Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Алҳамдулиллаҳи робби-л-ъаламийн! Вассолату вассалому ъала
хойри холқиҳи Муҳаммадин ва олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин!
Аммо баъд!
Шак-шубҳа йўқки, ҳабибимиз, севимли Пайғамбаримиз Расули акрам,
Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, Расулуллоҳ, руҳий ва руҳу-л-оламина
фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратимизнинг шариатлари, рисолатлари
оламларга раҳмат ўлароқ ўзлари - зоти шарифлари ҳам, у зоти бобаракотнинг ҳар
бир аъзолари ҳам, ушлаган, ишлатган ашёлари ҳам, ўтириб-турган маконлари ҳам
табаррукдир, муборак ва баракотдир, табаррукларнинг ва баракаларнинг энг
улуғи, энг буюги ва энг яхшисидир!
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жонимиз, ота-онамиз, бутун борлиғимиз фидо бўлсин!
Муқаддима
Бизнинг давримизга келиб дунёда ва мусулмонлар орасида иккита жуда
катта муаммо мавжуд. Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи
ва салламни яхши танимаслик ва таниганлар эса обрў-мартабаларининг не чоғли
юксак эканлигини билмаслигидир. Афсуски, у зоти шарифнинг обрўларини
пасайтиришга уриниш, ҳурматларини мусулмонлар кўнглидан муносиб жой
эгалламаслигига ҳаракат қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бунинг натижасида
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтирганлар ҳам у зот
тўғриларида ҳар хил бўлмағур гап-сўзлар айтиб қўйишаяпти.
Боз устига ҳозирда, мусулмонлик даъвосини қилаётган инсонлар орасида,
бизнинг мавзумиз бўлиб турган табаррукни ҳам ширк деб, ширк деганда ҳам “энг
катта ширк” дея баҳолаб, табаррук қилувчиларни мушрикка чиқарадиган, оқибати
номаълум жамоалар пайдо бўлган. Бугун ҳатто даврадаги қайсидир улуғ инсондан
қолган таомни табаррук ниятида бир чимдим ёки бир луқма тотиб қўйган ихлосли
бандани ҳам ширк амални қилишда айблайдиганлар топилади. Афсуски, улар
шариатимизнинг асл манбаларидаги маълумотларни яхши билмайдилар,
билганларини ҳам тўғри тушуна олмайдилар. Энг ачинарлиси, улар ҳатто
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одатдагидан ортиқча муҳаббат
қилишни ҳам ёқтирмайдилар. Акс ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг қабрларини зиёрат қиламан, деб йўлга тушган кимсани
бидъатчиликда, ҳаром ишни қилганликда айблашармиди?! Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарларига зиёратга бориб, мусофир бўлиб
турган мусулмоннинг суннат намозларни ўқишига тўсқинлик қиладиган, бу ишни
ҳам бидъат ва ҳаром деб баҳолайдиганлар ҳам – ана ўшалардир. Ўша тоифалар,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат изҳори бўлган, ул
зоти шариф мадҳ қилинадиган мавлиди шарифларга боришни ва мавлид
ўқитишни бидъатга ва ҳаромга чиқаришади. Бу мақоламизда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг ул зотни нақадар қаттиқ
севишганини, ул зоти шарифга мансуб нарсаларни қай даражада табаррук
қилишганини, улардан кейинги мусулм онларнинг ҳам асрлар давомида шундай
тарзда йўл тутганларини саҳиҳ ва ишончли мисоллар орқали ёритиб берамиз, ин
шо Аллоҳ.