Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига итоат этиш, келтирган шариатларига эргашиш зарур бўлади, чунки иймон келтириш ва тасдиқлаш шарт бўлгач, итоат этиш ҳам шарт бўлади. Итоат этиш деганда у зот келтирган диний кўрсатмаларга бўйсуниш назарда тутилади. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулига итоат этингиз!»[1], Оли Имрон сурасининг 132-оятида: «Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг, шояд шунда сизларга раҳм қилинса», Нур сурасининг 54-оятида эса: «Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топарсиз», Нисо сурасининг 80-оятида: «Ким Расулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди», деган.
Ҳашр сурасининг 7-оятида: «Расул сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир», дейилган.
Нисо сурасининг 64-оятида: «Қайси пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни билан унга итоат қилиниши учун (юборганмиз)», дейилган.
Мазкур оятларда Аллоҳ таоло расулига итоат қилишни Ўзига итоат этиш билан бир қаторга қўйди ва бунинг учун буюк ажру савоблар ваъда қилди. Расулига қарши чиққанларни қаттиқ жазодан огоҳлантирди. У зотнинг амрларига итоат этиш ва қайтарганларидан қайтишни вожиб қилди.
Уламолар: «Расулуллоҳга итоат этиш у зотнинг суннатларини лозим тутиш, нимани келтирган бўлсалар, барчасига бўйсуниш билан амалга ошади. Аллоҳ таоло қайси пайғамбарни юборган бўлса, умматларига итоатни фарз қилган. Кимда-ким пайғамбарининг суннатига итоат қилса, албатта бундай кишилар Аллоҳнинг фарзларига итоат қилади», деганлар.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳдан Ислом динининг барча аҳкомлари ҳақида сўрашганда: «Уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг «Расул сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтараган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз!» оятида жам бўлган», деган эканлар.
Абу Лайс Самарқандий Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этиш маъносидаги оятни «Аллоҳнинг фарзларига, Расулуллоҳнинг суннатларига итоат этингиз» дея тафсир қилган.
Айримлар: «Ҳаром қилган нарсалардан четланиш билан Аллоҳга итоат этиш, кўрсатмаларга амал қилиш билан Расулуллоҳга итоат этиш бўлади», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишнинг зарурлиги суннати набавияда ҳам таъкидланган.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга итоат қилмаса, Аллоҳга итоат қилмабди. Ким менинг амиримга[2] итоат қилса, менга итоат қилибди, ким менинг амиримга итоат қилмаса, менга итоат қилмабди», дедилар.
Дўзахга тушган иймонсизлар пушаймонлик фойда бермайдиган пайтда шундай нола қилар экан: «Юзлари оловда айлантириладиган кунда, улар: «Кошки эди, Аллоҳга итоат этганимизда, Расулга итоат этганимизда», дейдилар»[3].
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизларни бир нарсадан қайтарсам, қайтинглар. Сизларга бир ишни буюрсам, кучингиз етганча бажаринглар», деганлар.
Имом Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бош тортувчидан ташқари умматимнинг ҳар бири жаннатга киради», дедилар. Улар (саҳобалар): «Ё Аллоҳнинг расули, бош тортувчи ким?» дедилар. У зот: «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, менга итоат этмаган кимса бош тортувчидир», дедилар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мен билан Аллоҳ таоло мени юборган нарсанинг мисоли бир қавм олдига бориб: «Эй қавм! Мен (устингизга) қўшин(бостириб келаётгани)ни ўз кўзим билан кўрдим. Шубҳасиз, мен сизларни холис[4] огоҳлантирувчиман. Ҳимояланинглар!» деганга ўхшайди. Қавмидан бир тоифа унга итоат этиб, тун охири бўлишига қарамасдан йўлга отланди. Хотиржамлик билан юрдилар ва нажот топдилар. Бошқа бир тоифа ёлғончига чиқарди ва жойларидан жилмадилар. Тонгда улар устига қўшин ҳужум қилиб, битта қолдирмай ҳаммасини қириб ташлади. Мана шу менга итоат қилиб, келтирганларимга эргашганлар ва итоат қилмасдан мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарганларнинг мисолидир».
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ ва расулига итоат этганларга охиратда нажот; итоат этмай, қарши чиққанларга азоб ва ҳалокат борлиги баён қилинган. Шу ўринда ҳадиси шарифда келган «итоат этмаслик» сўзи ёлғонга чиқариш, ишонмаслик натижасида ҳосил бўладиган саркашлик маъносида эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менинг мисолим бир ҳовли қуриб, унда зиёфат уюштирган ва чақириш учун жарчи юборган кишига ўхшайди. Ким жарчининг чорловини қабул қилса, ҳовлига киради ва зиёфатдан ейди. Ким жарчининг чорловини қабул қилмаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан емайди. Ҳовли – бу жаннат. Жарчи – бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким Муҳаммадга итоат қилмаса, Аллоҳга итоат қилмабди. Муҳаммад одамлар орасидаги фарқловчидир». Яъни иймонлилар билан иймонсизлар ораси у зотни тасдиқлаш ёки ёлғонга чиқаришларига қараб ажратилади.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Анфол сураси, 20-оят.
[2] Ҳар бир иш худди Расулуллоҳ айтганларидек ёки кўрсатиб берганларидек амалга оширилса, итоат тўлиқ бўлади.
[3] Аҳзоб сураси, 66-оят.
[4] Манфаат кўзламайдиган, алдамайдган, фирибгарлик қилмайдиган огоҳлантирувчи.