Расули акрамга ва асҳобларига (дўстларига) қурайшийлар томонидан етказилаётган азият кун сайин ортиб борарди. Шу сабабдан Пайғамбаримиз уларнинг Маккадан чиқиб, Ҳабаш диёрига кўчиб кетишларига рухсат бердилар. Мусулмонлар Маккада диний вазифаларини эркин адо этолмай қолишгани кўчиш сабабларидан бири бўлса, иккинчиси ва энг муҳими мусулмонликни атрофга ёйиш вазифаси ҳам бор эди.
Илк Ҳабаш ҳижрати Макка даврининг бешинчи йили қилинди (615 йил, ражаб ойи). Биринчи бўлиб ўн олти мусулмон карвонга қўшилди. Уларнинг орасида завжалари билан ҳазрат Усмон, Зубайр, Абдурраҳмон ибн Авф, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби муҳтарам зотлар бор эдилар. Улар Маккадан алоҳида-алоҳида бўлиб чиқишган, соҳилга тушиб, ижарага олинган бир кема билан Ҳабашистонга ўтган эдилар. Уларни Ҳабаш нажошийси (яъни ҳукмдори) Адҳаматубну Амр яхши кутиб олди.
Маккалик муҳожирлар Ҳабашистонда уч ойгина қолишди, холос. Улар бир ёлғон хабарга ишониб Маккага қайтишди. Ёлғон хабарнинг чиқишига ушбу воқеа сабаб бўлган эди: ўшанда Маккада Нажм сураси нозил бўлди. Фахри олам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу сурани мусулмонлар билан мушриклар тўпланиб турган Масжиди Ҳарамда баланд овозда оят-оят ўқидилар. Суранинг охирида сажда ояти келгани учун Расули акрам биринчи бўлиб саждага бордилар. Буни кўрган мушриклар ҳам сажда қилдилар, мушриклар эса ўз бутларига эгилишди. Чунки сурада мушрикларнинг «тангри»ларидан Лот, Уззо, Манот каби бутларнинг номлари ҳам айтиб ўтилган эди.
Мусулмонлар билан мушрикларнинг бир пайтда, гарчи ҳар икки томон ўз Тангрисига бўлса ҳам, сажда қилиши «Маккалик мушриклар ҳам Ислом динига киришди!» деган хабарнинг тарқалишига сабаб бўлди. Бу хабар Ҳабаш элигача етиб борди ва у ерга кўчиб кетган Ислом муҳожирларининг орқага − ватанларига қайтиб келишларига йўл очди. Бироқ илк Ҳабаш муҳожирлари Маккага етиб келар-келмас, ушбу хабарнинг ёлғон эканини билишди ва келганларига пушаймон бўлишди. Чунки бу пайт мушрикларнинг зулми янада авж олган эди.
Уларда қайтадан ҳижрат қилиш ҳаваси уйғонди ва Макка даврининг еттинчи йили иккинчи бор Ҳабашга ҳижрат қилинди.
Нажм сурасининг сўнггида мусулмонлар билан мушрикларнинг бир пайтда сажда қилишлари кейинчалик «Ғарониқ масаласи» номи билан яна бир бўҳтоннинг чиқишига сабаб бўлди.
Эмишки, Расули акрам Нажм сурасини айтар эканлар:
«Лот, Уззо ва яна учинчилари бўлмиш тубан Манот ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?» (19-20) оятларини ўқиб, бир муддат туриб қолибдилар. Ва шундан кейин «Тилкал ғарониқул-ула ва инна шафаатаҳунна латуртажа» («Булар баланд бутлардир. Уларнинг ҳам шафоатидан умид қилинади») сўзлари эшитилибди гўё (!). Бутлар ҳақида айтилган бу сўзлардан мушриклар хурсанд бўлишган ва уларнинг мусулмонлар билан биргаликда сажда қилишларига сабаб мана шу сўзлар бўлган эмиш (!). Фақат хато кейинчалик тушунилганмиш. Ҳатто бу жумла шайтоннинг талқиний асари эмиш (!).
Расули акрамга қарши разилона бир бўҳтон, мусулмончиликка қарши бир душманлик асари ўлароқ, атайин ўйлаб чиқарилган бу «Ғарониқ масаласи»нинг турган-битгани ёлғон экани энг буюк тафсир ва ҳадис олимлари, энг қийматли сияр китоби муаллифлари ва таниқли Ислом тарихчилари томонидан таъкидлаб ўтилган41.
«Мағозий» соҳиби Ибн Исҳоқ: «Ғарониқ» қиссаси динсизларга оиддир», дейди. Уларнинг бу ривоятни Бахрайн деган жойда ўйлаб чиқаришганини билдиради42.
«Асри Саодат» китобининг муаллифи ёзади: «Бу Ғарониқ масаласи батамом асоссиз бир уйдирмадир. Байҳақий, Қози Илёс, Аллома Айний, Ҳофиз, Мунзирий, Аллома Нававий каби бир қанча буюк муҳаддислар бунинг уйдирма эканини исбот қилишган»43.
Ғарониқ (оқ қушлар) ҳақида Шайх Муҳаммад Абдуҳ дейдики: «Арабларнинг назм ва насрнинг бирор кўринишида «ғарониқ» сўзининг қўлланганини кўрмаймиз. Бинобарин, бу «масала» мантиққа ҳам, тил қоидаларига ҳам мос келмайдиган бир ёлғондир».
Ғарониқ масаласини тўғри деб қабул қилиш учун Ислом инқилобининг руҳини тўла қамрамайдиган ва мусулмонча фикрлашдан узоқ бўлиш керак. Қуръони карим мазмун-моҳияти билан бутпарастликка қарши бўлганидек, Нажм сураси ҳам бутпарастликни қаттиқ қоралайди. Шу билан бирга, бу борада хатога йўл қўйган ёзувчиларимиз ҳам йўқ эмас. Христиан муаллифлари китобларига бу каби уйдирма ривоятларни олар эканлар, шарқ ёзувчиларининг диққатсизлигию ғафлатдалиги уларга қўл келган. Воқидий ва Табарийнинг мавсуқ бўлмаган ривоятларидан бири ҳам шу «Ғарониқ масаласи» эди. Бу ривоят энг буюк олимлар томонидан инкор қилинган. Имом Бухорий (вафотлари 256/869) Воқидий (вафоти 207/822) билан бир асрда яшаган бўлишларига қарамай, бу ривоятни зикр қилмаганлар. Энг саҳиҳ деб тан олинган олти ҳадис китобида ҳам бу ҳодиса ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган44.Изоҳлар
41. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Сияри Жалилаи Набавия», 115-бет; «Асри Саодат», 1-жилд, 264-бет; Ҳамди Аксекили. «Хотамул Анбиё ҳақидаги энг хунук бир исноднинг раддияси».
42. Баҳрайн − Басра кўрфазининг ғарб томонидаги бир оролдир.
43. 1-жилд, 265-бет.
44. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 82-бет.