Нуайм ибн Масъуд (Аллоҳ ундан рози бўлсин) хассос қалбли, заковатли, тадбирли ва доно йигит бўлган. Ҳеч қандай муаммо уни ташвишга сололмас, ҳар қандай қийинчилик қаршисида довдираб ҳам қолмас эди. Аллоҳ таоло топқирлик, уддабурролик ва соғлом фикр ато қилган чин саҳро ўғлони эди. Бироқ унинг битта камчилиги бўлган: у ўйин-кулгини ҳаддан зиёд севар, дунё лаззатларини ҳамма нарсадан афзал кўрарди. Ҳар сафар кўнгли оромбахш қўшиқ ё мафтункор мусиқа истаб қолса, у Наждни тарк этиб Ясрибга жўнар, кўнгилхушликлар учун пулини аямас эди. Нуайм мана шу сабабга кўра Ясрибга кўп келар, бу ердаги яҳудийлар билан, айниқса, бани Қурайза қавми билан ош-қатиқ бўлиб кетган эди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳақ дин билан тўғри йўлни кўрсатиш учун инсониятга юборганида ва Макканинг ҳамма бурчакларини Ислом нури билан мунаввар этганида Нуайм ибн Масъуд аввалгидай дунё лаззатларига бўлган истагини жиловлай олмай юрган кезлар эди… Нуайм одатий хурсандчилик ва лаззатлардан маҳрум қилиши мумкин бўлган янги динга қаттиқ қарши чиқди. Унинг бу кайфиятидан хабардор бўлган Ислом душманлари йигитни мусулмонларга қарши курашга чорлашди. У Абу Суфён ибн Ҳарб бошчилигидаги маккалик мушриклар ва Нажднинг Ғатафон қабиласи жангчиларига қўшилиб, мадиналик мусулмонлар устига бостириб келганлардан бири эди. Мусулмонлар эса душманни шаҳар атрофига чуқур ҳандақлар қазиб кутиб олишди. Ҳандақ тўқнашуви олдидан Нуайм тўшагида тўлғониб, ўзи билан ўзи баҳслашиб-тортишиб чиқди: «Эсингни йиғ, Нуайм, сени бу ерга олис Нажддан нима етаклаб келди? Ҳақ дин олиб келган Пайғамбар ва унинг тарафдорлари билан урушиш учун қандай баҳона топасан? Ҳеч бир сабабсиз қон тўкишнинг кимга кераги бор?» Узоқ давом этган виждон қийноғининг якуни ҳамма учун яхши бўлди. Ярим тунда Нуайм қўшинни тарк этиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келди. Уни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажабландилар: – Нуайм ибн Масъудми? – Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, – жавоб қилди Нуайм. – Ярим тунда сени бу ерга нима бошлаб келди? – сўрадилар Сарвари олам. – Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, сиз Унинг бандаси ва элчиси эканингизга, сиз олиб келган нарса эса ҳақ динлигига гувоҳлик бергани келдим, – деди Нуайм. – Исломни қабул қилдим, аммо қабиладошларим буни билишмайди. Нима истасангиз, менга буюринг… – Сен бизларга халоскор бўлдинг, одамларинг олдига қайтиб бор, агар кўндиролсанг, уларни бизга қарши урушишдан қайтар. Ахир урушда ҳийла ҳам бўлади-ку, – дедилар Фахри коинот. Шундан кейин Нуайм ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу қабиладошлари олдига қайтиб бориб, уларни ўзгалар манфаати йўлида, ҳеч бир сабабсиз уруш олиб боришдан қайтарди. Аламзада қабилаларга ҳам ҳақиқий аҳволни тушунтириб, мусулмонлар билан жанг қилишнинг бефойдалигини тушунтирди. Нуаймнинг топқирлиги ва уддабурролиги натижасида қон тўкилиши олди олинди. Душман жанг майдонини ташлаб кетишдан ўзга чора тополмади. Шундан кейин Нуайм ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин сафдошларидан бирига айланди. Сарвари олам унга катта мансаблар бердилар, энг масъулиятли вазифаларга юбордилар, қўшинларга қўмондон қилиб тайинладилар. Макка фатҳи куни Абу Суфён ибн Ҳарб мусулмонлар қўшинини кузатиб турар экан, Ғатафон қабиласи байроғини кўтариб келаётган кишини кўриб қолиб сўради: – Анави ким бўлди? – Нуайм ибн Масъуд, – деб жавоб қилишди. – У Ҳандақ жангида бизларга шунақанги катта зарар келтирган эдики! – хитоб қилди Абу Суфён. – Қасам ичиб айтаманки, у Муҳаммаднинг ашаддий душмани эди… Энди эса унинг қўшинида ўз қабиласи байроғини кўтариб кетяпти… Аллоҳ таоло тадбирли ва закий саҳобий Нуайм ибн Масъудни Ўз раҳмати билан чулғаб олсин!
Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади