20 жумадул аввал 1446
Мисвок тутиш

 Мисвок тутиш ҳадисларда кўп ўринларда тарғиб қилинган соғлик учун фойдаси бисёр, ажри улуғ фитрат суннатларидандир.  

“Мисвок” сўзи араб тилида “سوك” ўзагидан ясалган. “Савк” сўзи турланганда “тозаламоқ”, “ишқаламоқ” маъноларини билдиради.

        Мисвок арок[1] дарахтининг шохи бўлиб, у билан тишларни тозаланади.

      Мисвок тутишда оғизнинг покизалиги ва инсон саломатлигига кўп фойда бор.

        Ислом динида оғиз ва тишларни пок тутишга катта аҳамият қаратилган. Набий (алайҳиссалом) кўплаб муборак ҳадисларида ҳар бир таҳоратда, намоз ва овқатлангандан кейин оғизни тозалашга буюрганлар. Чунки, оғиз ички аъзоларни ташқари билан боғловчи вазифасини бажаради. Бу аъзо тозалигига бепарво бўлиш нохуш ҳид пайдо бўлиши, турли касалликлар келиб чиқишига олиб келади.

        Оғиз бўшлиғи ва тиш ораларида овқат қолдиқлари мавжуд бўлиши соғлиқ учун хавф туғдирувчи бактерияларнинг авж олишига, бу эса ўз навбатида оғизнинг ҳидланиши, тишларнинг чириши, туз йиғилиб, тиш тошлари пайдо бўлиши ва ички аъзоларнинг касалланишига сабаб бўлади.  

        Тишга эътибор бермаслик туфайли қуйидаги кассалликлар келиб чиқади:

1.Тиш кариеси – тишнинг (қуртлаши) қаттиқ тўқималарини бўлиқ шаклида дефект ҳосил қилиб емирилиши.

2.Пульпит (Pulpitis) – тишни қон билан таъминлайдиган қон томирлари ва нерв толаларининг яллиғланиши.

3.Перидонтит – тиш илдизи пардаси ва унга яқин жойлашган тўқималарнинг яллиғланиши.

4.Тиш тошларининг пайдо бўлиши.

Тиш ва оғиз касалланиши туфайли бошқа аъзоларда пайдо бўладиган касалликлар:

1.  Гастрит (Gastritis) – ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши.

2.  Тишларнинг чириши ва йиринглаши туфайли кўз тўрпардалари яллиғланиши.

3.  Фарингит (Phfringitis) – ютқининг(томоқ шиллиқ қавати) яллиғланиши.

4.  Тишдаги бактериялар тиш илдизлари орқали мия билан боғлиқ бўлган гаймор бўшлиғи ва қон томирларига ўтиб, бош мия яллиғланиши, мия шиши ва бошқа мия касалликларини келтириб чиқаради. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) намозга турганларида тишлари орасида таом қолдиқлари бўлишини ёқтирмасдилар. У зот икки кузатувчи фаришта учун бундан кўра оғирроқ нарса йўқлигини айтганлар ва таомдан сўнг оғизлари ва тишлари орасини тозаловчи кишиларни мақтаб, дуо қилганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Умматимнинг таомланишда ва таҳоратда тахлил қиладиганлари мунча ҳам яхшидир” деганлар[2]. (Ҳайсамий ривояти)

Ушбу ҳадисдаги “тахлил қилиш” дегани, таҳоратда оғизни чайиш, бурунни, бармоқлар орасини ювиш, таомланишда эса оғизни тозалашдир.

Тиббиёт ривожланмаган бир пайтда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оғизни покизалиги ва тишни парваришлаш учун мисвок тутишга буюришлари бу ҳақиқий мўъжизадир. Ҳозирда бу суннатни ўрганиб кўплаб ҳикматлари аниқланмоқда.  

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тиш ва оғизни тозалашда айнан арок дарахтидан олинадиган мисвокни ишлатишга буюришлари бежиз эмас. Ундаги ҳикматлардан бири, мисвок таркибида оғиз ва тишларга фойдали бўлган тозаловчи, бактерияларни ўлдирувчи, тошларни кетказувчи ва қонашни, чиришни тўхтатувчи моддаллар мавжудлигидир.

Бу моддалар қуйидагилардан иборат:

1. Мисвок толаларида ёмон ҳидни кесувчи – хушбўйлантирувчи, кичик яраларни даволовчи, тишдаги сариқ, қора рангларни ва тошларни кетказиб ялтиратувчи моддалар бор.

2. Доктор Зофир Аттор айтади: “Арок дарахти таркибида карбонат кислотасининг натрийли тузи бор. Бу модда кўпинча тишларни муолажа қилиш учун ишлатиладиган махсус тиш пасталарига қўшилади. Буни Америка стоматология уюшмаси ҳам эътироф этган”.  

3. Доктор Салоҳиддин Ҳанафий тадқиқот ва тажрибалардан сўнг арок дарахтида олтингугурт, хлор, кальций, темир моддаси, фосфат ва шакар моддаси ва бошқа кўплаб моддалар борлигини аниқлади. Унинг таъкидлашича, қуруқ мисвокка қараганда намланган мисвок фойдалироқдир[3].

4. Германиянинг Росток университети бактериялар институти ректори доктор Рудот ғарблик сайёҳлардан бирининг араб давлатларига қилган саёҳати ҳақидаги китобни ўқиб қолади. Унда муаллиф арабларнинг йигирманчи асрда ҳам ҳамон тиш тозалаш учун дарахт чўпи (мисвок) ишлатишини қолоқлик белгиси сифатида масхараомуз тарзда ёзган эди. Доктор Рудот бу китобни ўқигач, ўйланиб қолди ва бир даста мисвокни олиб, унинг сирларини ўрганишга киришди. У айтади: “Мисвок устида тадқиқот олиб бориб, дастлаб бир бўлагини майдалаб туйдим ва уни намладим. Сўнгра нам кукунни бактериялар устига ташладим. Натижада у бактерияларга худди пенициллиндек таъсир қилди. Арабларнинг нам мисвок ишлатишида катта ҳикмат бор. Чунки, қуруқ мисвок ишлатилса, бактерияларга қарши моддалар ижобий таъсир қилмайди. Агар қуруқ ҳолатда ишлатилса ҳам сўлаклар намлаш вазифасини бажариши мумкин”[4].  

Мутахассислар мисвокни бир сутка мобайнида ишлатгандан сўнг ишлаган қисмини кесиб ташлашни ва янги қисмидан фойдаланишни тавсия қиладилар. Бунда янги қисми толаларини бироз титиб, қуруқ бўлса, намлаб ишлатилади. 

Имом Нававий мисвок қўллаш усулини шундай тушунтиради: “Мисвокни кўндалангига қўллаш керак, узунлигича қўлланса милкларнинг қонашига олиб келиши мумкин. Мисвокни тишларнинг четига ва озиқ тишларнинг устки қисмида, шунингдек, тишнинг орқа қисмида ҳам юргизиш керак. Ушбу жараённи ўнг озиқ тишлардан бошлаб, кейин ўрта тишларга, ундан кейин эса чап томондаги тишларга ўтиш керак”[5].

Мисвокни ҳар қандай эҳтиёж тушган вақтларда, овқатлангандан сўнг, хусусан, ўткир ҳидли таомларни истеъмол қилгандан кейин, узоқ сукут қилиб турганда ёки кўп гапиргандан сўнг оғиз ҳидланганда, уйқудан аввал, уйғонганда ишлатилади. Набий (алайҳиссалом) Қуръон ўқиётганда, таҳоратда ва намозга киришиш олдидан мисвок тутишга алоҳида тарғиб қилганлар.

Ҳадисда айтилади: “Агар умматимга машаққат бўлмаганда эди, уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрардим”[6]. Имом Бухорий ривояти.

        Айниқса, жамоат намозига ҳозир бўлишдан аввал оғизни мисвок ёки бирор тиш тозалагич билан тозалаб, энг яхши либосларини кийиб ҳозир бўлиш керак.

        Шунингдек, киши оила-аҳли олдига киришда, улар билан мулоқот қилишда ҳам оғизни тозалаши керак

عن المقدام بن شريح عن أبيه عن عائشة: أن النبي الله صلى الله عليه و سلم: "كان إذا دخل بيته بدأ

بالسواك". رواه مسلم.  

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирсалар (ишни) мисвок қилиш билан бошлар эдилар” [7]. Имом Муслим ривояти.

        Кечаси уйқуга ётиш олдидан ва уйғонгандан сўнг мисвок тутиш буюрилишининг сабаби, оғизга, хусусан, тишлар орасига кириб қолган овқат қолдиқлари ачийди. Натижада, бактериялар кўпайиб, тунда ҳаракатсизлик туфайли тўпланган сўлаклар тишлар орасига чўкади.

        Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турибоқ мисвок ишлатганлар.

Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси уйғонсалар мисвок билан тишларини тозалардилар”[8]. Имом Муслим ривояти. У зотдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: “Кечаси уйғонсак, оғизларимизни мисвок билан тозалашга буюрилганмиз”[9] дейилади. (Насоий ривояти).   

Мисвокнинг бошқа тиш тозалаш воситларидан устунлиги - унинг таркибида фақат табиий, дизенфекцияловчи фойдали моддалар мавжудлигидадир.

Иорданиялик тадқиқотчи олим доктор Абдулҳамид Қузоҳ Покистоннинг Карачи университетида бактерияларни ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб борган. У тадқиқотлар жараёнида мисвокнинг оғизда пайдо бўладиган турли касалликларга сабаб бўлувчи беш хилдан ортиқ бактерияларни йўқ қила олишини аниқлаган.

Германиядаги бактерияларни ўрганиш институти ректори Рудот мисвок таркибида бактерияларга қарши пенциллинга ўхшаш модда борлигини кашф қилган.

Риёз университети тадқиқотчилари мисвок таркибида хушбўйлантирувчи ва антибактериал моддаларнинг мавжудлигини қайд этганлар.

Мисвокдаги витамин С милк қонашини олдини олади.

Мисвокнинг тиш пастасидан устунлик жиҳатларидан бири – уни доимо ҳамёнда олиб юриш ва ҳар қандай вақтда ишлатиш мумкин. Уни ишлатиш учун сув бўлиши шарт эмас. Чунки, сўлак сув вазифасини бажаради.

Мисвокнинг ўзига хос таъми сўлак ажралиб чиқишини яхшилайди.

Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан оғиз ва тишларни муҳофаза қилиш борасида мисвокнинг фойдали жиҳатларини қайдлаб, 1400 йил аввал жорий қилинган мазкур суннат амалнинг ҳикматларини эътироф этилган.

Демак, мисвок ишлатишдаги ҳикматлардан бири бу - оғиз ва тишларни тозалаб хушбўйлантириш, турли бактерияларни йўқ қилиб, касалликларни бартараф этишдир. Шунингдек, тамаки ва нос чекишга мубтало бўлган кишиларнинг мазкур иллатлардан осон қутулишида мисвок катта ёрдам беради.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида бўлмаган, аммо, мисвок каби тиббиётда саломатликка ва тозаликка фойдали экани эътироф этилган бошқа воситаларни қўллаш билан ҳам мазкур вазифа бажарилган ҳисобланади[10]. Лекин энг муҳими ажр-савобга эришишда бирор восита мисвокка тенг келолмайди.

 

 

Тошкент ислом университети магистранти

 Дадамирзаев Муҳаммад Зариф тайёрлади.

 

 

[1] Арок дарахти Синай ярим ороли, Судан, Шарқий Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Яман ва Африкада ўсади.

 

[2] Ҳайсамий. Мажмаъуз завоид. Китобут таҳорат. 1/135.

[3] Саййид Муҳаммад Абдуннабий. Ассиҳатул баданияту лил инсан байна таъалимил ислам ва тавжиҳати муназзамиттис сиҳҳатил оламияти. – Қоҳира.: Дарус салом, 2013. -Б 81.

[4] Абу Усома Муҳйиддин. Ас-сивак байнат тибби ваш шариъа. Мактабатул хидматил ҳадисия. – Жидда.: 1994. -Б 23.

[5] Мисвак. Нашрга тайёрловчи таржимон Қ. Исмоилов. – Т.: Адабиёт учқунлари, 2015. -Б 21.

[6] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут.: Дару ибн Касир. Китабут таманний. 6/2645. 2813-ҳадис.

[7] Муҳаммад ибн Исо Абу Исо ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёит туросил арабий. - Байрут.:

 Китобут таҳорат. 1/220. 253-ҳадис

[8] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ибн Муррий ан-Нававий. Шарҳун Нававий аъла саҳиҳи Муслим. Дару иҳяит туросил арабий. – Байрут.: ҳиж. 1410. 3/135

[9] Имом Насоий. Сунан Насоий. 3/212. 1623-ҳадис.

[10] Саййид Муҳаммад Абдуннабий. Ассиҳатул баданияту лил инсан байна таъалимил ислам ва тавжиҳати муназзамиттис сиҳҳатил оламияти. – Қоҳира.: Дарус салом, 2013. -Б 86.

04:03 / 27.06.2020
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...