22 жумадул аввал 1446
Тоиф муҳосараси

(ҳ. 8/м. 630)

Ҳунайн ғазотида муттафиқ мушрик қўшини мусулмонлардан кескин зарба егач, Сакиф қабиласи ватанларига қайтди. Тоиф қалъасига кириб олди. Ҳавозин қабиласи бошлиғи (Авф ўғли Молик) ҳам улар билан бирга эди.

Сакиф қабиласи бошлиғи Масъуд ибн Урва эса Ҳунайн урушига қўшилмаган, энди Тоиф муҳосарасида ҳам кўринмас эди. Макканинг мусулмон қўлига ўтганини билгач, тахликанинг Тоиф устига ҳам келиши эҳтимоли борлигини ўйлаб, Яман томонларга борган, манжаниқ, даббода каби араблар орасида машҳур бир неча қуроллардан фойдаланишни ўрганмоқчи бўлган ва мақсадига эришган ҳам эди. Урва Макка бошлиғи Абу Суфённинг куёви эди. Макка мушриклари Тоифнинг ҳокими Сакиф қабиласини Қурайш қабиласи билан тенг тутар эдилар. Пайғамбарликни маккаликларнинг ёки тоифликларнинг пешволаридан бирига лойиқ кўрардилар.

Тоиф Ҳижоз шаҳарларидан бўлиб, Ҳижоз бўлгасининг жаннатмакони эди. Макканинг жанубида жойлашган Тоиф баланд қалъа деворлари билан ўраб олинган қадимий бир шаҳар, Сакиф қабиласининг маркази эди. Сакифликларнинг ҳудуди Ямангача чўзилган эди. Улар жасур, жанговар халқ эдилар. Қалъаларини таъмир эттириб, ичига бир йилга етадиган озиқ-овқат йиғишган, қурол-яроғ омборлари ҳам қуриб олишган эди. Шу зайл урушга тайёргарлик кўришган, ҳар тарафга ишончли қўриқчиларни жойлаштириб қўйишган эди166.

Расули акрам Тоиф қалъасини қамал қилишга қарор бердилар. Ўн минг кишилик бир қўшинга Валид ўғли Холидни саркарда тайин этиб, ўзлари қўшинларини олиб, орқадан юрдилар. Шу зайл Тоиф муҳосара остида қолди.

Бу муҳосара Ҳунайн урушининг давоми эди. Тўққиз йил олдин Макка даврида Расули акрам қилган саёҳатларида тортганлари аламли азобнинг ўчини тоифликлардан олиш учун уюштирилган бир интиқом жанги эмасди. Бутун ҳаётлари давомида буюк Пайғамбаримиз ҳатто энг ёмон душманларига қарши ҳам кин-адоват туйғуси билан ҳаракат қилмаганлар.

Тоиф муҳосараси анчагача чўзилди; йигирма кун давом этди. Бироқ шаҳар таслим бўлмади. Ислом қўшини бу муҳосарада қалъани йиқитиш учун дастлаб манжаниқ ва даббода ишлатишди. Мусулмонларга бу қуроллардан фойдаланиш усулини Салмон Форсий ўргатган эдилар167. Бироқ Тоиф қалъаси анча мустаҳкам эди. Тоифликлар ҳам қалъани шиддат билан мудофаа қилишар, қамалга дош беришар эди. Ҳатто қалъадан отилган ўқлардан мусулмонлар ўн шаҳид ҳам беришди. Мана шундай бир пайтда Валид ўғли Холид ўртага отилиб чиқдилар. Яккама-якка олишувга душмандан мард истадилар. Тоифликлар у кишининг таклифларига:

— Қалъада сенга қарши чиқадиган киши йўқ. Захирамиз тугагунча чидаб турамиз. Охирида ҳаммамиз бирданига қалъадан чиқамиз. Сизлар билан ўлгунимизча жанг қиламиз! − дея жавоб бердилар. Мубораза таклифини қабул қилмадилар, рад этдилар.

Қалъани олиш учун кўп қон тўкилажаги маълум бўлди. Буюк инсон Расули акрам асҳоблари билан маслаҳат қилдилар. Уларнинг раъйини сўрадилар. Навфал:

— Ҳозир тулки уясига кирган. Охиригача сиқувга олинса, чиқишга мажбур бўлади. Бироқ ўз ҳолига қўйилса ҳам, ундан бирор зарар етмайди, − дея фикрини билдирди.

Пировардида урушни тўхтатишнинг зарари бўлмаслигига қаноат қилинди. Бинобарин, Расули акрам ҳам тажовуз фикрида эмасдилар. Ислом динини ва мусулмонларни мудофаа қилардилар, холос. Инсонийлик нуқтаи назаридан қамалнинг тўхтатилиши маъқул кўрилди ва тўхтатилди.

— Ё Раббий! Сакифга (тоифликларга) ҳидоят насиб айла! Уларни бизга юбор! − дея дуо этган Фахри Коинот асҳоблари билан биргаликда у ердан айрилдилар. Макка томон йўлга тушдилар168.

Изоҳлар

 

166. «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси, 10-жилд, 180-бет.

167. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 361-бет.

168. Бир йилдан кейин Тоиф аҳолиси Расули акрамга бир ҳайъат юборди. Қон тўкилишига йўл қўймай, мусулмонликни қабул қилди. Мадинага келган мумассил ҳайъатлар орасида Пайғамбаримизни энг кўп қувонтирган ҳодиса − тоифликларнинг Исломга кириши бўлди.

Саккизинчи ҳижрат йилидаги қамалда ҳазрат Пайғамбарга қарши турган Тоиф Табук сафаридан сўнг тўққизинчи ҳижрат йилида ҳаммадан аввал ҳайъат жўнатган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этган эди.

Тоиф муҳосараси давомида Яманда бўлган тоифликларнинг бошлиғи Урва Табук сафарида Расули акрамнинг қўлга киритганлари порлоқ зафар ҳақида эшитган, Мадинага келиб мусулмонликни қабул қилган эди. Тоифга қайтгандан сўнг мусулмонликни аҳолига қабул эттириш учун кўп ҳаракат қилди. Бир куни эрталаб вақтли туриб уйининг томига чиқиб, мусулмон бўлганларни намозга чақириш учун азон айта бошлади. Ўшанда Сақийф қабиласининг бир гуруҳ аскарлари ғазабланишди, Урванинг уйини ўраб олишди. Ўлдиргунларига қадар Урвани ўқ ёмғирига тутишди. Сўнгги нафасини оларкан, Урва Ислом дини йўлида шаҳид бўлаётгани учун Аллоҳга шукр қилди ва мусулмон шаҳидларининг ёнига кўмишларини сўради (Ибн Асир). Урванинг бу тарзда шаҳид этилиши мусулмонликни қабул қилган Ҳавозин қабиласи билан тоифликларнинг орасини очди. Шундайки, Сақийф бу қилган жиноятлари туфайли ташқарига чиқолмайдиган бўлди. Қилмишларига пушаймон бўлдилар, афсус-надомат чекдилар. Пировардида мусулмонликни қабул қилишга қарор бердилар. Мадинага бир ҳайъат юбордилар. Мусулмонликка кира олиш учун баъзи шартларни илгари сурдилар. Бутларнинг маълум бир вақтгача ўз ҳолига қўйилишини сўрадилар. Ҳолбуки, мусулмонлик Якка Тангри эътиқодига суянади. Табиийки, бутга сиғинишнинг давом этилишига рухсат этилмади. Ҳайъатнинг таклифи рад қилинди. Тоифликлар ўзларининг намоздан хориж тутилишларини ҳам илтимос қилишган эди. Ўшанда Расули акрам:

« Ибодатсиз дин бўлмас. Намози бўлмаган динда хайр йўқдир», дея марҳамат қилганлар.

Тоифнинг Лот номи билан аталувчи бутини йиқитиш иши «муаллафаи қулуб»дан Абу Суфён билан билан Муғийрага топширилди. Лот йиқиларкан, Тоиф хотинлари йиғлар эдилар (Ибн Ҳишом).

Бироқ Тоиф ҳайъати юртларига қайтаётганида Пайғамбаримиз тоифликлирга мусулмонликни ва Қуръони каримни ўргатиш учун энг ёш мусулмонлардан Абул Ос ўғли Усмонни бердилар ва унга шуларни танбеҳ этдилар:

— Намозларни чўзма! Инсонларнинг энг заифларини мезон тут! Жамоат орасида катта, кичик, заиф ва иш одами бўлишини унутма! («Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 419-бет.)

Лотнинг йиқитилиши ва Тоифнинг Исломга кириши билан мусулмонлик бутун Ҳижоз водийсини қамраб олди.

   
04:59 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...