Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва у зотнинг солиҳ амалли зурриётларига имомлик ваъда қилганини аввал ўрганган эдик. Ўша имомликнинг кўринишларидан бири – Байтуллоҳни қуриш ва унга тегишли ишлар бўлди.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада жумладан, шу иборалар ҳам бор:
«Иброҳим:
«Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди. Исмоил:
«Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди.
«Сен ёрдам берасанми?» – деди.
«Ёрдам бераман», деди.
«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош ташир эдилар, ота қурар эдилар».
«Бақара» сурасида бу жараён қуйидагича ёритилади:
«Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб (дедилар): «Роббимиз! Биздан қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг Самийъ ва Алиймсан.
Роббимиз! Икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон бўлган уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат. Тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен Ўзинг Таввоб ва Роҳиймсан.
Роббимиз! Уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, Сен Ўзинг Азийзу Ҳакиймсан» (127–129-оятлар).
Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб, кўз олдимизга олиб келади.
Ота-бола пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила:
«Роббимиз! Биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг Самийъ ва Алиймсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар. Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн ал-Вард раҳматуллоҳи алайҳи ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб туриб:
«Эй Роҳманнинг халили! Роҳманнинг байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-у, яна «Қабул бўлмай қолармикан», деб қўрқяпсанми?!» деган эканлар. Улкан қалблар, Аллоҳга етишган шахслар ана шундай ҳассос бўладилар.
Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўн-гилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар:
«Роббимиз! Икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил...»
Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қилмоқдалар. Бу – ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди, бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умидидир. Шу билан бирга, улар ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар:
«...ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон бўлган уммат қил», демоқдалар.
Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда ҳарам аҳлига ризқ сўраган ота-бола пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон сўрамоқдалар.
Улар яна Аллоҳдан:
«Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар.
Биз «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз араб тилида «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида «ибодат» маъносини англатса ҳам, урфда «ҳаж ибодатлари» маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуодан «Мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат», деган маъно чиқади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти:
«Албатта, Сен Ўзинг Таввоб ва Роҳиймсан».
Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат – зурриётларига ўз ичларидан пайғамбар юборишини сўрамоқдалар.
«Роббимиз! Уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор».
Ўша Пайғамбар уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беради. Китобни, яъни Аллоҳнинг Китобини ўргатади. Ўқишни, маъноларини, унга амал қилишни ва унга тааллуқли бошқа нарсаларни ўргатади. Ҳикматни ҳам ўргатади. «Ҳикмат»нинг маъноси «ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш» демакдир. Уламоларимиз ««Ҳикмат»дан мурод Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари», деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири уларни поклаш, яъни ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У зот Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у зотда мужассамдир.
Чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади. Лекин қабул қилгувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай, шошиладилар, ноумид бўладилар, холос.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобида