23 жумадул аввал 1446
Сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулаллоҳ. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: «Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийига иймон келтиринг» (Аъроф сураси, 158).

Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири Сизга муҳаббат қўймоқлигимдир, ё Расулаллоҳ! Чунки Сиз шундай дегансиз: «Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва ҳамма одамлардан маҳбуб бўлмагунимча, комил мўмин бўла олмайди».

Дарҳақиқат, Cиз мана шундай муҳаббатга лойиқдирсиз, ё Расулаллоҳ.

Чунки Аллоҳ таоло зикрингизни баланд, қадрингизни олий, исмингизни Ўзининг исми билан ёнма-ён зикр қилиб, розилигингизни олишни мўминликка шарт қилган Зот Сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

Аллоҳ таоло айтади: «Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди» (Тавба сураси, 62).

Сизнинг амрингизга хилоф қилганларга Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирган эмасми, ё Расулаллоҳ? Аллоҳ таоло айтади: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур сураси, 62).

Сизга итоат этишни Аллоҳ таоло Ўзига итоат этиш билан ёнма-ён келтирган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ? Аллоҳ таоло айтади: «Ким Пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди» (Нисо сураси, 80).

Унга эргашмаган, итоат қилмаган, унинг амрига қарши иш қилган осийлар пушаймон ейдиган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: «Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди», дерлар» (Аҳзоб, 66).

У киши билан бир йўлни танламагани сабабидан қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекадиган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«У кунда золим икки қўлини тишлаб: «Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!» дер. «Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келгандан сўнг у (дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир», дер» (Фурқон, 27-29).

Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига эргашилиши ва итоат қилинилиши шарт этилган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт. Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас» (Оли Имрон, 31-32).

Уни ўзаро чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунча, кейин у чиқарган ҳукмга дилларда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунча зинҳор комил мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!»(Нисо, 65).

Аллоҳ таоло бизга келтирганини олишга ва қайтарганидан қайтишга буюрган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир» (Ҳашр, 7).

Аллоҳ таоло бизга, Аллоҳдан, охират кунидан умидворларга ва Аллоҳни кўп зикр қилувчиларга намуна қилган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб, 21).

Аллоҳ таолонинг неъматланган бандалари билан жаннатда бирга бўлиш башоратига унинг итоати шарт қилинган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» (Нисо, 69).

Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё-107).

Унга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган, Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам саловат йўллайдиган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб, 56).

«Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан» (Зуҳо,5), ояти нозил бўлганда,«Ундай бўлса умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман», деган Зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

Макка даври ҳаёти мазлумлар учун ибратли ҳаёт, Мадина даври эса ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга қандай раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт Сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

Сиз ҳақингизда нима дея оламан, ё Расулаллоҳ?. Ҳақиқатда Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду паймон олиб шундай деган:

«Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, деб аҳду паймонларини олиб туриб: «Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди» (Оли Имрон, 81).

Сиз ва менинг мисолим, ё Расулаллоҳ, қоронғу кечада саҳрода йўлини йўқотиб, адашган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб унинг нурида йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: «Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин, гўзал қилсин», дейман.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди.

«Ва сенинг зикрингни юқори кўтардик» (Шарҳ, 4).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди.

«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ) ва ойдин Китоб келди» (Моида, 15).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди.

«Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи, Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик» (Аҳзоб, 45-46).

Ё Саййидим, ё Расул, минг бор сўрарман узр,

Хато қилар қаламим, Сизга беролмас таъбир.

Сизга икром, эҳтиром етук қила олмадим,

Умматлик даъво қилиб, лойиқ бўла олмадим.

Зулуматни ёритиб, тонгдек иқбол қилдингиз,

Чақириб ҳақ йўлига, барчани тенг билдингиз.

Чеҳрангизда ҳақ нури балқиб туради доим,

Қўлингизда адолат, ҳақ байроғи бор, қоим.

Муҳаббат қўйиб сизга, ошиқ бўлишди қалблар,

Номингиз тилга олиб, ёш тўкишди орифлар.

Сиз Аллоҳнинг Расули, ҳабибимсиз, Мустафо,

Оламлар Роббисининг маҳбубисиз, Мужтабо.

Икки олам сарвари, башарнинг саййидисиз,

Борлиқ− бутун оламга раҳмат олиб келдингиз.

Саловат, салом йўллаб сизга айлайин таъзим,

Қиёмат кун қўлимдан тутинг, азиз Устозим!

Кўкалдош мадрасаси ўқитувчиси

Қудратуллоҳ Сиддиқмуҳаммадий

 
06:05 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...