30 рабиъус сони 1446
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидан таомнинг кўпайиши

Дуолари баракотидан таом миқдорининг кўпайиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мўъжизалардан саналади. Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ривоятлар бор. Шулардан айримлари билан танишиб чиқамиз.

Имом Муслим келтирган ривоятда Жобир розияллоҳу айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан таом сўраб келди. Унга ярим васақ[1] арпа бердилар. Ўша одамнинг ўзи, хотини ва меҳмонлари қанча есалар ҳам ҳалиги арпа тугамади. Охири ўлчашди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани хабар берди. У зот: «Агар ўлчамаганингда ҳаммаларингиз еяверардингизлар, тугамас эди»[2], дедилар.

Бу ҳадис барака кўпроқ номаълум ва ноаниқ нарсаларда бўлишига ишора қилади, чунки ўлчанса, миқдорга суяниб қолинади. Натижада таваккулга футур етади. Аллоҳга суяниш мукаммал бўлмаса, барака ҳам йўқолади.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас розияллоҳу анҳу қўлтиғига қисиб келган озгина арпа нондан саксон кишини таомлантирганлари, нонни синдириб, Аллоҳ нимани хоҳлаган бўлса, шуни (ҳамду сано, дуо ва Аллоҳнинг исмларини) айтганлари баён қилинган.

Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хандақ кунида ярим соъ арпа ва битта улоқ гўштини минг кишига етказганлари айтилган. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, ҳамма тўйиб егандан кейин ҳам қозонимиз аввалги ҳолидек қайнаб турарди. Нон ясаб, ёпиларди, лекин хамир сира камаймас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамир ва қозонга дам уриб, барака сўраб дуо қилган эдилар.

Имом Байҳақий ва Табароний ривоят қилади. Абу Айюб Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етгулик таом тайёрлаган эди. Расулуллоҳ у кишига: «Ансорларнинг шарафлиларидан ўттизини чақир», дедилар. Чақирди. Улар тўйиб ейишди. Таом ортиб қолди. У зот: «Олтмишини чақир», дедилар. Худди шундай бўлди. Сўнг: «Етмишини чақир», дедилар. Улар тановул қилгандан кейин ҳам таом тугамади. Келганлар орасида тарқалаётганда Исломни қабул қилмагани ва байъат бермагани қолмади. Абу Айюб розияллоҳу анҳу: «Таомимдан бир юз саксон киши тановул қилди», деган.

Имом Термизий, Байҳақий ва Насоий келтирган ривоятда Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир товоқда гўшт олиб келинди. Саҳобалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, навбатма-навбат эрталабдан кечгача ундан тановул қилишди. Бир қавм турса, ўрнига бошқаси келиб ўтирар эди».

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Абдурраҳмон ибн Абу Бакр айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга уч юз ўттиз киши эдик. Бир соъ[3] таом аралаштирилиб, битта қўй пиширилди. Қўйнинг жигари қовурилди. Аллоҳга қасамки, уч юз ўттиз одамдан ҳар бирига бир бурдадан берилди. Сўнгра Набий алайҳиссалом пишган қўй гўштини иккита катта идишга тақсимладилар. Ҳаммамиз едик. Икки идишда ортиб қолди. Уни туямга юклаб олдим».

Имом Бухорий Салама ибн Акваъ ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан, Абу Яъло ҳазрати Умардан ривоят қилади. Уч саҳобий айтадилар: «Ғазотларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга бўлганлар қаттиқ оч қолишди. У зот қолган-қутган егуликларни олиб келишни буюрдилар. Одамлар бир ҳовуч ёки ундан камроқ таом олиб келар эди. Энг кўп олиб келгани бир соъ хурмо бўлди. Ҳаммасини тери тўшанчига йиғдилар. Салама розияллоҳу анҳу айтади: «Тахминимча, йиғилган нарса эчкининг ётган пайтдаги жуссасича чиқадиган уюм бўлди».. Сўнгра одамлардан идишларини олиб келишни сўрадилар. Қўшинда таомга тўлмаган битта ҳам идиш қолмади. Уюм эса аввалгидек ёки ундан кўпроқ ҳолатда турарди. Бутун ер аҳли келганда ҳам етар эди».

Ибн Абу Шайба ва Табароний келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга аҳли суффани чақириб келишни буюрдилар. Мен уларни қидириб топиб, йиғдим. Олдимизга лаган қўйилди. Хоҳлаганимизча едик. Қорнимизни тўйдирдик. Ваҳоланки, қўйилганда қандай бўлса, шундай турган, фақат унда бармоқ излари қолган эди».

Имом Байҳақий келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдулмуттолибнинг болаларини йиғдилар. Улар қирқ нафар эди. Улар орасида бир яшардан ошган қўйни бир ўтиришда бир ўзи еб, бир фарақ[4] ичимликни ичиб қўядиганлари бор эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом улар учун бор-йўғи бир муд[5] таом тайёрладилар. Ҳаммалари еб, тўйгандан кейин ҳам таом аввалги ҳолида турарди. Кейин катта ёғоч қадаҳда[6] сут чақиртирдилар. Ҳамма тўйиб ичгандан кейин ҳам у худди ичилмагандек камаймаган эди».

Имом Муслим ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинт Жаҳш билан турмуш қурганда Анас розияллоҳу анҳуга номлари айтилган одамларни ва йўлида кимни учратса, уларни ҳам зиёфатга таклиф қилишни буюрганларида уй билан ҳужра тўлгани, озгина овқат ёки сут етмиш, бошқа ривоятда уч юз кишига етгани, идишдагиси камаймагани зикр қилинган.

Дуолари баракотидан рўй берган мазкур воқеалар Аллоҳ таоло томонидан у зотга берилган мўъжизалардан эди.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Бир васақ –130 кг. 

[2] Ҳаммангизга бутун умрингиз давомида етарди.

[3] Ироқники – 4288 гр., Ҳижозники – 2600 гр.

[4] 7800 гр.

[5] Ўртача одамнинг ҳовучи тўладиган миқдор ёки 650 гр. 

[6] Ичига уч-тўрт кишига етарли нарса сиғадиган идиш.

 

23:28 / 15.02.2018
Аввалги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...