Ҳунайн ғазоти Макка фатҳидан ўн олти кун кейин Ҳунайн водийсида бўлди.
Ҳунайн водийси Макка билан Тоиф орасида жойлашган. Маккага ўн чақиримча масофада, Тоифга яқинроқ жойда эди. Ҳунайн водийси ёнида араблар орасида жуда машҳур «Зулмажоз» номида савдо маркази ташкил қилинарди.
Ҳунайн ғазоти Макканинг шарқий-жанубидаги тоғларда яшовчи Ҳавозин қабиласи билан бўлгани учун бу урушга «Ҳавозин ғазоти» ҳам дейилди.
Ҳавозин Араб ярим оролида яшовчи энг буюк қабилалардан биридир. Бу қабила Макка фатҳидан олдин бошқа араб қабилаларини мусулмонларга қарши гиж-гижлаб келган. Ваҳоланки, мусулмонлик Ҳудайбия сулҳидан кейин Арабистоннинг ҳамма жойига ёйилди, ҳатто бутпарастликнинг маркази бўлган Макка ҳам мусулмонлар қўлига ўтди. Бу ҳол Ҳавозин қабиласига қаттиқ таъсир қилди. Ўз бошларига ҳам шундай кун келишини ҳисобга олиб, тескари ташвиқот қила бошладилар.
«Муҳаммад жанг усулини билмайдиган қурайшийлардан устун келди. Бизларни ҳам маккаликларга ўхшатяптими?!» дейишар, мусулмонларга қарши ҳужумга ҳозирлик кўришар эди. Авф ўғли Молик исмли ёш бир шогирд (Ҳавозин қабиласи бошлиғи) қўшиннинг бошига ўтди. Оташин сўзлари билан уларни жангга ташвиқ этарди. Тоиф шаҳрининг ҳукмини юргизиб турган Сакиф қабиласи ҳам Ҳавозинга қўшилди. Ҳавозин билан Сакиф Арабистоннинг икки энг катта қабилаларини, ҳатто Расули акрамнинг сут оналари Ҳалима мансуб Бани Саъд қабиласини ҳам иттифоқларига олишган эди. Шу тариқа Ҳунайн водийсида ҳазрат Пайғамбарга қарши йигирма икки минг кишилик бирлашган катта бир куч тўпланди. Ҳаракатларига «ўлиш ё қолиш» ҳашами бериш учун хотинларини ва болаларини ҳам бирга олиб чиқишди; қўйлари, сигирларини-да жанг майдонига келтиришди.
Расули акрам душманнинг бу ташаббусидан хабар топдилар. Алоҳида таҳқиқ ҳам қилдилар. Ҳунайн водийсидаги бирлашган кучларни тарқатиб юбориш учун ҳозирлик кўрдилар. Ўн икки минг кишилик бир лашкар билан Маккадан чиқиб, душманга қарши юриш бошладилар.
Ислом лашкарининг икки минги Қурайш қабиласидан − яқинда мусулмонликни қабул қилган маккаликлардан эди. Абу Суфён ҳам улар билан бирга эди. Маккалик аскарлар орасида саксонтачаси мушриклардан бўлиб, Сафвон булардан эди. (Расули акрам бу ҳол билан мусулмон бўлмаганлардан ҳам аскар олиниши мумкинлигини кўрсатдилар гўё.) Қўшиннинг қолган ўн минги Макканинг фатҳи муносабати билан Мадинадан Пайғамбаримиз билан бирга келган мусулмон аскарлар эди.
Маккалик мушриклар Ҳунайн ғазоти учун Расули акрамга аскар бериш билан бирга жанг қурол-аслаҳалари ва пул ёрдами ҳам беришди. Холид ибн Валид маккалик аскарларга қўмондон этиб тайинланди ва лашкарбоши сифатида олдинга юборилди.
Муҳожирларнинг икки байроқларидан бири ҳазрат Умарда, иккинчиси ҳазрат Алида эди. Ансордан Авс қабиласининг байроғи Убода ўғли Саъднинг қўлида эди.
Расули акрам Маккани бошқариш ишини Қурайшнинг обрўли кишиларидан Усаййиднинг ёш ўғли Аттобга топширдилар. Ёнига Жабал ўғли Муозни муаллим сифатида бердилар. Муоз маккаликларга Ислом динини ўргатишлари керак эди. Сарвари олам Дулдул исмли оқ хачирларига миндилар. Қўшинни олиб Маккадан чиқдилар. Ҳунайн водийси томон йўл олдилар. Бошларида мағфар (темир кулоҳ) бор эди.
Ислом қўшини сон ва қурол-яроқ жиҳатидан устун бир вазиятда кўринди. Бу ҳол кўпчиликнинг қалбида ғурур уйғотарди.
»Бу қўшин энди енгилмайди!» деганлар бўлди161. Ҳолбуки, ҳар томонлама моддий соҳада устунликни таъминлаш билан бирга маънавиятни ҳам унутмаслик, муваффақиятни фақат Аллоҳдан сўраш керак эди.
Икки қўшин Ҳунайн водийсида тўқнашишди. Уруш куннинг илк соатларида, саҳар вақти бошланди.
Ҳунайн водийсига тушган йўл бор эди. Аскарлар бошқа-бошқа йўллардан кетган эди. Ислом лашкарлари Ҳунайнга тонг қоронғусида тушган, водийнинг паст томонидан зўрға жой олган эди. Ҳавозин эса анча олдин келган, энг қулай ерларни эгаллаган, айни пайтда пистирма қуришга ҳам улгурган эди.
Холид бошчилигидаги олдинги сафдаги маккалик аскарлар йигитлик ғурурлари жўш уриб, илгарига тезланиб, тез ҳаракат қилар эдилар. Эҳтиётсизлик қилиб, устиларига зирҳ ҳам киймаган эдилар. Иттифоқо, тўсатдан душманнинг ўқ-ёмғирларига тутилдилар, пистирмага тушиб, сафлари бузилди. Бу тарқоқлик орқадан келаётган аскарларга таъсир этди.
Ҳавозин аскарлари уста ўқчи эдилар. Улар бошлиқлари Авф ўғли Моликнинг ишорати билан эгаллаб турган жойларидан бараварига ўқ ёғдиришди. Мусулмонларнинг олдинга юришига тўсқинлик қилишди. Ислом қўшинида умумий бир чўчиш, тарқоқлик бошланди162. Аскарлар қочишга тушди. Ҳавозин ва Сакиф қабилалари эса тепаликлардан пастга тушиб, мусулмонларни таъқиб қилдилар.
Ёлғиз Расули акрам хачирларини олға, доимо олға ниқтаб, душман устига бостириб борардилар, Ислом шаҳоматининг (ақл ва зако ила мужассам жасурлик, қаҳрамонлик, журъат. - тарж.) ёрқин намунасини кўрсатар эдилар. Ўнг томонларида ҳазрат Аббос, чап томонларида амакиваччалари Ҳорис ўғли Абу Суфён бор эдилар. Улар хачирнинг тизгинидан ушлаб олишган, ҳаддан ташқари илгарилаб кетишига йўл қўймас эдилар.
Расули акрамнинг ёнларида асҳобдан жуда озчилик, Абу Бакр, Умар, Аббос, Али, Ҳорис ўғли Абу Суфён, Зайд ўғли Усомаларгина қолган эди.
Бу бузилишни кўриб иймони заиф янги мусулмонлардан кўплари фикрларини ўзгартирдилар. Ҳатто Абу Суфён ҳам: «Бу бузғунчиликнинг олдини олиб бўлмайди!» деди. Сафвоннинг укаси Қалда эса: «Бугун сеҳр (!) бузилди!» дейишгача борди. Маккаликлар орасида «Муҳаммад ўлибди (!), муҳаммадийлар тарқалди, араблар эски динларига қайтажаклар!» дея гап тарқатиб юрди. Бироқ бу гапларга қарши Макка водийсининг вакили Аттоб:
— Муҳаммад ўлса, шариати бор. Аллоҳ боқийдир! − деб одамларга таскин беришга, уларни тинчлантиришга ҳаракат қиларди.
Уруш жуда нозик бир паллага кирган, ўн икки минг кишилик Ислом лашкари чекинишга мажбур бўлиб қолган эди. Расули акрам мушриклар қаршисида Ислом қўшинининг орқага чекинаётганини кўрдилар. Ёлғиз қолганларини англадилар. Бироқ ўзларини оз бўлса-да, йўқотиб қўймадилар. Буюк қудрат соҳиби Роббиларининг ҳимоясига сиғиндилар, илоҳий ёрдамга ишондилар. Ҳолбуки, душман бутун шиддати билан Пайғамбаримизнинг устиларига ташланган эди. Мана шундай бир пайтда жанг майдонида азм, сабот ва жасоратнинг нурли мумассили Расули акрамнинг баланд овозлари янгради.
« Эй ансор!», дея ҳайқирдилар Сарвари олам.
Ансор дарҳол: «Бу ердамиз!» дея жавоб берди.
Сўнгра Расули акрам чап томонларига бурилдилар, такрор овоз бердилар ва айни жавобни олдилар163. Дарҳол хачирларидан тушдилар ва пайғамбарликнинг бутун буюклигини кўрсатувчи шу муборак сўзларини айтдилар:
«Эй Аллоҳнинг қуллари! Бу ёққа келингиз! Мен Аллоҳнинг қули ва Пайғамбариман! Бунда ёлғон йўқ! Мен Абдулмуталлиб наслиданман! » дея аскарларни чақирдилар164.
Ҳазрат Аббоснинг овозлари баланд эди. Расули акрам амакиларини чорладилар. Ансор ва муҳожирларни чақиришни буюрдилар. Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ҳам энг баланд овозда асҳобга хитоб этиб:
— Эй Ақабада байъат қилган ансор! Эй Шажараи Ризвонда сўз берган асҳоб! Муҳаммад бу ерда! Унинг ёнига келинглар! − дер эдилар.
Аббоснинг овозларини эшитган муҳожирлар ва ансорлар дарҳол жавоб бердилар: «Лаббайк, лаббайк!» («Амрингни бажаришга тайёрман!») дея орқага қайтдилар. Ҳар тарафдан югуриб келдилар. Ҳузайр ўғли Усаййид «Эй Авс!» нидоси билан, Убода ўғли Саъд «Эй Ҳазраж!» дея Авс ва Ҳазраж қабилаларини тўпладилар. Мусулмонларнинг ҳаммаси йиғилди. Сафи бузилган лашкар ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида тезда бирлашди.
Уруш бутун шиддати ила қайтадан бошланди. Расули акрам, бир томондан, Аллоҳдан ёрдам сўраб дуо қилсалар, иккинчи томондан, асҳобларга ҳужум амрини берардилар. Шиддатли ҳамлалардан душман сафи тарқалиб кетди. Қочишга бошлади. Мусулмонлар душманнинг орқасидан тушдилар. Етиб олганларини ё ўлдирар, ё асир олар эдилар. Мушриклардан ўлганларнинг сони етмишга борди. Мусулмонлар эса тўрт шаҳид беришди. Мушриклар ҳамма нарсаларини (хотинларини, болаларини, ҳайвонларини) ташлаб, жанг майдонидан қочиб қолишди.
Урушнинг аввалги дақиқаларида мусулмонлар енгила бошлаган эдилар, энди эса зафарни қўлга киритдилар. Мушриклар урушда батамом ютқиздилар. Бир вақтлар Уҳуд ғазотида мусулмонлар олдин қўллари баланд келиб турганликларига қарамай, кейинчалик тарқоқ ҳолга келганларидек, Ҳунайнда ҳам худди ўшандай ҳодиса такрорланди. Бироқ Ҳунайн ғазоти Уҳуд ғазотининг тамоман тескариси бўлиб, ғолиблар билан мағлублар ўрин алмашишган эди.
Бу ғазотда қаттиқ зарбага учраган мушриклар Ҳунайн водийсидан қочдилар. Бир қисми Ҳунайн этагидаги Автос водийсига чекинди, бошқа қисми Тоиф шаҳрига паноҳ излаб борди. Автосда тўпланганларнинг бошида Дурайд, Тоифга чекинганларнинг бошида эса Ҳавозин қабиласи бошлиғи Авф ўғли Молик турарди. Душманнинг ҳар икки гуруҳи ҳам урушни давом эттиришни истарди.
Шу сабабдан Расули акрам бу ерларда ҳам жангни давом эттиришга мажбур бўлиб қолдилар, Автос водийсига Абу Мусо ал-Ашъарийнинг амакиси Абу Омир Ашъарий бошчилигида бир қўшин юбордилар. Ҳазрат Пайғамбарнинг ўзлари эса Тоиф устига қараб юрдилар.
Абу Омир Автосда Дурайд билан рўбарў келди. Бўлиб ўтган урушда Дурайд ўлдирилди. Аммо Абу Омир ҳам шаҳид бўлди. Мусулмонларнинг байроғи олинди. Бироқ Абу Омирнинг орқасидан келаётган Абу Мусо (Абдуллоҳ ибн Қайс) қўмондонликни дарҳол қўлига олди. Душманга қарши ҳужумга ўтди. Ҳам байроқни кўтарди, ҳам Автос жангида зафар қозонди165.
Изоҳлар
161. Ислом қўшини Ҳунайн ғазотидан олдинги урушларда ўзидан уч, тўрт, ҳатто ўн марта кўп сонли душманни ер тишлатган эди. Масалан, Бадр ғазвасида мусулмонлар 305 нафар бўлса, мушриклар 900; Уҳудда мусулмон қўшини 700, душман 3000; Ҳандақда Ислом лашкари 3000, муттафиқлар 10 000 эди. Ҳудайбия санасида Пайғамбар қўшини 1400, Ҳайбарда мусулмонларнинг сони 1600, яҳудийлар 20 000 эди. Мута ҳарбида Ислом лашкари 3000 бўлгани ҳолда душман 100 000 дан ошиқ эди.
162. «Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ Пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир» (Тавба сурвси, 25-26-оятлар).
163.«Асри Саодат», 1-жилд, 483-бет.
164. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 353-бет.
165. Абу-Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу. Отлари Абдуллоҳ, кунялари Абу Мусо, оталари Қайс, оналари Тоййибадир. Абу Мусо ота томонидан Ямандаги Ашъор қабиласидан эдилар. (Ашъар − кўп тукли, демакдир.)
Маккада Ислом туғилибди, деган хабар Яманга ҳам етиб боргач, Ашъарий оилалари ҳам мусулмонликни қабул қилди. Расули акрамни кўриш мақсадида Ҳижозга йўл олдилар. Яман портидан бир кемага миниб, сув йўли орқали келаётганларида ҳаво бузилиб, Абу Мусо оилалари билан Ҳабаш тупроқларига чиқишга мажбур бўлдилар. У ерда ҳазрат Жаъфар бошчилигидаги иккинчи Ҳабаш муҳожирлари билан учрашиб, Ҳабашистонда маълум муддат қолдилар. Шундан сўнг Жаъфари Таййор билан бирга Ҳабашистондан Мадинага кўчишди. Бу пайт Расули акрам Ҳайбарнинг фатҳи билан машғул эдилар. Абу Мусо оилалари Ҳайбар фатҳига етишди. Ҳатто у кишининг оила аъзолари ўлжалардан ҳисса ҳам олган эдилар.
Абу Мусо Макка фатҳида ҳам бўлдилар. Ҳунайн ғазотига қўшилдилар. Автос жангида шаҳид бўлган амакилари Абу Омир Ашъарийдан кейин жангни бошқардилар ва ғалаба қозондилар.
Расули акрам Табук сафаридан сўнгра икки кишини закот маъмури этиб Яманга юборган эдилар. Булардан бири Абу Мусо ал-Ашъарий (Абдуллоҳ ибн Қайс) бўлсалар, иккинчиси Муоз ибн Жабал эдилар.
Вадоъ ҳажида Абу Мусо Ямандан келдилар. Расули акрам билан бирга ҳаж фарзини адо этдилар. Ҳазрат Умарнинг халифалик замонларида Басра ва Куфа волийлиги вазифаларида ишларканлар, Ироқ ва Эрон фатҳларида ҳам иштирок этдилар.
Ҳазрат Усмон замонларида Басра волийлигидан бўшатилдилар, анчадан кейин Куфа волийлигига сайландилар. Ҳазрат Али билан Макка мухолифлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлганда волий Абу Мусо бетараф қолдилар, ҳатто Куфага келган ҳазрат Алининг катта ўғиллари ҳазрат Ҳасанга қуйидагиларни айтдилар:
— Расули акрамдан эшитган эдимки, «Яқинда мусулмонлар ўртасида шундай бир фитна чиқадики, у пайт ўтирган тикка тургандан, тик турган юргандан, пиёда суворийдан хайрли (яхши)дир. Ҳақ таоло бизни биродар қилди. Бир-биримизнинг қонимизни, молимизни бир-биримизга ҳаром қилди», дея марҳамат қилган эдилар (Ибн Асир).
Шундан сўнг Жамал ва Сиффийн урушлари бўлиб ўтди. Жуда кўп қон тўкилди. Ниҳоят ҳакамлар Думатул Жандал водийсида тўпландилар. Ҳазрат Али ўзларининг номларидан Абу Мусони тўрт юз аскар билан йўлга чиқардилар. Шом волийси Муовия ҳам ўз ҳаками Ос ўғли Амрни тўрт юз киши билан йиғилиш жойига юборди.
Абу Мусо Ислом бирлиги тарафдори эдилар. Бу бирликнинг бузилишини ҳеч ҳам истамас эдилар. Ислом бирлигининг аввалги ҳолига қайтиши учун фикрларини ҳакамлар мажлисида очиқ-ойдин айтган, халифалик масаласининг ҳал бўлиши учун қайтадан шўрога мурожаат қилинишини хоҳлаган эдилар. (Ос ўғли Амр моддасига қаранг.)
Бир неча тарихчининг Абу Мусонинг софлигига шубҳа билдириб, танқид қилишлари ҳақсизликдир. Абу Мусо ҳакамлик ишида иттифоқ билан чиқарилган қарорни билдирдилар. Амр эса берилган қарорни бузди. Амрнинг хатти-ҳаракатида ҳийлакорлик кўринади. Абу Мусо вазифани тўғри, ҳаққоний бажарган, умматнинг бирлигини йўлга қўйишни ўйлаган, Усмоннинг ўлимларидан кейин осийларнинг зўрлиги билан ўтказилган сайловнинг янгиланишини ҳимоя қилган эдилар. Амрнинг ҳаракати бир муваффақият эмас, аксинча,«ҳакам усули»ни қадрсизлантирган бир ҳаракат эди. Икки томон ўртасидаги кураш ҳазрат Алининг шаҳодатларига (шаҳид этилишларига) қадар давом этди. Шу сабабдан Абу Мусони танқид қилиш − у кишининг тўғриликларини танқид қилиш бўлади.
Абу Мусо ўлимларига қадар Маккада қолдилар. Ўша ерда вафот этдилар (ҳ. 42/м. 662 ёки ҳ. 44/м. 664).
Ҳофиз Заҳабийга кўра, Абу Мусо асри саодатда фатво берган тўрт буюк саҳобанинг бири эдилар (қолган уч киши Умар, Али, Муоз).
Ҳазрат Оиша дейдиларки: «Абу Мусо эрталаблари масжидда Қуръон ўқирди. Расули акрам унинг ниҳоятда чиройли овозда Қуръон тиловат қилишидан мамнун бўлардилар» (Ибн Саъднинг «Табақот»и). Абу Мусо Расули акрамдан уч юз олтмиш ҳадис ривоят қилганлар («Ал-ҳақойиқ», 1-жилд). Тобеиндан Асвад: «Куфада ҳазрат Али ва ҳазрат Абу Мусо даражасидаги илм соҳиби йўқ эди», деган. Ҳазрат Али эса «Бу зот бошдан-оёқ илмдир» сўзлари билан Абу Мусога юксак баҳо берганлар («Асри Саодат», «Пайғамбаримизнинг асҳоби», 27-жилд).