5 рабиъус сони 1446
Ибн Жавзий

      «Ал-вафо би таърифи фазоилил мустафо» номли сийрат китоби муаллифи имом, аллома, ҳофиз, воиз, муфассир Абул Фараж Абдураҳмон ибн Али Жавзий раҳматуллоҳи алайҳининг насаби Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Восит шаҳри бўйича фақат бобосининг ҳовлисида ёнғоқ дарахти бўлгани учун «Жавзий»  (ёнғоқли) лақаби билан танилган. Ибн Жавзий Ёнғоқлининг ўғли демак. Тахминан ҳижрий 508-510 йилда Бағдодда туғилган. Ибн Жавзий уч ёшлик чоғларида оталари оламдан кўз юмади ва оналари қармоғида тарбия кўради. Ёшлигиданоқ илм таҳсилини бошлаб, ҳофиз Муҳаммад ибн Носир ҳузурида Қуръони каримни тўлалигича ёд олади. Кейинчалик Абул Қосим Ҳиравийдан воизлик санъатини ўрганади. Шундан сўнг фақиҳ Ибн Зоғунийга шогирд тушиб, ундан турли фанлар, айниқса, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, сарф, балоғат, тарих, воизлик ва бошқа соҳаларда кўплаб фойдалар олади. Аллома  булардан ташқари усулул фиқҳ, илми хилоф, илми жадал, ҳисоб ва тиб илмларини Абу Бакр Дайнурий ва қози Абу Яъло каби жами тўқсонга яқин ўз даврининг етук олимларидан ўрганади. Ибн Жавзий болалик даврларида ҳам тенгдошларининг ёш болаларга хос ўйинларидан узоқ бўлиб, илм талабига шўнғиган ҳолда ҳаёт кечиради. Бу ҳақда ўзи: «Мен бирор марта ёш болалар билан ўйнаганимни, баланд овозда кулганимни эслай олмайман», деган эди. Ибн Жавзийнинг бошқалардан ажралиб турадиган кўплаб хусусиятлари бўлиб, илмга ўта муҳаббат ва уни талаб қилишга жўшқин шижоат, ўткир ҳифз, мислсиз заковат, ҳаддан ташқари олий ҳиммат ҳамда камдан-кам инсонларгина эриша оладиган зуҳду тақво у кишини ўз асрининг етук олими бўлиб етишларига омил бўлган. Ибн Жавзий олти ёшларида ҳадис эшитишни, ўн уч ёшларида китоб ёзишни бошлаган. Йигирма беш ёшидан то вафотигача инсонларга ваъз-насиҳатлар қилиб, кўпчиликнинг ҳидоят йўлини топишига сабабчи бўлган. Бу ҳақда ўзи: «Ўз қўлларим билан икки минг мужаллад китоб ёздим, қўл остимда юз минг киши гуноҳларига тавба қилди ва йигирма минг киши мусулмон бўлди», деган.

     Энг машҳур асарлари: Ибн Жавзий шаръий ва ижтимоий фанларнинг деярли барчасида китоблар тасниф қилган. «Ал-вафий бил вафаёт» китобида айтилишича, олимнинг баъзи шогирдлари у киши ёзиб қолдирган рисолаларни жамлаб, яшаб ўтган умрларининг вақтига тақсимлашганида ҳар кунига тўққизта рисоладан тўғри келган экан. Улар қуйидагилар: «Ал-муғний» (Қуръони каримнинг катта ҳажмдаги тафсири бўлиб, уни Ибн Жавзийнинг ўзи тўрт жузга қисқартириб «Зодул масир» деб номлаган); «Сойдул хотир» (уч жуз); «Талбису иблис»; «Жомеъул масонид» (етти жуз); «Ал-муғний фи улумил Қуръон»; «Тазкиратул ариб фи тафсирил ғариб»; «Софватус софва» (тўрт жуз); «Ал-манфаъа фил мазоҳибил арбаъа» (икки жуз); «Ал-мавзуъот» (икки жуз); «Ал-ваҳият» (уч жуз); «Ал-мунтазам фи тарихил мулуки вал умам»; «Ад-далоил фи машҳурил масоил» (икки жуз); «Ан-носих вал мансух»; «Ал-вужуҳ ван назоир»; «Фунунул афнон»; «Манофиъут тиб»; «Минҳожул қосидин» (икки жуз); «Ийқозул васнан би аҳволин наботи вал ҳаявон»; «Заммул ҳаво» ва ҳоказо. Айниқса, Ибн Жавзийнинг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишлаб ёзган икки жузли «Ал-вафо би таърифи фазоилил мустафо» номли китоби сийрат китоблари ичида ўзига хос қадр-қийматга эга. Унда муаллиф асосан Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари ва шамоиллари билан бирга унга алоқадор барча тарихий маълумотларни ҳам келтирган. Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи вафотларидан бир неча кун аввал оғир касал бўлиб, ҳижрий 597 йил 13 рамазон жума кечаси Бағдодда вафот этади ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг қабрларига яқин ерга дафн қилинади. Аллоҳ таоло бу Зотни Ўз раҳматига олсин ва бизларни ҳам у Зотнинг даражаларига етказсин, омийн.
08:28 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Бағишлов
Уламолар
Абу Зарр ҒИФОРИЙ
Маккадан Шомга кетадиган карвонлар ўтадиган Виддан номли водийда саҳровий Ғифор қабиласи истиқомат қилар эди. Агар ўтган карвонлардан қоладиган баъзи нарсаларни ҳисобга олмаса, Ғифорликларнинг даромад...
19:53 / 26.06.2020 Батафсил...
Уламолар
Мусанниф уламолар (ҳижрий 5-аср)
Мусанниф уламолар (ҳижрий 5-аср)   исм-шарифлари вафот этган йил тартиби бўйича ҳижрий милодий туғ. ваф. туғ. ваф. 1....
22:41 / 26.06.2020 Батафсил...
Уламолар
Абу Ҳафс Ибн Мулаққин
(«Ғоятус сул фи хасоисир Расул» асари муаллифи) Ҳадис ва фиқҳ илмининг билимдони Аллома Ибн Мулаққин номи билан танилган Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Али ибн Аҳмад Ансорий ҳижрий 723 (мил. 1323) йили...
19:53 / 26.06.2020 Батафсил...
Уламолар
Ҳофиз Димётий
(«Ал-мухтасар фи сийрати Саййидил башар» асари муаллифи) Абу Муҳаммад Шарафуддин Абдул Мўъмин ибн Халаф ибн Абул Ҳасан Димётий ҳижрий 613 (мил. 1217) йили таваллуд топган. Мисрнинг Димёт шаҳрида ўсиб...
19:55 / 26.06.2020 Батафсил...