20 жумадул аввал 1446
Расули акрамнинг сийратлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари олтмиш уч йиллик ҳаётлари тарихи, демакдир. Расули акрамнинг қамарий ҳисобда 63, шамсий йил ҳисоби билан 61 йиллик ҳаётларини (571-632) икки даврга бўлиб ўрганиш мумкин: пайғамбарликдан олдинги давр (571-610); пайғамбарлик даври (610-632).

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликкача бўлган ҳаётлари қирқ йиллик бир даврни ўз ичига олади. Исломга даъват бошланмасдан олдинги даврга «жоҳилият даври», Расули акрамнинг пайғамбарлик даврларига эса «Асри Саодат» номи берилган. Асри Саодат даври йигирма уч йил давом этди.

Дастлаб Расули акрамнинг шажараи мубораклари билан танишиб чиқсак.

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг оталари Абдуллоҳ, оналари Оминадир. Аждодлари Аднонгача бориб етади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тартиб билан боболари қуйидагилар эди: Абдулмутталиб (Шайба), Ҳошим, Абдуманноф, Қусайй, Ҳаким (Килоб), Мурра, Каъб, Луай, Ғолиб, Фихр (Қурайш), Малик, Надр, Кинона, Хузайма, Мудрика, Илёс, Низор, Маъад, Аднон. Аднон Исмоилнинг ўғиллари бўлиб, Кайзар сулоласидан эди.

Оминанинг оталари Ваҳб, боболари (тартиб билан) шулардир: Навфал, Абдулузза, Зуҳра, Ҳаким. Ҳаким ҳам Зуҳранинг, ҳам Қусаййнинг отаси эканини эътиборга олсак, Пайғамбаримизнинг оталари ва оналарининг аждодлари Ҳакимда келиб бирлашганининг гувоҳи бўламиз.

Расули акрамнинг оталари Абдуллоҳ Қурайш қабиласининг ҳошимий уруғидан, оналари Омина эса Зуҳра уруғидандирлар. Ҳар иккилари ҳам маккалик, ҳар иккилари ҳам Макканинг ҳокими ва Каъбанинг ҳимоячиси бўлган Қурайш қабиласидан эдилар1.

Ҳазрат Исмоил алайҳиссаломнинг оталари ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом илоҳий пайғамбарларнинг буюкларидан эдилар. У Зот Ироқда Сумар шаҳрининг Ур деган бир жойида туғилганлар. Милоддан олдинги 2000 йилларда Бобил халқини Аллоҳнинг ягоналиги эътиқодига даъват этганлар.

У пайтда Бобил аҳолиси беш сайёр (кезувчи) юлдузга, ой ва қуёшга сиғинарди. Шу сабабдан ҳам ибодатгоҳларини етти қаватли қилишар, ҳафтани «етти» деб ҳисоблашар эди.

Ҳазрат Иброҳимнинг даъватлари Бобил ҳукмдори Намруд (Алмунжид) томонидан гулхан билан кутиб олинди. Гулханга ташланган Иброҳим Пайғамбар Аллоҳнинг қудрати билан омон қолдилар2. Ўзларига эргашган Иброний қабиласини олиб, Ироқдан чиқиб кетдилар; Фаластинга келдилар. Маълум муддатдан сўнг Мисрга бордилар. Бу ерда ҳам илоҳий даъватларига қулоқ солишмагач, Фаластинга қайтиб келишга мажбур бўлдилар.

Ҳазрат Иброҳим замонларида бутун дунё зулмат ичида сузар, ҳеч ким Ҳақни танимас, билишни хоҳламас эди. Шу тахлит бу Пайғамбар Ироқ, Сурия, Миср ва Фаластинда «Ҳаниф дини» бўлмиш тавҳид эътиқодини кенг ёя олмадилар. Охири бу эътиқодни Ҳижозда ўрнатишга қарор қилдилар.

Ҳазрат Иброҳимнинг икки ўғиллари бўлиб, тўнғичлари Исмоил Исҳоқдан ўн тўрт ёш катта эдилар. Исмоилнинг оналари Ҳожар, Исҳоқники эса Сора эди.

Ҳазрат Иброҳим тўнғич ўғиллари Исмоил билан Ҳожар икковларини олиб Маккага келдилар. У ерга жойлаштирдилар. Ҳазрат Иброҳимнинг Исмоил ва Ҳожарни Маккага олиб келишлари Аллоҳнинг амрига кўра бўлган эди. Соранинг қайта-қайта илтимосига кўра Ҳожарнинг сургун қилинганлигига доир айтилган гаплар тўғри эмас3.

Ҳожарни ҳазрат Иброҳимга Миср ҳукмдори ҳадя қилган эди. Исмоил Пайғамбар наслидан Ҳижоз араблари ва Хотамул Анбиё бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳур этилдилар.

Ҳазрат Иброҳимнинг кичик ўғиллари Исҳоқ Фаластинда катта бўлдилар. Исҳоқнинг ўғиллари Ёқуб пайғамбарнинг бир исмлари Исроил эди. Шунинг учун Ёқубнинг ўн икки ўғилларига «Исроил ўғиллари» (Бани Исроил) ҳам дейилди.

Булардан бирининг исми Яҳудо эди. «Яҳудийлик» ана шу ўғилнинг наслидан тарқалган. Кейинроқ келган ҳазрат Мусога ишонганларга «Мусавий», Исо Пайғамбарга эргашганларга эса «Исавий» номи берилди.

Ҳазрат Исмоил Маккага жойлашиб олган йиллари Ҳижозда журҳумийлар бор эди. Журҳум қабиласи Ямандан келган бўлиб, Макканинг дастлабки аҳолиси бўлмиш Амолиқа қабиласидан кейин Маккага ҳоким бўлган эди. Журҳумийлар Яман ҳудудида яшаган Ариба арабларидан эди. Ариба арабларини «Қаҳтонийлар» деб ҳам аташган.

Ҳазрат Исмоил ўғиллари ичидан аднонийлар; аднонийлардан мударийлар; мударийлардан қурайшийлар; қурайшийлардан эса ҳошимийлар авлоди юзага келган эди. Бинобарин, Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исмоил ўғилларидан аднонийлардан, қурайшийлардан ва ҳошимийлардан эдилар. Ҳазрат Исмоил даврларида Маккада Замзам қудуғидан кўп сув чиққан ва Каъба биноси ўша пайтда қурилган эди. Ўша пайтлари Макка бир тижорат маркази бўлган. Милоддан тахминан 25 аср олдин Яман ва Сурия орасида қатновчи карвонлар Маккага тўхтаб ўтарди. Макканинг шуҳратини тўрт томонга ёйган эса Каъба бўлди. Каъба маъбади (ибодат жойи) Макканинг ўртасида қурилган. Каъбанинг ҳамма томонидан ўраб турувчи катта бир жомеъ бор. Бу жомеъ «Масжиди ҳарам» (Ҳарами шариф) деб айтилади. Каъба унинг ўртасидан жой олган бўлиб, анча катта ва баланд, ҳаммаёғи қора бир мато билан ўралган4.

Аслида Каъба Маккадан анча қадимийдир. «Байти шариф» дейилувчи Каъбани биринчи бор тошдан қурган ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом эдилар5. Каъба атрофидаги Макка шаҳрини эса Пайғамбаримизнинг боболаридан Қусай қурдирган. Ҳазрат Иброҳим Сафо ва Марва номли икки тепалик орасида Масжиди ҳарамнинг ўрнини кўрсатиб бердилар. Биринчи тавофни ўғиллари Исмоил билан қилдилар6. Халққа «Ҳаниф дини» бўйича биринчи бор ҳаж ибодатини ўргатдилар. Ер юзида Аллоҳга ибодат учун қилинган илк бино Каъба бўлди.

Қуддусдаги маъбад (Масжиди ақсо) ҳазрат Иброҳимдан анча кейин ҳазрат Довуднинг ўғли ҳазрат Сулаймон замонларида қурилгани учун Маккадаги Каъба ер юзида Аллоҳнинг илк уйи (Байтуллоҳ) бўлиш шарафини қозониш билан бирга энг табаррук қадамжога айланган эди7.

Ер юзида Ягона Тангри ишончининг илк маъбади сифатида қурилган Байтуллоҳ (Каъба) ҳазрат Иброҳим даврларидан бошлаб зиёратгоҳ бўлди. Лекин вақт ўтиб Ягона Тангри ишонч-эътиқоди унутилди. Унинг ўрнини бутпарастлик эгаллай бошлади. Буюк уй − Каъба бутларга тўлиб кетди. Бу ерга инсон ё ҳайвон шаклида 360 та катта-кичик бутлар ўрнатилган эди8. Ҳар қабиланинг бир бути бўларди. Ҳар бут учун йилнинг маълум бир куни ажратилган, ҳар томондан Маккага келувчи қабилалар бутларини зиёрат қилиб кетишарди. Макка арабларнинг асосий тижорат маркази бўлиш баробарида дин маркази ҳам бўлиб қолди.

Яманда «Сайлул-арим» деб ном олган сел ҳалокати рўй бериб, кўп аҳоли у ерлардан кўчиб кета бошлаган эди. Ҳузоъа қабиласи ҳам Ямандан Маккага шу тариқа келиб қолган эди. Ҳузоъаликлар Исмоил ўғилларининг ёрдами билан журҳумийларни Маккадан чиқариб юбордилар. Кўп ўтмасдан Макка ҳукмронлигини ва Каъба муҳофизлигини ҳам ўз қўлларига олдилар. Ҳузоъаликларнинг бу ҳукмронлиги Қурайшийлар даврига қадар роппа-роса уч аср давом этди.

Қурайшийларнинг бошлиғи Қусай Ҳузоъа қабиласининг куёви эди. У бир тулум шаробга Каъба муҳофизлигини қайин укасидан сотиб олди9. Ҳакимнинг ўғли Қусай милоднинг бешинчи асрида қурайшийларга бош бўлди. Каъба калитини олиб, хузоъаликларни Маккадан чиқариб юборди ва Каъба муҳофизлигини ҳам, Макка ҳокимлигини ҳам ўзи қўлига олди. Қурайшийларнинг Қусайдан бошланган бу ҳокимияти мусулмонлик туғилгунга қадар давом этди.

Араблар Каъба атрофидаги дарахтларни кесишга, у ерларда бинолар қуришга ботинолмас эдилар. Улар Каъбадан узоқ жойларда алоҳида-алоҳида бўлиб яшарди. Қусай қурайшийларни тўплаб, Ҳарами шариф атрофидаги дарахтларни кестирди. Бу ишга ўзи бош бўлди. У ерларга уйлар қурилди. Каъба ёнида «Дорун-надва» номли ҳукумат биноси қад кўтарди. Бугунги Макка шаҳрининг қурувчиси Қусай бўлди.

Қусай вафот этгач, унинг ўрнига ўғли Абдуманоф келди. Абдуманофнинг ўғилларидан Абдушамс билан Ҳошим эгизак эдилар. Бирининг бармоғи бошқасининг юзига ёпишган ҳолда туғилишган эди. Жарроҳлар буларни бир-бирларидан ажратаётган пайтда қон оққан, бу ҳолни келажакда икки ака-ука насллари ўртасида кўп қон тўкилишига ишорат деб изоҳлашган. Абдушамснинг авлодларидан умавийлар, Ҳошимдан эса ҳошимийлар вужудга келган.

Абдуманоф ўлимидан олдин Каъбани ҳимоя қилишни ўғли Ҳошимга топширди. Бу пайт Ҳошимнинг эгизак биродари бўлган Абдушамснинг ўғли Умайя амакисига берилган бу шарафни кўролмади, унга ҳасад қилди. У Ҳошим билан мусобақага киришди. Лекин шараф баҳсида Ҳошим ғолиб деб топилди. Мағлубиятга учраб юзи шувит бўлган Умайя 50 туя жарима тўлаб, ўн йилга Маккадан узоқда юришга мажбур қилинди. Бу воқеа ҳошимийлар билан умавийлар орасидаги тарихий душманликнинг ибтидоси эди10.

Ҳошимдан кейин Каъба муҳофизлиги унинг ўғли Абдулмутталибга ўтди. Машҳур Фил воқеаси ва Замзам қудуғининг тозаланиши воқеаси Абдулмутталиб раислик қилган йилларда бўлиб ўтган эди. Расули акрам алайҳиссалом ҳам боболари Абдулмутталиб Макка ҳокими ва Каъба муҳофизи бўлиб турган пайтида туғилганлар.

У пайтлардаги Макка шаҳри кибор жумҳуриятга ўхшарди. Унинг ўзига хос бир мажлиси бор эди. Бу мажлис Дорун-надвада (Шўро уйида) ўтказиларди. Бу ерга ёши қирққа етмаганлар киритилмасди. Қурайшийлар бошқа қабилаларга кўра анча имтиёзларга эга бўлиб, солиқ тўлашмас, бутун қабилаларга ҳоким эдилар. Улар ҳамма ишларни ўз ораларида бўлишиб олган эдилар. Қурайшийларнинг ўн ёки ўн икки шажарасидан ҳар бирининг Расули акрам сулолалари билан узоқ ёки яқиндан боғлиқлиги бор эди.

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта боболари Ҳошим Мадинада Нажжор ўғилларидан бўлган Салмога уйланган эди. Лекин Салмо Мадинадан чиқмасдан ўша ерда қолган бўлиб, Ҳошимнинг Салмодан бир ўғли бор эди. Туғилганида боланинг сочлари оппоқ бўлгани учун унга «Шайба» деб ном қўйилди. Шайба Мадинада онаси Салмонинг қўлида катта бўлди. Отаси Ҳошим вафот этгач, Ҳошимнинг укаси (Шайбанинг амакиси) Мутталиб жиянини Мадинадан Маккага олиб келди. Йўлда Мутталибдан боланинг кимлигини сўраганларида у ҳазиллашиб: «Менинг қулим», деб жавоб беради. Шундан сўнг Шайбанинг исми «Абдулмутталиб» (Мутталибнинг қули) деб атала бошланди. (Машҳур шарқшунос-ориенталист Ж.Хуар Шайбанинг амакиси Мутталибнинг бу ҳазилнамо гапини ҳақиқат деб таъкидлаб, Абдулмутталибни Ҳошимнинг ҳақиқий ўғли бўлмасдан, қули эканини ёзади. Бу туҳматнинг тагида Пайғамбаримиз алайҳиссалом боболарини гўё номаълум бўлган бир авлоддан қилиб кўрсатишдек ғаразли мақсад ётибди. Ҳолбуки, Қурайш қабиласи Абдулмутталибни қабила бошлиғи этиб тайинлаб, бу бемаъни фикрни илдизи билан қўпориб ташлаган.)11

Абдулмутталибнинг ўлимидан кейин Макка ҳокимлиги умавийларнинг қўлига ўтди. Қурайшнинг катта уруғларидан бири бўлган умавийлар Қурайшнинг яна бир уруғи бўлмиш ҳошимийларга кўра сон жиҳатидан кўп ва анчайин бой эдилар. Лекин одоб-ахлоқ ва фазилат нуқтаи назаридан ҳошимийлар умавийлардан устун турардилар. Таассуфки, бир оиланинг бу икки уруғи орасидаги даҳшатли ҳасад Ислом тарихида жуда кўп нохуш воқеаларнинг зуҳурига сабаб бўлди12.

Изоҳлар

1. Замонамиз тарихчилари орасида Пайғамбаримизнинг оналари Оминани мадиналик деб, унинг кейин Маккага келин бўлиб тушганини ёзган ҳамкасбларимиз ҳам бор. Ҳатто бир пайтлар тантанали «келин келтириш ҳикояси» тўқиб чиқарилган эди.

2. Анбиё сураси, 69-оят. (Умумий ҳолда Бобил ҳукмдорлари «Намруд», қадимги Миср ҳукмдорлари «Фиръавн», Эрон шоҳлари «Кисра», Византия императорлари «Қайсар», Усмонли подшоҳлари «Султон» деб аталарди.)

3. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 15-бет.

4. Ҳожи Зиҳний Афанди. «Китабул ҳаж», 9-бет.

5. Қуръони каримнинг хабар беришича, Каъбанинг илк иншоотчиси Иброҳим алайҳиссаломдирлар. Бундан олдин қурилганига доир мавсуқ (ишончли) хабар йўқ. Ибн Касир ёзади: «Муаззам Каъбанинг биринчи марта ҳазрат Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар томонидан қурилгани Қуръоннинг қатъий хабари ила собитдир, бундан аввал қурилганига доир бошқа ривоятлар заиф ва ишончсиз ривоятлардир» («Тажрид» таржимаси, 5-жилд, 17-бет).

6. Бир ривоятга кўра, ҳазрат Иброҳим Байти Шариф биносини қуришни бошлагач, Абу Қубайс тоғидан олиб келган Ҳажари Асвадни (қора тошни) тавоф нишонаси сифатида ҳозирги жойига қўйиб, устини ёпган эди («Тажрид» таржимаси, 6-жилд, 23-бет; Маҳмуд Асад Афанди. «Тарихи дини Ислом», 1-жилд, 53-бет).

7. Қуръони каримда Каъба ҳақида шундай марҳамат қилинади:

«Албатта, одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадир» (Оли-Имрон сураси, 96-оят).

8. Жўржи Зайдон. «Маданияти Исломийя тарихи», 1-жилд, 19-бет.

9. «Ибни Асир тарихи», 2-жилд, 9-бет.

10. «Ибни Асир тарихи», 2-жилд, 8-бет.

11. Проф. Шамсиддин Гуналтой. «Ислом тарихи», 400-бет.

12. Шахбандарзода Аҳмад Ҳилмий. «Тарихи Ислом», 1-жилд, 136-бет.

18:14 / 14.09.2012
Аввалги мақола
Тақвим бошлари
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...