Робиъул-аввал ойининг 21-куни
- Ҳижрий 580-йил 21-робиъул-аввал куни (милодий 1184-йил 2-июл) халифа Абу Яъқуб Юсуф қўмондонлигида «Муваҳҳид» жангчилари Андалуснинг «Шафтрайн» шаҳрини насронийлар ҳукмронлигидан озод қилдилар.
- Ҳижрий 923-йил 21-робиъул-аввал куни (милодий 1517-йил 13-апрел) Мамолик давлатининг охирги султонларидан бири султон Тумонбой қатл қилинди. Тумонбойнинг қатл қилиниши билан Мамолик давлати қулаб, Миср Усмонлилар ҳукмронлигига ўтди.
- Ҳижрий 1033-йил 21-робиъул-аввал куни (милодий 1624-йил 12-январ) Эрон Сафавийлари Бағдодни 3 ой қамал қилиб, Усмонлилар ҳукмронлигидан маҳрум қилди. Шундан сўнг Сафавийлар Бағдодни 15 йил мобайнида бошқарди.
- Ҳижрий 1255-йил 21-робиъул-аввал куни (милодий 1839-йил 3-июн) Хитой «Афюнга қарши уруш» шиори остида минглаб тонна афюнни ёқиш орқали байрам эълон қилди.

حَدَّثَنَا إِسْحَاقُ بْنُ مَنْصُورٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّزَّاقِ، قَالَ: حَدَّثَنَا مَعْمَرٌ، عَنْ ثَابِتٍ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، أَنَّ رَجُلا مِنْ أَهْلِ الْبَادِيَةِ كَانَ اسْمُهُ زَاهِرًا، وَكَانَ يُهْدِي إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، هَدِيَّةً مِنَ الْبَادِيَةِ، فَيُجَهِّزُهُ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم، إِذَا أَرَادَ أَنْ يَخْرُجَ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ زَاهِرًا بَادِيَتُنَا وَنَحْنُ حَاضِرُوهُ وَكَانَ صلى الله عليه وسلم يُحِبُّهُ وَكَانَ رَجُلا دَمِيمًا، فَأَتَاهُ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم، يَوْمًا وَهُوَ يَبِيعُ مَتَاعَهُ وَاحْتَضَنَهُ مِنْ خَلْفِهِ وَهُوَ لا يُبْصِرُهُ، فَقَالَ: مَنْ هَذَا ؟ أَرْسِلْنِي فَالْتَفَتَ فَعَرَفَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فَجَعَلَ لا يَأْلُو مَا أَلْصَقَ ظَهْرَهُ بِصَدْرِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم حِينَ عَرَفَهُ، فَجَعَلَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم، يَقُولُ: مَنْ يَشْتَرِي هَذَا الْعَبْدَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِذًا وَاللَّهِ تَجِدُنِي كَاسِدًا، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: لَكِنْ عِنْدَ اللهِ لَسْتَ بِكَاسِدٍ أَوْ قَالَ: أَنتَ عِنْدَ اللهِ غَالٍ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зоҳир исмли бодиялик бир киши бор эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бодиядан (мева-чева) ҳадя қилиб турарди. (Бодияга) қайтмоқчи бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга (озиқ-овқат) бериб юборардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зоҳир бизнинг бодиямиз, биз унинг шаҳримиз», дедилар. У зот Зоҳирни яхши кўрардилар. Зоҳир ўта хунук инсон эди. Бир куни у нарса сотиб турганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, орқасидан бағрларига босдилар. У у зотни кўролмасди. Мана шу ҳолида: «Ким бу, қўйиб юбор мени», деди. Бурилиб, (қучоқлаган киши) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларини билди-да, орқасини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларига янада яхшироқ олиб борди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу қулни ким сотиб олади», дея бошладилар. У: «Унда, мени жуда арзонлигимни биласиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лекин сен Аллоҳ наздида арзон эмассан – ёки «Сен Аллоҳ ҳузурида жуда қимматсан», дедилар».
«Шамоил Муҳаммадий» китобидан
Абдулазиз Усмон таржимаси