгайтириш учун араб ва ажам ҳукмдорларидан саккиз нафарига мактуб ёздилар ва уларни Исломга чорлаб чопар юбордилар. Пайғамбар алайҳиссалом номалари етиб борганлардан бири Сумома ибн Усол ал-Ҳанафий эди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ эди, чунки Сумома жоҳилият замонида араб оламида таниқли ва баобрў шахслардан, Бани Ҳанифа қавмининг эътиборли саййидларидан эди. Ямома ўлкасининг раҳбарларидан бири бўлгани сабабли унинг айтгани айтган, дегани деган эди. Сумома Пайғамбар алайҳиссалом мактубларини норози ҳолда, энсаси қотиб ўқиб чиқди. Унинг кибру ҳавоси, гуноҳлари эзгуликка чақириқни эшитишдан тўсиб турарди. Сўнг шайтон уни йўлдан оздириб, Аллоҳнинг Расули жонига қасд қилиш ва шу йўл билан унинг чақириқларига чек қўйиш режасини тузди. Сумома Расули акрамни ғафлатда қолдириб, манфур ниятини амалга оширишга қулай пайт пойларди. Агар амакиларидан бири уни шаштидан тушириб, ниятидан қайтармаганида, унинг бу қабиҳ жиноятни амалга ошириши ҳеч гап эмасди. Шу тариқа Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини Сумоманинг ёмонлигидан асраб қолди. У Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдириш режасидан воз кечган бўлса ҳам, саҳобалардан аламини олиш мақсадида қулай имкон кутарди. Ҳатто бир нечаларининг жонларига қасд ҳам қилди. У тобора қутуриб, ҳалокат сари интиларди… Бу воқеалардан кўп ўтмай Сумома Каъбани тавоф этиб, бутлар учун қурбонлик қилиш ниятида Ямомадан чиқиб, Маккага жўнади. Мадинага яқин жойга етганида етти ухлаб ҳам тушига кирмаган бир воқеа содир бўлди. Расули акрам душманнинг қўққис ҳужумидан ғафлатда қолмаслик учун Мадина ташқарисига қўйган соқчилар гуруҳи танимай Сумомани қўлга олиб, Мадинага келтирди. Пайғамбар алайҳиссалом масжидга кирганларида у ерда оёқ-қўли боғланган Сумомани кўриб қолиб: – Унинг кимлигини биласизларми? – деб сўрадилар. – Йўқ, – дейишди саҳобалар. – У Сумома ибн Усол ал-Ҳанафий, унга яхши муносабатда бўлинглар, – дедилар ва уйларига бориб, аёлларига: – Қандай таомингиз бўлса, Сумомага юборинглар, – дея тайинладилар. Сумома Исломга мойиллик билдирмаганини кўрган Расули акрам уни бир неча кун ўз ҳолига қўйдилар. Лекин суви-таомидан хабардорликни канда қилмадилар. Бир куни унга кетишга изн берилди. Сумома Масжидун-Набийдан чиқиб кетди. Мадина атрофидаги Бақий қабристонига яқин бир хурмозорга келиб, туясини чўктирди. Ўша ердаги чашма сувида тўкис ғусл қилди ва масжидга қайтиб келди. У Пайғамбар масжидига кирар-кирмас: – Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳалу анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу, – дея иймонини изҳор қилди. Сўнгра Пайғамбаримизга юзланиб: – Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Аллоҳга қасамки, бугунгача юзингизни кўргим келмасди, энди у мен учун энг севимли юзга айланди. Аллоҳга қасамки, бугунгача динингизни асло ёқтирмасдим, энди у менинг севимли динимга айланди. Аллоҳга қасамки, бугунгача шаҳрингиз менга хунук кўринарди, энди у мен учун энг гўзал маскан бўлиб қолди. Сумома шундай дегач, аввалги гуноҳлари учун жазолашни илтимос қилди. – Сен энди маломат қилинмайсан, эй Сумома, чунки Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ювиб юборади, – дедилар. У бу гапдан севиниб кетди ва: – Жоним, куч-қувватим ва молу мулкларим динингизга кўмакчи бўлсин, – деди. Сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломдан сўради: – Эй Аллоҳнинг Расули, умра ниятида кетаётганимда мени ушлаб олишганди, энди нима қилай? – Умрангни Аллоҳ ва Унинг Расули шариатига биноан адо қил, – деб жавоб бердилар Расули акрам ва уни умра тартиби билан таништирдилар. Сумома йўлга тушди ва Маккага етганида овозининг борича «Лаббайка Аллоҳумма лаббайк…Лаббайка ла шарика лака лаббайк… Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк…Ла шарика лак», деб талбия айта бошлади. Бу билан Сумома Маккада энг биринчи талбия айтган одам сифатида тарихга кирди. Шундай қилиб, Сумома ибн Усол бутун Қурайш кўз ўнгида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганларидай умра ибодатини адо этди. Бут-санамларга эмас, Аллоҳ таолога қурбонлик қилди. Юртига қайтгач эса қурайшликларнинг адабини бериб қўйиш учун уларга юборилаётган дон-дунни тўхтатишга буюрди. Қавми унга бўйсуниб, Маккага ғалла жўнатишни тўхтатди. Сумоманинг иқтисодий қамали Қурайшнинг тинкасини қуритди, шаҳарда очликдан қирилиб кетиш хавфи пайдо бўлди. Шунда маккаликлар Пайғамбар алайҳиссаломга мактуб йўллаб, қамални тўхтатишни сўрашди. Расули акрам Сумомага яна дон-дун юборишни тиклаш ҳақида нома юбордилар. Сумома ибн Усол умр бўйи динига содиқ қолди, Пайғамбар алайҳиссаломга берган ваъдасига вафо қилди. У Зот вафотларидан сўнг диндан чиққанларга ва сохта пайғамбарларга қарши турди. Қабиласини бу фитналарга қўшилмасликка чақирди. Аллоҳ таоло уни Ўз мағфирати билан чулғаб олсин ва жаннати билан мукофотласин.

Абдураҳмон Раъфат Пошонинг «Саҳобалар ҳаёти» китоби асосида Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади.

04:15 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...