8 жумадис сони 1446
Тақвим бошлари

Асрларни ва асрлар ичида содир бўлган воқеа-ҳодисаларни бир ипга навбатма-навбат тизиб чиқиш учун бир бошланғич бўлиши керак эди. Лекин бу бошланғич ҳамма миллат учун умумий эмасди. Ҳамма миллат тарихда ўз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида чуқур из қолдирган энг муҳим воқеаларни ўзига бошланғич деб қабул қилган. Шу сабабли ҳам тарихда тақвим бошлари жуда кўп. Аввало, тақвим бошида қуйидаги воқеалар туради: хилқат (яъни дунёнинг яратилиши); Сириус юлдузининг кўриниши; олимпиада ўйинлари; Рим шаҳрининг қурилиши; милод; Фил санаси; ҳижрат...

Қадимги турклар билан ибронийлар хилқатни, қадимги мисрликлар осмонда Сириус юлдузининг кўринишини (ёки Нил дарёсининг тоша бошлашини), қадимги юнонлар олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳрининг қурилишини, христиан дунёси милодни, қадимги араблар Фил санасини, мусулмонлар эса ҳижратни тақвим боши сифатида қўллаб келишган.

Тарих саҳифаларида кўринган бу каби бошланғичлар айримлари вақт ўтиши билан унутилди. Бугун маданият дунёсида фақатгина милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган.

Ҳазрат Исонинг туғилишларини кўрсатувчи милод бошланғичи ҳазрат Исодан саккиз аср кейин христиан Оврупасида қўлланила бошланган бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага кўчишларини кўрсатувчи ҳижрат бошланғичи ҳижратдан бор-йўғи ўн етти йил кейин − иккинчи Ислом халифаси ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврларида қабул қилинган.

Бу бошланғич бўйича асрлар ҳамда асрларни тўлдирган воқеалар иккига ажратилди: милоддан аввалги ва милоддан кейинги; ҳижратдан олдинги ва кейинги.

Қадимий миллатлар тақвимда Ой санасини (қамарий йилни) қўллашган. Қуёш санаси (шамсий йил ҳисоби) биринчи марта қадимги мисрликлар томонидан татбиқ этилган эди. Мисрнинг бу илк Қуёш тақвими милоддан олдинги 45-йилда Римнинг машҳур диктатори Юлий Цезар томонидан олинган. Шу тахлит «Юлиан тақвими» деб номланган римча тақвим майдонга келди.

Милоддан кейинги 1582 йилда Юлиан тақвими Папа Григор ХIII томонидан ислоҳ қилинди. Натижада «Григориан» номли ғарб тақвими майдонга чиқди.

Аввалдан тарихчилар фақатгина ўзларига оид бўлган миллий тарихлари билан шуғулланар, дунёнинг умумий тарихига эса камдан-кам ўринларда мурожаат қилар эдилар. Сўнгги даврларда дунёдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий воқеалар жамики миллатларни қизиқтиргани учун барча миллат ўз тарихини умумий дунё тарихи доирасида ўргана бошлади. Шу сабабдан кўпгина миллатлар (ва умумий тарих ҳам) ҳисоб боши қилиб милод бошланғичини маъқул кўрган ва шуни танлаган.

Ҳижрат эса Ислом оламида қуйидаги тариқада тақвим боши бўлган эди: Хулофои Рошидиндан иккинчиси бўлмиш ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу замонларигача мусулмонлар ўртасида ёзилган ҳужжатларга сана қўйиш усули йўқ эди. Бир куни бир киши халифа Умарга шаъбон ойида тўланиши керак бўлган қарз ҳақидаги ҳужжатни кўрсатди. Халифа сўрадилар:

— Қайси шаъбонда, ўтган йилги шаъбонми ёки бу йилгисими?

Худди ўша пайтларда Жазира волийси Абу Мусога икки буйруқ ёзиб берадилар. Бу буйруқлардан бири иккинчисига ҳеч тўғри келмас эди. Буларнинг қайси бири олдин ёзилганини билолмаган Абу Мусо буни халифа Умардан сўрайди. Ниҳоят мажлис чақирилиб, ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижратлари (622 йил 23 сентябрь) йил боши ва тақвим боши деб қабул қилинади. Бу воқеа ҳижратнинг 17-йили, муҳаррам ойининг 1-куни (638 йил 23 январда) бўлган эди.

Ҳижрат рабиъул аввал ойида, яъни ой санасининг учинчи ойида бўлган. Ҳолбуки, арабларда олдиндан муҳаррам ойи йил боши бўлиб келгани учун айни сананинг биринчи ойи бўлган муҳаррам янги йилнинг боши ҳисоб қилинган. Яъни ҳижрий 1-йилнинг 1-муҳаррами милодий 622 йилнинг 16 июлигача тўғри келади.

Ислом дунёси (рўза, ҳайит, ҳаж каби) диний ибодатлар ва (мавлуд каби) қандиллар сабабли ҳижратга оид шамсий йил ҳисобини эмас, қамарий йил ҳисобини ишлатардилар. Эронда қурилган Буюк Салжуқ давлатининг учинчи хоқони Жалолуддавла Маликшоҳ замонида ҳукмдорнинг номи билан юритилувчи янги Жалолий тақвими тузилди (467 ҳ./1074 м.). Жалолий тақвим Қуёш йили ҳисоби асосида тузилган бўлиб, баҳорнинг биринчи куни (9-22 март), яъни Наврўз йилнинг боши ҳисобланган. Маликшоҳ замонида татбиқ этилган бу турк тақвими Григориан тақвимига нисбатан хатоси оз эди. Ғарб дунёси қўллаб келаётган Григориан тақвимида йилбоши сананинг тўртинчи фасли − қиш мавсумининг иккинчи ойи (январь) бўлса, Жалолий тақвимда янги йилнинг биринчи куни баҳорнинг илк куни эди. Жалолий тақвим илмий жиҳатдан ўн минг йилда бор-йўғи икки кунлик фарққа учраса, Григориан тақвимда бу илмий фарқ жуда катта эди. Боз устига «Жаҳон тарихининг умумий йўналишлари» китобининг 5-жилдида эътироф этилишича, ҳазрат Исонинг туғилган йиллари милоднинг биринчи йили бўлиши керак. Тақвимда эса бу тўртинчи йилга тўғри келади. Яъни Исо туғилган йил билан милод ҳисоби орасида уч ёки тўрт йиллик катта бир тарихий хато бор...45

Изоҳлар

45.«Жаҳон тарихининг умумий йўналишлари», 5-жилд, хронологик жадвал.

18:09 / 14.09.2012
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...