Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга илоҳий ваҳийни таълим бердилар. Илоҳий ваҳий таълими кенг қамровли бўлиб, у ақида, ахлоқ, турмуш тарзига оид масалалар ва турли ҳаётий тартиб-қоидаларини ўз ичига олган эди. Шулар қаторида мўмин-мусулмонларга муомала одоби, мурожаат услуби ҳам ўргатилди. Натижада саҳобалар сўзлашиш одоби, эҳтиром кўрсатиш борасида намунага айландилар. Гўзал муносабат уларнинг табиатларига сингиб кетди.
Имом Муслим келтирган ривоятда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: «Мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра севимлироқ бирор киши йўқ. Ҳеч ким кўзимга у зотдан улуғроқ бўлиб кўринмаган. У зотга эҳтиромим туфайли ҳеч вақт тикилиб қарай олмаганман. Агар мендан у зотни сифатлаб беришни сўрасалар, сифатлаб бера олмайман, чунки мен у зотга бошдан-оёқ тикилиб назар солмаганман», дейди.
Имом Термизий ва Ҳоким келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлардан иборат асҳоблари олдига чиқиб келар эдилар. Улар орасида Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳам бўлар эди. Абу Бакр ва Умардан бошқа бирор киши у зотга тикилиб қарамас эди. Иккиси у зотга назар солар, у зот ҳам иккисига назар солар, иккиси у зотга табассум қилар, у зот ҳам иккисига табассум қилар эдилар».
Усома ибн Шарийк розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда асҳоблари атрофларида худди бошларига қуш қўнгандек (қимирламай) ўтирар эдилар».
Мазкур ривоятни имом Термизий Ҳинд ибн Абу Ҳоладан келтирган қуйидаги ривоят қувватлайди: «У зот гапирганларида суҳбатдошлари бошларида қуш бордек ўтирар эдилар».
Қурайшликлар Ҳудайбия сулҳи масаласи бўйича Урва ибн Масъудни элчи қилиб юбордилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни саҳобалар қандай эъзозлашини ўз кўзи билан кўрди. У зот таҳорат қилсалар, таҳоратдан қолган сувни талашар эдилар. Соч олдирсалар, бир дона соч толаларини ерга туширмай олишга шошар эдилар. У зот бир нимани амр қилсалар, зудлик билан бажаришар, гапирсалар, жим бўлишар, улуғлаганлари учун тикилиб қарамас эдилар. Урва Қурайшга қайтгач: «Эй қурайшликлар жамоаси! Мен Кисронинг[1] салтанатида, Қайсарнинг[2] салтанатида, Нажошийнинг[3] салтанатида бўлдим. Аллоҳга қасамки, лекин бирор подшоҳни ўз қавми орасида Муҳаммаднинг асҳобларичалик иззат-икром қилишларини кўрмадим»[4], деди. Бошқа ривоятда: «Бирор подшоҳнинг асҳоблари Муҳаммадни саҳобалари улуғлаганчалик улуғлаганини кўрмадим. Зинҳор уни ташлаб қўймайдиган қавмни кўрдим», дейилган.
Имом Муслим келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Сартарош Расулуллоҳнинг сочларини олаётганда асҳоблари у зотни ўраб олганини кўрдим. Улар битта соч толаси ҳам кимнингдир қўлидан бошқа жойга тушишини истамас эдилар».
Қурайшликлар Усмон розияллоҳу анҳуга Каъбани тавоф қилишга изн беришганда: «То Расулуллоҳ уни тавоф қилмагунларича тавоф қилмайман», деди.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари бир аъробийга: «У зотдан «Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ кишилар бордир»[5] оятидаги «аҳдига содиқ кишилар» кимлар эканини сўра», дедилар. Саҳобалар у зотни жуда эҳтиром қилар, ҳайбатларидан сўрашга журъат қила олмас эдилар. Аъробий сўраганда жавоб бермадилар. Шу пайт тўсатдан Талҳа пайдо бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳдига содиқ кишилардан бири манави», дедилар».
Расулуллоҳ алайҳиссалом шу зайл тириклигида жаннат хушхабари берилган буюк саҳобий Талҳа розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлишларига ишора қилдилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳижрий ўттиз олтинчи йили Жамал воқеасида шаҳид бўлди. Басра қабристонларидан бирига дафн қилинган.
Имом Ҳоким ва Байҳақий келтирган ривоятда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳнинг асҳоблари у зотнинг эшикларини тирноқлари билан тақиллатар эдилар»[6].
Абу Яъло келтирган ривоятда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса ҳақида сўрашни хоҳлардим. Ҳайбатларидан сўрашни икки йил кечиктирган вақтларим ҳам бўлган», дейди.
Саҳобаи киромларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан беназир муносабатлари уларнинг олийжаноб табиатлари, юксак муҳаббатларидан худди булоқдек сизиб чиқан.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Форс подшоҳларининг лақаби.
[2] Рум подшоҳларининг лақаби.
[3] Ҳабашистон подшоҳларининг лақаби.
[4] Имом Бухорий ривояти.
[5] Аҳзоб сураси, 23-оят.
[6] Расулуллоҳни камоли эҳтиром қилганликларидан эшикларини оҳиста қоқар эдилар.