Собит ибн Қайс ал-Ансорий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Хазраж қабиласининг улуғларидан, Ясрибнинг таниқли кишиси эди. Табиатан зукко, ақлли, топқир ва сўзамол киши бўлган Собит ибн Қайс ҳар қандай баҳсда, албатта, ғолиб чиқар, одамлар ҳузурида сўзласа, уларни тамоман ром қилиб қўяр эди. У Ясрибда Исломга биринчилардан бўлиб кирди. Маккалик ўсмир Мусъаб ибн Умайр Қуръони карим оятларини мафтункор ва ёқимли овозда қироат қилганида Собит тамоман лол бўлиб қолди. Аллоҳнинг Китоби унинг қалбини забт этди, ундаги ҳақ ҳукмлар моҳиятини англаб етди. Аллоҳ таоло унинг қалбини Исломга мойил қилиб қўйди, унга гўзал бир мақомни тайёрлади, яъни Ислом дини билан шарафлади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Ясрибга келганиларида Собит ибн Қайс у Зот шарафларига ажойиб қабул маросими уюштирди: ўз қабиласининг энг сара чавандозлари ва жангчилари билан қучоқ очиб кутиб олди, Пайғамбар алайҳиссалом ва ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқни Ясрибга эсон-омон келишгани билан қутлади. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тўлқинлантирувчи нутқ билан мурожаат қилди, олдин Аллоҳ таолога ҳамд айтиб улуғлади, Унинг Пайғамбарига салом ва табриклар йўллади. Собит нутқини қуйидаги сўзлар билан якунлади: – Эй Аллоҳнинг Расули, ўзларимизни, фарзандларимиз ва хотинларимизни нималардан ҳимоя қилгудек бўлсак, Сизни ҳам буларнинг ҳаммасидан ҳимоя қилишга тантанали ваъда берамиз. Бунинг эвазига бизга нима берилади? – Жаннат, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. «Жаннат» деган сўз тўпланганларнинг қулоғига етиб бориши билан барчанинг чеҳраси ёришиб кетди. Улар қувонч билан: – Бизлар розимиз, эй Аллоҳнинг Расули… Бизлар розимиз, эй Аллоҳнинг Расули, – дея хитоб қилишди. Шу кундан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом Ҳассон ибн Собитни ўз шоирлари қилиб олганларидай, Собит ибн Қайсни ўз воизлари этиб тайинладилар. Ясрибга турли араб қабилаларидан чиройли ваъз ва шеър баҳси ўтказиш учун энг яхши воизлар ва шоирлар келишганида улар ҳузурига ажойиб нотиқ Собит ибн Қайсни ва шоир Ҳассон ибн Собитни юборар эдилар.
* * * Собит ибн Қайс (Аллоҳ ундан рози бўлсин) чин эътиқодли, тақводор киши эди. У Парвардигорига катта ихлос билан ибодат қилар, қудратли Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган барча гуноҳ ишлардан четда бўлишга интилар эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Собитни қаттиқ қайғуга чўмган, қўрқув ва даҳшатдан дир-дир титраётган ҳолда учратиб қолдилар. У Зот Собитдан: – Сенга нима бўлди, Абу Муҳаммад? – деб сўрадилар. – Иймонимга путур етди, деб қўрқяпман, эй Аллоҳнинг элчиси, – жавоб берди Собит. – Нега бунақа дейсан? – Буюк Аллоҳ таоло бизларни ўзимизда бўлмаган нарсалар билан фахрланиш ва мақтанишдан қайтарган, лекин менга шундай иллат борлигини ҳис этяпман… Аллоҳ таоло бизларни кибр ва мағрурланишдан қайтарган, аммо менда ана шулар борга ўхшаяпти. Пайғамбар алайҳиссалом унга ҳар томонлама таскин-тасалли берар эканлар, бундай дедилар: – Эй Собит, наҳотки сенга мақтовга муносиб ҳаёт кечириш ёки Аллоҳ йўлида борингни фидо қилиб, жаннат эгаси бўлиш ёқмаса? Бу гапни эшитган Собитнинг юзлари ёришиб кетди ва: – Ҳа, Аллоҳнинг элчиси, менга бундай ҳаёт жудаям ёқади, мен шундай яшашни истайман, – деди. – У ҳолда сенга бу насиб этади, – дедилар Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам. * * * Бир куни Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримаси нозил бўлди: «Эй иймон келтирганлар, амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва бир-бирларингизга дағал сўз қилгандек унга баланд овозда гапирмангиз!» (Ҳужурот, 2). Бу ояти карима тушганидан кейин Собит ибн Қайс (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Расули акрамга ниҳоятда боғланиб қолганига ва у Зотга чексиз муҳаббат қўйганига қарамай, Пайғамбаримиз суҳбатларидан ўзини тортди. Кўп вақтини у уйида ўтказар, фақат жамоат намозларини адо этиш учунгина кўчага чиқар эди. Собит ибн Қайснинг жамоадан ўзини четга олаётганини сезган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: – Ким Собитнинг ҳолидан хабар олиб, унга нима бўлгани хабарини келтиради? Ансорлардан бири: – Буни мен қиламан, эй Аллоҳнинг элчиси, – деди. Пайғамбар элчиси Собитникига бориб, уни ниҳоятда ғамга ботган, бошини қуйи солган қайғули бир ҳолатда кўрди. – Сенга нима бўлди, Абу Муҳаммад? – сўради у. – Ҳаммаси тамом бўлди, – деди Собит. – Ўзи нима гап? – Менинг овозим ниҳоятда баландлигини, кўпинча Расулуллоҳ алайҳиссалом овозларидан ҳам кўтариб сўзлашимни яхши биласан… Мана, ўзинг ҳам билгандай Қуръони каримнинг ўша оятлари тушди. Демак, барча амалларим зое кетди, энди дўзахга тушсам керак. Собитникидан қайтиб келган элчи кўрган-эшитганларини Пайғамбар алайҳиссаломга гапириб берди. Шунда Расули акрам унга: – Ҳозир Собитга бориб, унга «Сен дўзахий бўлмас экансан, чунки жаннатга муносиб кўрилган экансан», деб айт, – дея буюрдилар. Бу Собитга ниҳоятда қувончли мужда бўлди ва у умр бўйи ўзига муносиб кўрилган ана шу олий мартабага эришиш йўлида ҳаракат қилди. * * * Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Фахри коинотнинг Бадрдан бошқа барча юришларида қатнашди. Бир вақтлар Аллоҳнинг элчиси башоратини берган улуғ мақомга эришиш йўлида борини фидо қилди. Ҳатто Абу Бакр Сиддиқ замонларида сохта пайғамбар Мусайлама каззобга қарши ҳаракатларда ҳам иштирок этиб, мардлик ва қаҳрамонликлар кўрсатди. У вафотидан кейин қилган васияти амалга оширилган ягона инсон сифатида тарихга кирди.
Аҳмад МУҲАММАД таржимаси