Қуръони Карим оятлари ва суннати набавиядаги саҳиҳ хабарларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп сифатлари собит бўлган. Ўша сифатлар у зотнинг таълимлари, вазифалари ҳамда бутун башариятни қамраб олувчи рисолатларининг мазмун-моҳиятини ўзида ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен раҳмат пайғамбариман»[1], деганлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло у зотни таърифлаб: «Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик»[2], дейди.
У зот роҳат пайғамбари эдилар, чунки у зот келтирган дин уммат ва бутун инсониятни машаққатдан қутулиб, роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришлари учун керакли йўлланма ва кўрсатмаларни ўз ичига олган.
У зот хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи эдилар. Итоат қилувчи, эзгу амаллар сари шошилувчи мўминларга савоб ва жаннат хушхабарини берадилар. Аксинча, осий ва бўйин товловчиларни дўзах азобидан огоҳлантирадилар.
У зот ортдан келувчи эдилар. Барча пайғамбарларнинг охиргиси ва уларнинг йўлидан юрувчи эдилар.
У зот комил ва жамловчи эдилар. Кўп яхшиликларни жамловчи ва фазилатлари комил зот эдилар. Наққош келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Менинг Қуръонда Муҳаммад, Аҳмад, Ёсин, Тоҳа, Муддассир, Муззаммил ва Абдуллоҳ деган ўнта исмим зикр қилинган»[3], деганлар.
Имом Муслим келтирган ривоятда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «У зот ўзларини бир қанча номлар билан атаб, мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Сўнггиман[4], Жамловчиман[5], тавба пайғамбариман, жидду жаҳд пайғамбариман, раҳмат пайғамбариман», дердилар».
Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқорида келганидан ташқари Қуръони Каримда бир қанча сифатлари ҳам баён қилинган. Нур, нур сочувчи чироқ, огоҳлантирувчи, хушхабар берувчи, гувоҳлик берувчи, ҳаққул мубин[6], набийларнинг охиргиси, рауф – раҳмдил, раҳим – раҳмли, амин – ишончли, оламларга раҳмат, Аллоҳнинг неъмати, мустаҳкам тутқич, тўғри йўл, ёруғ юлдуз, карим, уммий пайғамбар[7], Аллоҳнинг чақирувчиси ёки Аллоҳга даъват қилувчи ва бошқалар шулар жумласидандир.
Ислом уммати ҳам Пайғамбарини турли ном ва сифатлар билан атайди. Буларга мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин: Мустафо – танлаб олинган, Мужтабо – саралаб олинган, Абул Қосим – Қосимнинг отаси, Ҳабиб – яхши кўрилган, оламлар Роббининг расули, шафоат қилувчи, шафоати қабул қилинувчи, Муттақий – тақводор, Муслиҳ – ислоҳ қилувчи, Тоҳир – пок, Муҳаймин – кузатиб турувчи, Содиқ – ростгўй, Масдуқ – тасдиқланган, Ҳодий – ҳидоят йўлини кўрсатувчи, Одам болаларининг саййиди, расуллар саййиди, тақводорлар имоми, Раҳмоннинг энг яқин дўсти, Ҳавз соҳиби, шафоат соҳиби, мақоми маҳмуд соҳиби, васила, фазилат ва олий даража соҳиби, тож соҳиби[8], Меърож соҳиби, Байроқ соҳиби, Буроқ минувчиси, ҳужжат соҳиби, муҳр соҳиби[9], аломат соҳиби[10], далил эгаси[11], ҳасса соҳиби[12] ва бошқалар.
Таврот ва бошқа муқаддас китобларда у зот Таваккул қилувчи[13], Мухтор – танланган, суннатни қоим қилувчи, Муқаддас – нуқсондан пок, Руҳул қудус,[14] Руҳул Ҳақ[15] деб аталган. Инжилда халоскор ва ҳақ билан ботилни ажратувчи маъносидаги «Барақлит» сўзи билан номланганлар. У зотнинг машҳур кунялари Абул Қосим эди[16].
Имом Аҳмад ва Байҳақий келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссаломнинг Иброҳим ўғиллари туғилганда Жаброил келиб: «Сенга саломатлик тилайман, эй Абу Иброҳим», деди».
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Машҳурлиги учун шуларни санаб ўтиш билан кифояланилган. Набий, Расул, Хотам ва бошқа номлар билан ҳам Қуръони Каримда зикр қилинганлар.
[4] Энг охирги пайғамбар.
[5] Ҳаммадан олдин у зот қайта тирилтириладилар. Қолган инсонлар у зотдан кейин Маҳшар майдонида тўпланадилар.
[6] Очиқ-ойдин ҳақиқат.
[7] Саводсизлик ҳамма учун айб бўлса, Расулуллоҳ учун фахрдир, чунки шундай бўлсагина илмни у зотга фақат Аллоҳ таоло бергани аён бўлади.
[8] Жаннатда бошқалардан ажралиб туришлари учун у зотга махсус тож кийгизилади.
[9] Нубувват муҳри назарда тутилган.
[10] Ҳақ пайғамбар эканликларига далолат қиладиган аломатлар эгаси.
[11] Ҳақ пайғамбар эканликларига далолат қиладиган очиқ-ойдин далиллар эгаси.
[12] Кўпинча ўзлари билан бирга ҳасса олиб юрганликлари учун шундай аталган.
[13] Фақат Аллоҳга суянувчи.
[14] Руҳлар ҳаёти бўлган динни келтирганликлари учун шу ном билан аталган.
[15] Ҳақиқат ва адолатни тирилтирганликлари учун шу ном билан аталганлар..
[16] Абул Қосим – Қосимнинг отаси.