2 жумадис сони 1446
Муъта жанги

(ҳ. 8/м. 629)

Мута жанги мусулмонлар билан византияликлар ўртасидаги урушларнинг бошланғичи ҳисобланади.

Милодий тўртинчи асрда христиан динини, олтинчи асрда эса «Византия» номини қабул қилган Шарқий Рум императорлиги (ҳ. 395/м. 1453) йигирма хил миллатдан иборат, сунъий бир йўл ила ташкил бўлган бир ҳудуддир216. Болқон ярим оролини, Онадўлини, Сурия ва Фаластинни, Миср ва Ливияни ўз ичига олган императорлик эди.

Еттинчи асрда мусулмонлар билан византияликлар орасида кечган сиёсий муносабатларни уч воқеа атрофида жамласа бўлади: элчилар ва мактублар масаласи; Муъта жанги; Табук сафари.

Муъта Сурия ўлкасида, Қуддусга икки қўноқ масофадаги бир ноҳия эди. Арабистоннинг машҳур қиличлари шу ерда ясаларди. Мута жангининг чиқишига Расули акрамнинг юборганлари бир элчининг ўлдирилиши сабаб бўлди.

Ҳудайбия сулҳидан кейин дунё ҳукмдорларини Исломга даъват қилиш учун ҳазрат Пайғамбар мактублар ёздилар, элчилар юбордилар. Бу мактублардан бирини Бусро (Ҳаврон) амири Шураҳбилга ҳам жўнатдилар. Шураҳбил ғассоний араблардан эди. Христианликни қабул қилган, ҳокимиятини Сурия ҳудудига қадар ёйган, аммо ўзи Византия императорлиги ҳимоясида эди.

Юборилган элчи саҳоба Умайр ўғли Ҳорис эди. Ҳорис Муътадан ўтаркан, Шураҳбилга дуч келди. Элчи эканини билдирди. Ёнида Расули акрамнинг хатлари бор эди. Бироқ Шураҳбил қабилалар орасидаги мавжуд ахлоқ қоидаларини ўйламади. Миллатлараро яшаётган ҳуқуқ тамойилларини оёқ ости қилди. Пайғамбаримизнинг элчилари Ҳорисни ўлдиришдек олчоқ ишга қўл урди. Ислом элчисининг ўлдирилиши шунчаки оддий ва унутиладиган масала эмас эди. Шу пайтгача Расули акрамнинг элчиларидан ҳеч бири ўлдирилмаган эди. Бу чиркин ҳаракат Исломга қарши очиқдан-очиқ тажовуз эди. Ҳар ҳолда мутажовузларга қарши бир ҳаракат, бир жавоб керак эди.

Бу ҳодисадан қаттиқ ранжиган ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол уч минг кишилик бир аскарий қувват ҳозирладилар. Озод қилган қуллари ва тутинган фарзандлари Ҳориса ўғли Зайдни қўмондон этиб тайинладилар. Сўнг «Агар муҳорабада Зайд шаҳид бўлса, қўмондонликни Жаъфар олсин. Жаъфар ҳам шаҳид бўлса, Равоҳа ўғли Абдуллоҳ қўшинга саркардалик қилсин...» дея буюрдилар217.

Топшириққа кўра, Зайд қўшини элчи Ҳорис шаҳид этилган Муъта қабиласигача бориши, Шураҳбил ва қавмини Исломга даъват этиши, қабул этишмаса, улар билан урушиши керак эди. Зотан, Пайғамбаримизнинг асосий вазифалари Исломни ёйиш эди. Бу қабилалар Исломни қабул қилишса, урушдан воз кечардилар.

Расули акрам Зайд қўшинини кузатиб қўйиш учун Мадинадан ташқарига чиқдилар. «Саниятул-Вадо» (Айрилиқ тепалиги) деб номланган жойгача бордилар. Пайғамбаримиз томонларидан ҳозирланган уч минг кишилик бу қўшинга Зайддек бир озод қилинган қулнинг саркарда этиб қўйилиши диққатни жалб қиладиган воқеалардандир. Ҳолбуки, қўшинда ҳазрат Алининг акалари Жаъфарга ўхшаган, Макка муҳожирларининг энг кўзга кўринган вакиллари, Равоҳа ўғли Абдуллоҳ каби ансорнинг буюклари бор эди. Ҳамма Зайднинг шундай улуғ зотлардан устун қўйилганига ҳайратланди. Бу ҳол, бир жиҳатдан, Исломдаги ҳақиқий тенгликни жонли суратда кўрсатса, иккинчи жиҳатдан, араблар орасида авж олган асолат (табақа айирмачилиги) анъанасига Ислом инқилоби бераётган гўзал бир ибрат эди.

Мусулмон бўлган маккалик мушриклардан машҳур суворий қўмондони Валид ўғли Холид Ислом қўшинига биринчи марта қўшилаётган эди.

Зайд бошчилигидаги қўшиннинг Мадинадан чиққанини Шураҳбил эшитди. Вазиятни дарҳол Византия императорига билдирди. Император Ҳирақл ҳам Сурияга келди. Шураҳбил юз минг ёки (бошқа бир ривоятга кўра) икки юз минг кишилик катта ва мукаммал бир қўшин тўплади. Бунинг юз минги Рум, юз минги араб қабилаларидан майдонга келган эди218. Бироқ мусулмонлар Сурия тупроқларига оёқ босгандан кейингина душман ҳақида маълумот ололдилар. Сон жиҳатдан икки томон орасида мудҳиш фарқ бор эди. Юз ёки икки юз минг кишилик катта бир душманга қарши уч минг кишилик бир ҳовучгина мужоҳид нима ҳам қила оларди? Тарихда бу даражада ўлчовсиз, тенгсиз бир жанг кўрилган эмас. Аммо ҳеч урушмай орқага қайтиш ҳам анча тахликали бўларди. Вазиятнинг ўта нозиклиги ҳисобга олиниб, бир машварат мажлиси ўтказилди. Расули акрамга хабар юборилиб, олинажак жавобга кўра ҳаракат қилиниши қарорлаштирилаётган бир пайтда Равоҳа ўғли Абдуллоҳ дарҳол ўртага отилиб чиқди.

— Эй инсонлар! − дея сўз бошлади у. − Бу ёқларга йўлга чиқишдан кўзланган мақсадимиз шаҳид бўлишлик эди. Ҳозир эса шундай ниятдан чекинмоқчи бўлиб турибмиз. Ҳолбуки, биз фақат шарафимизни юксалтирган мусулмонлик учун жанг қиламиз. Мақсадимиз зафар эмасдир. Тезроқ олға юрайлик, бу икки гўзал натижадан бирига эришамиз: ё ғозий, ё шаҳидлик!

Қаҳрамон шоир Абдуллоҳнинг бу сўзлари қўшиннинг маънавиятига буюк таъсир этди. Бир овоздан:

— Равоҳа ўғли тўғри айтяпти! Равоҳа ўғли тўғри айтяпти!− дедилар.

Дарҳол ҳаракат бошланди.

Муъта атрофида икки қўшин тўқнашди. Мусулмонлар учун Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишдан бошқа чора қолмаган эди.

Саркарда Зайд Расули акрамнинг байроқларини қўлига тутиб, олдинга отилди. Жангни бошлаб берди. Ўлимдан заррача қўрқмаётганини кўрсатди. Бироқ душманнинг найзалари орасида шаҳид бўлди, жон таслим қилди.

Маълумки, Зайд Пайғамбаримизнинг озод этилган қуллари эди. Ҳазрат Хадижа волидамиздан кейин Исломни қабул қилган илк маккалик мусулмонлардан бири эди. Расули акрам Зайдни жуда яхши кўрар эдилар. Уни олдин Умму Айманга уйлантирганлар, булардан Усома исмли ўғил туғилди. Бадрдан бошлаб то Муътада шаҳид бўлгунга қадар барча ғазотларда Зайд ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди. Қуръони каримда саҳобалардан фақат Зайднинггина номи зикр этилган.

Зайд Муътада шаҳид бўлгач, Расулуллоҳнинг танбеҳларига кўра, байроқни дарҳол Жаъфар қўлига олди. Душманга қарши юрди. Афсонавий қаҳрамонлардек солишди. Буюк жасорат кўрсатди. Аввал ўнг қўли кесилди, байроқни дарҳол чап қўлига олди. Чап қўли ҳам кесилгач эса ерга туширмаслик учун Пайғамбар байроғини танаси билан тутиб қолишга интилди. Шундай ҳолда иккига бўлиниб, ерга йиқилди ва шаҳид бўлди.

Расули акрам учун жуда севикли бўлган Жаъфар ҳомий амакилари Абу Толибнинг катта ўғли бўлиб, ҳазрат Алидан ўн ёш катта эди. Ҳабашистонга иккинчи бор кўчилаётганда мусулмонларга бошлиқ бўлди. Ҳайбар олинган куни Мадинага қайтди. Муътада шаҳид бўлганида эндигина ўттиз уч ёшга кирган йигит эди. Урушда тўқсон жойидан яраланди. Эллик жароҳатни кўксидан олган эди219.

Жаъфардан сўнг навбат Равоҳа ўғлига келди. Шоир Абдуллоҳ ибн Равоҳа Жаъфарнинг йиқилганини кўргач, чопа келиб дарҳол Пайғамбар байроқларини ердан кўтарди. Байроқни қўлда тутган ҳолда жанг қила кетди. Бироқ урушдан бир натижа чиқмайди, шекилли, деган тушунча уни чалғита бошлади. Ҳатто орада Мадинадаги моллари, боғлари, хурмозорлари ҳам кўз ўнгига келди. Ўлимга нисбатан нафсида бир тараддуд пайдо бўлди. Бир он орқага қайтди ҳам. Аммо бу ёмон (шайтон) фикрдан ўзини тезда қутқариб қола олди. Нафсини айбдор деб билди. Дарҳол аскарларни тўплади.

— Шоҳид бўлинг, биродарлар! Мадинадаги бутун молларимни Байтулмолга қолдираман! − дея ҳайқирди. Сўнгра ўзига мурожаат этди: «Эй нафс! Сен жаннатга қовушмоқни истамаяпсан! Мен эса уруша-уруша у ерга (жаннатга) бораман!» Шу заҳоти олға интилди. Шеър ўқиб, жангда давом этди. Ҳамла қила бошлади. Вужуди илма-тешик бўлиб кетди. То бир томчи қони қолгунча жанг қилди220.

Шундай қилиб, Равоҳа ўғли ҳам Зайд ва Жаъфар каби шаҳид бўлди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳадан кейин қўшин саркардасиз қолди. Умумий бир саросималик бошланди. Ансор ичидан Абу Юср байроқни ердан кўтарди. Биронтасини сайлаб ўшанга бер, деб Собитнинг қўлига тутди. Собит ибн Арқам:

— Эй мусулмонлар! Орангиздан бировни сайланглар, қўшиннинг бошига ўтсин! − дея овоз берди.

Ҳамма бир овоздан:

— Сени сайлаймиз! Бошимизга ўтказамиз!− дедилар.

Лекин Собит қабул қилмади.

— Йўқ! Бу менинг ишим эмас! − дея жавоб берди. Бироқ қўшин тарқоқ бир ҳолда эди. Холид ибн Валид қўшиннинг бошига ўтди. Тарқоқликнинг тахликаларини тушунди. Қочишни тўхтатди. Ҳамма Холиднинг атрофида тўпланди. Собит байроқни Холидга берди. Барча муҳожирларнинг истаги билан Холид қўмондонликни қўлига олди. Оқшомгача жанг қилди. Ўзининг қандай жасур қўмондон эканини кўрсатди. Ўша куни қўлида тўққиз қилич парчаланганини шахсан ўзи айтгандир221.

Эртасига Холид қўшинга бошқача тартиб берди. Ўнг томондагиларни чапга, чап томондагиларни ўнгга олди. Олдиндагиларни орқага, орқадагиларни эса олдинга ўтказди. Душман гуруҳлари қаршиларида янги сиймоларни кўриб, Ислом қўшинига янги ёрдам кучи келибди-да, деган фикрга борди. Худди шу пайтда Холид бирдан шиддатли ҳужумга ўтди ва душман сафини бузиб юборди. Ҳатто бир неча душманга қирон келтирди. Айни чоқда бу вазиятдан фойдаланишни ҳам унутмади. Фурсатни ғанимат билиб, тезда аскарларни орқага чекинтирди. Катта талафотга учратмасдан, интизомли бир юриш билан то Мадинагача келди. Ҳарбий нуқтаи назардан қаралса, улкан бир зафар даражасидаги муваффақиятни таъминлади. Даҳшатли фалокатнинг олдини олди. Икки кун давом этган бу шиддатли жангда Ислом қўшини фақат ўн икки шаҳид берган эди. Бу натижага қўмондонларнинг жангни яқиндан туриб бошқариши, жонларини фидо қилишдан қайтмагани туфайли эришилган эди.

Олти буюк саҳиҳ китобнинг биринчиси − «Саҳиҳи Бухорий»да келган ривоятга кўра, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Зайд, Жаъфар ва Ибн Равоҳанинг шаҳид бўлганлари ҳақидаги хабар келмасидан аввал жангнинг бутун тафсилотини саҳобаларига айтиб берганлар.

Муъта урушининг энг қонли палласида Мадина жомеъида минбарда ўтирган элчисига Аллоҳ таоло замон, макон ва масофа тушунчаларини йўқотиб, жанг майдонини кўрсатган эди. Ҳазрат Пайғамбар муҳораба майдонига боқиб:

— Зайд байроқни қўлига олди. Ҳозир Зайд шаҳид бўлди. Сўнгра Жаъфар олди. У ҳам шаҳид бўлди, − дея марҳамат қилдилар.

Расули акрам шуларни бир-бир айтар эканлар, икки кўзларидан ёшлар оқар эди.

— Ниҳоят байроқни Аллоҳнинг қиличларидан бири қўлига олди. Аллоҳ муҳожирларга фатҳни муяссар қилди! − дедилар.

Аллоҳнинг бу қиличи Холид ибн Валид эди. Шундан кейин у «Сайфуллоҳ» дея тилга олинадиган бўлди. Ҳазрат Холид байроқни қўлларига олишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан туриб:

— Аллоҳим! Холид Сенинг қиличларингдан бир қиличдир. Сен унга нусрат (ғолиблик) эҳсон айла! − деб дуо қилдилар222.

Қўшиннинг урушдан бу ҳолда қайтиши сабабли Мадинада баъзи мишмишлар пайдо бўлди. Ҳатто «Эй Аллоҳнинг йўлидан қочганлар!» каби маломатлар ҳам бўлди. Бироқ Расули акрам қўшинни кутиб олиш учун асҳоблари билан бирга Мадина ташқарисига чиқдилар. Ҳолбуки, Муъта фожеасидан ниҳоятда хафа эдилар.

— Зайд билан Жаъфар жаннатга кўтарилганлари чоқда Абдуллоҳни ҳам кўрдимки, у шериклари ўтирган тахтлардан озгина нарироқдаги тахт устида ўтирган экан. Бу ҳолнинг сабабини сўрадим. «Улар юрдилар. Абдуллоҳ тараддудланди (бир оз иккиланди). Кейин юрди», деган жавобни олдим, − дея марҳамат қилдилар яна Сарвари олам223.

— Аллоҳ Жаъфарга Муътада кесилган икки қўлига бадал икки қанот берди. Уни жаннатда малаклар билан бирга учаётганини кўрдим, − дея мужда бердилар224.

Жаъфар «Тайёр» (учувчи) исмини, Холид эса «Сайфуллоҳ»(Аллоҳнинг қиличи) сифатини шу воқеадан сўнг қозондилар. Биринчиси «Жаъфари Тайёр», иккинчиси «Холиди Сайфуллоҳ» дейила бошланди.

Зайд қўшини ўлароқ йўлга чиққан бу қўшин Холид қўшини ҳолида Мадинага қайтгач, Жаъфарнинг оиласи дод-фиғон кўтарди. Бу пайт Расули акрам масжидда йиғлаб ўтирган эдилар. У Зот Жаъфарнинг оиласига шундай дедилар:

— Кўз ёшларингни артинглар, Жаъфар шаҳид бўлиши билан ўзи жуда қаттиқ соғинган жойга (жаннатга) янада олдинроқ кетди. Душман қиличи зарбасидан тушган қўлининг ўрнига икки қанот тақилди. Жаъфар энди шунчаки Жаъфар эмас, Жаъфари Тайёрдир!

Бу муждани эшитгач, Жаъфари Тайёр оиласининг кўнгли тасалли топди.

— Онамиз, отамиз ва ҳар нарсамиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!225 - дея хитоб қилдилар.

Шуни илова қилишимиз лозимки, бу ердаги «қанот», «учиш» каби таъбирлар зоҳирий маънода эмас, мажоз сифатида қўлланилгандир. Бу таъбирлардан Аллоҳ эҳсон этган қувват билан Жаъфарнинг жаннатга юксалгани билинади.

Изоҳлар

 

216. Аҳмад Рафиқ. «Буюк тарихи умумий», 4-жилд, 96-бет.

217. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 311-бет.

218. "Тажрид" таржимаси, 4-жилд, 541-бет.

219. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 314-бет.

220. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 372-бет.

221. Имом Бухорий.

222. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 315-бет.

223. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 372-бет.

224. Ҳожи Меҳмед Зиҳний Афанди. «Ал-ҳақойиқ», 1-жилд, 201-бет.

225. Али Ризо Сағмон. «Ислом футуҳоти», 29-бет.

07:27 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...