Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан яна бири дуолари ва қўлларини теккизишлари баракотидан сувнинг отилиб чиқишидир. Бу хусусда ҳам жуда кўп саҳиҳ ривоятлар собит бўлган. Шулардан айримларини келтириб ўтамиз.
Имом Молик «Муватто» номли асарида Табук ғазоти ҳақидаги ривоятда Муоз ибн Жабалдан шундай келтиради: «Улар (саҳобалардан иборат аскарлар) бир булоқ олдига келишди. Унда бамисоли оёқ кийимнинг ипидек жуда кам сув оқар эди. Ҳовучлари билан озроқ сув тўплашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзлари ва қўлларини ювдилар. Кейин қайтариб яна булоққа тўкдилар. У бирдан кўпайиб, оқа бошлади. Одамларга етиб ортди»[1].
Ибн Исҳоқ келтирган ривоятда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: «Сув шариллаб оқа бошлади. У зот менга: «Эй Муоз, агар сенга узоқ умр насиб этса, кўп ўтмай мана шу жойлар сердарахт боғларга айланганини кўрасан», дедилар».
Имом Бухорий Баро розияллоҳу анҳудан, имом Муслим Салама ибн Акваъдан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Ҳудайбия кунида бир минг тўрт юз аскар бор эди. Қудуқдаги сув элликта қўйни суғоришга ҳам етмас эди. Ундаги бор сувни бир томчисини ҳам қолдирмасдан чиқариб олдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг лабига келиб ўтирдилар. Сувидан бир челак келтирилди. Нафас уриб, дуо қилдилар. Қудуқнинг суви қайнаб чиқиб, бирдан кўпая бошлади. Одамлар чанқоқларини қондиришди. Уловларини ҳам суғоришди».
Имом Байҳақий келтирган ривоятда Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Сафарлардан бирида одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ташналикдан шикоят қилишди. У зот сув идиши олиб келишни буюрдилар. Уни қўлтиқлари билан беллари орасига қўйиб, оғизларига яқинлаштирдилар. Дам солдиларми ёки йўқми, билмайман. Одамлар сувга қонишди. Ўзлари билан олиб юрган ҳамма идишларини тўлдиришди. Менинг назаримда идиш билан унинг суви у зот мендан қандай олган бўлсалар, худди шундай (камаймаган ҳолда) тургандек эди. Улар етмиш икки нафар эдилар». Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг ривоятида: «Қавм уч юз чоғли эди», дейилган.
Имом Бухорий ва Муслим Имрон ибн Ҳусойндан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Сафарларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоблари қаттиқ чанқашди. У зот асҳобларидан икки кишини юбориб, номини айтиб фалон жойда бир аёлга дуч келишларини, унинг икки меш сув ортилган туяси борлигини билдирдилар. Улар ҳалиги аёлни топиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келишди. У зот унинг икки мешидаги сувдан озроқ олиб, Аллоҳ хоҳлаганча (ҳамду сано, дуо) ўқиб, сувни иккита мешга қайтариб солдилар. Кейин уларнинг оғзини очишди. Одамларга идишларини тўлдириб олишни буюрдилар. Ҳатто сув тўлдирилмаган идишлари қолмади. Менга мешлардаги сув камайиш ўрнига кўпаяётгандек туюлар эди. Сўнгра Набий алайҳиссалом кўрсатма бердилар. Аёлга кийими тўладиган даражада озиқ-овқат, егулик тўпланди. У зот унга: «Боравер, биз сенинг молингдан ҳеч нарса олганимиз йўқ. Лекин Аллоҳ бизни сероб қилди», дедилар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракотларидан Аллоҳ таоло сувни кўпайтириб қўйди.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Табук ғазоти эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат суви борми?» дедилар. Бир киши озгина суви бор идишни кўтариб келди. У зот уни қадаҳга бўшатдилар. Ҳаммамиз кўп-кўп қуйиб таҳорат олдик. Биз бир минг тўрт юз нафар эдик».
Ибн Хузайма, Байҳақий, Баззор келтирган ривоятда Умар розияллоҳу анҳу Табук жангида аскарларга етган машаққат ва ташналикни шундай ҳикоя қилади: «Одамлар туясини сўйиб, унинг қорни ва ичак-чавоқларидаги ҳўлликни сиқиб ичишга мажбур бўлишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуо қилишларидан умидвор бўлиб юзландилар. У зот қўлларини дуога кўтариб, то ёмғир ёғмагунча туширмадилар. Ёмғир шаррос қуйди. Одамлар ҳамма идишларини тўлдириб олишди. Ёмғир аскарлардан нарига ўтмади».
Бу ҳақдаги ривоятларни келтираверсак, жуда кўп, чунки ёмғир сўраб дуо қилганларида дуоларининг тезда ижобат бўлиши ва шунга ўхшаш ҳолатларни бу бобга киритиш мумкин эди. Лекин биз уларга бирма-бир тўхталмадик.
«Шамоилу мустафо» китобидан