Барча инсонлар ва жинлар зиммасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан катта вазифа ва бурчлар юкланган. Улар – у зотни тасдиқлаш, эргашиш, итоат этиш, муҳаббат қилиш, насиҳатларини қабул қилиш, улуғлаш, салавот ва салом йўллаш ва қабрларини зиёрат қилишдан иборатдир. Буларнинг бошида у зотга иймон келтириш туради. У зотнинг ҳақ пайғамбарликларига ишонган ҳолда рисолатларини тасдиқлаш фарздир. Бу дегани қалб билан қатъий ишониб, тил билан иқрор бўлиш демакдир. Ҳар бир мўмин дилида заррача шубҳа қолдирмаган ҳолатда тили билан «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» деб гувоҳлик бериши шарт. Шу икки шарт жамланмаса, иймон дуруст бўлмайди. Тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқламаган киши мунофиқ бўлади, чунки Аллоҳ таоло: «Мунофиқлар ҳузурингга келиб: «Гувоҳлик берамизки, сен албатта Аллоҳнинг расулидирсан», дейдилар. Сен Унинг расули эканингни Аллоҳ албатта билади ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига гувоҳлик беради»[1], деган.
Яъни уларнинг бу даъволари ёлғонлигини Аллоҳ билади, чунки улар чин қалбдан ишонмадилар. Сени ҳақ пайғамбар деб билмадилар. Уларнинг диллари тилларига тўғри келмайди. Лекин тилда юзаки айтилган гап уларга фойда бермайди. Улар дунёда мўмин бўлмадилар, охиратда ҳам уларга мўминлик ҳукми берилмайди ва мўминлар қаторида бўлмайдилар, чунки уларда иймон йўқ. Улар кофирлар қаторига қўшиладилар. Уларга дўзахнинг энг чуқур жойидан жой ҳозирланган. Бироқ бу дунёда тилларида иймон калимасини айтганлари учун уларга мусулмонлик ҳукми берилади. Мусулмонлик белгиси кўриниб тургани учун ҳокимлар ва қозилар зоҳирларига қараб ҳукм чиқарадилар. Биринчидан, қалблардаги сирларни билиш имкони йўқ. Иккинчидан, ҳеч кимга бировнинг ичини билиш вазифаси юкланмаган. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорасиз қолганидан иймон келтирган инсонни ўлдириб қўйган Усома ибн Зайдга: «Исломга кирганидан кейин ҳам ўлдирдингми?» деганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «У мажбур бўлганидан иймон келтирди», деганида Пайғамбар алайҳиссалом: «Қалбини ёриб кўрдингми?» дея марҳамат қилганлар. Демак, одамларнинг қалбларида нима борлиги ҳақида қарор чиқариш тўғри эмас. Бу ҳолат Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.
Тилдаги сўз билан қалбдаги эътиқод «Жаброил алайҳиссалом ҳадиси»да очиқ баён қилинган. Ўша ҳадисда зоҳирий гувоҳлик исломдан, қалбдан тасдиқлаш иймондан деб ҳисобланган ва унга эътиқоднинг илдизи сифатида қаралган.
Бундан ташқари, ислом билан иймон ўртасида бир-бирига ўхшаш бошқа икки ҳолат ҳам бор. Биринчи ҳолат: бир киши қалби билан тасдиқлаганини тили билан талаффуз қилишга улгурмай вафот этса, бунинг ҳукми қандай бўлади? Бу масалада ихтилоф бор. Тўғрироғи, бундай инсонни нажот топувчи, жаннатга сазовор мўмин деб эътибор қилинади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қалбида зарра мисқол иймони бор кимса дўзахдан чиқади»[2], деган сўзлари далил бўлади.
Иккинчи ҳолат: бир киши қалби билан тасдиқласа, аммо узоқ кутиш натижасида умрида бир марта бўлса ҳам шаҳодат калимасини айтмай вафот этса, бунинг ҳукми қандай бўлади? Бу масалада саҳиҳ қавл шуки, қалбидаги эътиқодига гувоҳлик бериш орқали тили билан иқрор бўлмагани учун у мўмин дейилмайди, чунки гувоҳлик бериш – шартлашиш ва Ислом аҳкомларини қабул қилиш ва бажаришни зиммага олиш демакдир. Бу қалбнинг жазм билан ишонишига боғлиқ. Қанчадир вақт кутиш ва бепарволикка йўл қўйиш билан тасдиқ мукаммал бўлмайди. Етарли муддатда баён қилиш имкони бўла туриб қалбдаги қасдга тилдаги иқрор мувофиқ келмагани учун бундай киши мўмин бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришнинг фарз эканлигига далиллар кўп. Шулардан айримларини санаб ўтамиз. Аллоҳ таоло Фатҳ сурасининг 8–9-оятларида: «Ҳақиқатан, Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборгандирмиз. Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтиришингиз учун...», деган. Аъроф сурасининг 158-оятида: «Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирингиз!» дейилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш шарт. Аллоҳ таоло Фатҳ сурасининг 13-оятида: «Кимки Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирмаган бўлса, албатта Биз кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз», деган.
Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш у зотнинг ҳақ пайғамбар эканликларини, Аллоҳнинг рисолатини олиб келганликларини, у зот келтирган ва айтганларнинг барчасини тасдиқлаш билан бўлади. Албатта, қалб тасдиғига тил гувоҳлиги мувофиқ келиши шарт. Шу икки шарт жамлансагина иймон тўлиқ бўлади.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом: «Исломдан хабар бергин», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик беришинг...», дея ислом арконларини зикр қилганлар. Иймон ҳақидаги саволга: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши ва ёмонлик тақдирдан эканига...», дея жавоб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон дил билан эътиқод қилишга, ислом тил билан айтишга муҳтожлигини қайд қилдилар.
«Шамоилу мустафо» китобидан