23 жумадул аввал 1446
Мусулмонликнинг бутун Арабистонда ёйилиши

Ҳижратнинг олтинчи йили имзоланган Ҳудайбия сулҳи билан мусулмонликнинг сиёсий борлиғи Қурайш қабиласи томонидан расман тан олинган эди. Ўша йилдан бошлаб Мадинага араб қабилалари тарафидан юборилган сафорат ҳайъатлари кела бошлади. Расули Акрам ҳам замонасининг буюк давлатларига, қўшни ҳукуматларга мактублар ёздилар, элчилар жўнатдилар. Уларни Исломга даъват қилдилар.

Исломнинг Ҳудайбия сулҳидан бери сиёсий борлиғи давом этиб келганлигига қарамай, саккизинчи ҳижрат йилида Макка ҳануз бутга сиғинувчи арабларнинг дин маркази эди. Ҳар йили бу ерда ҳаж мавсумида Араб ярим оролининг ҳар тарафидан аҳоли оқиб келарди. Араб қабилалари мусулмонлар билан қурайшийлар ўртасидаги сиёсий ва ҳарбий курашларнинг бутун паллаларини яқиндан кузатиб бораётган эдилар. Макканинг мусулмонлар қўлига ўтиши, Қурайш қабиласидан муҳим бир қисмининг Исломга кириши араб қабилаларига қаттиқ таъсир ўтказди. Чунки авваллари Расули Акрам қайси қабилага мурожаат қилсалар, «Олдин ўз қабиланг бўлган қурайшийларни (Исломга киришга) кўндир», деган жавобни беришар эди.

Тўққизинчи ҳижрат йилида амалга оширилган Табук сафари, буюк Ислом қўшинининг Византиядек энг қудратли дунё империясининг ҳам додини бергани Ислом қудратини дўстга ҳам душманга ҳам танитди. Айни пайтда, бу сафар мусулмонликнинг бутун Арабистонда ёйилишига ҳам сабаб бўлди. Табук сафаридан сўнг араб қабилалари Мадинага мумассиллар жўнатдилар, Расули Акрамнинг ҳузурларида Исломга бўйин эгдилар. Ҳолбуки, бундан олдин Расули Акрам Ислом динини ёйиш учун атрофга, қабилаларга муршидлар, муаллимлар юборар эдилар.

Саккизинчи ҳижрат йилида имзоланган сулҳда Расули Акрамга қарши чиққан Тоиф ва тоифликлар Табук сафаридан сўнг, тўққизинчи ҳижрат йилида ҳаммадан олдин бир ҳайъат юбориб, Расули Акрамга итоат этди.

Араб қабилалари юборган мумассиллар энг кўп ҳижратнинг тўққизинчи санаси мобайнида келишди. Шу сабабли тўққизинчи ҳижрат йилига «Санатул вуфуд» – «Элчилар йили» дейилди288.

Вафд (элчи) калимасининг жамъи бўлган «вуфуд» сафорат шаклида келган ҳайъатларга берилган ном эди. Бу ҳайъатлар Мадинага Арабистоннинг энг узоқ жойларидан, масалан, Ямандан, Хадрамутдан, Баҳрайндан, Уммон, Сурия ва Эрон ҳудудидан келишар, Исломга боғлиқликларини Расули Акрамга билдиришар эди. Ўшанда араб қабилаларидан етмишдан ортиғи элчи ҳайъатлар юборган. Илк келган ҳайъат йигирма тўрт кишидан иборат бўлиб, Ҳавозин қабиласининг мумассиллари эдилар. Бу ҳайъат саккизинчи ҳижрат йилида, Тоиф қамалидан кейин Расули Акрам билан Жиърона водийсида учрашишди.

Охирда келган ҳайъат эса, Нахо қабиласининг икки юз кишилик вакиллари бўлди. Бу ҳайъат ўнинчи ҳижрат йилида Мадинани зиёрат қилиш учун Яман ўлкасидан келди.

Демак, қабила элчиларининг Мадинага – Расули Акрамнинг зиёратларига энг кўп келган даври ҳижратнинг саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи йиллари бўлди. Бу мумассил ҳайъатлар ё мусулмон бўлиш, ёки Ислом динига кирганликларини билдириш, ёхуд қабул қилганлари Ислом динининг асосларини ўрганиш учун Мадинага келар эдилар.

Бирор мумассил ҳайъат келганида Расули Акрам дарҳол янги кийимларини кияр, у ҳайъатни назокат, севги билан қабул қилар эдилар289.

Ҳар кимнинг ҳолига ва кайфиятига, ҳар қабиланинг одатига ва анъанасига мувофиқ суҳбат қилардилар290. Баъзан бу мусофирларни бой саҳобалар уйларига юбориб, уларнинг мусофирпарварлик туйғуларини орттиришга ҳаракат қилардилар. Қайтишларида ҳайъатларнинг йўл харажатларини берардилар, уларни муносиб совғалар билан кузатардилар. Ўнинчи ҳижрат йилида мумассил ҳайъатлар учун Мадинада бир меҳмонхона ҳам қурилди291.

Шундан сўнг қабила мумассиллари бу меҳмонхоналарда қоладиган бўлдилар.

Расули Акрам мусулмонликни қабул қилган ҳар қабилага биттадан муршид ва муаллим қўшиб жўнатардилар. Бу муршидлар Исломнинг асосий рукнларини ўргатишарди. Айни пайтда, улар сайёр «фиқҳ домласи» ҳам эди. Халққа ҳам Ислом фиқҳини (эътиқод, ибодат ва ахлоқ йўриқларини) ўргатишар, ҳам қабилаларга маданият (инсонийлик) олиб кирар эдилар. Қабилаларнинг истаклари билан уларга волийлар ҳам юборилиб, у ерларда ҳатто ҳукуматлар қурилди292.

Сарвари Олам мусулмонликни қабул қилган қабилалардан закот ва садақа йиғиш ишини маълум тартибга солдилар. Бу вазифа учун алоҳида бир бино ажратилди. Қабилаларга таҳсилдорлар юборилди. Ҳар мусулмоннинг бериши диний фарз бўлган закот Байтулмолнинг асосий даромад манбаи бўлди293.

Мусулмонлик Араб ярим оролининг ҳар тарафига яшин тезлигида ёйилди. Ислом дини Арабистоннинг энг чекка бурчакларига ҳам эшитилди.

Ҳижратнинг тўққизинчи ва ўнинчи саналари мусулмонликнинг ёйилиш йиллари бўлди. Бу ярим оролнинг энг узоқ ва энг яқин жойлардаги халқ денгиз тўлқинлари каби гуруҳ-гуруҳ Мадинага томон ошиқар, Ислом динига кириш бўйича гўё бир-бирлари билан рақобатлашишар эди294.

Мадинага келган қабилалар орасида христиан ва мусавийлар ҳам бор эди. Бани Нажрон ва Бани Ханифа христиан қабилаларининг машҳурларидан эди. Булардан Бани Нажрон христианлари етмиш кишилик бир тамсил ҳайъати юбордилар. Мадинага келган ҳайъатлар ичида энг диққатни ўзига тортган ҳам Нажрон христианларининг вакиллари бўлди. Ҳайъатнинг бошида Абдулмасиҳ билан Абдулҳорис туришарди. Булар католик мазҳабидан эди. Ҳижоз билан Яман орасида чўзилган бой Нажрон водийси узоқ йиллар давомида христианлик ташвиқотининг марказига айланган эди. Бошқа қабила мумассиллари мусулмон уйларида меҳмон этилганлари ҳолда, Нажрон вакиллари Пайғамбар масжидида меҳмон қилинди, у ерда ўз диний маросимларини ўтказишларига рухсат этилди.

Бироқ Нажрон ҳайъати уларга кўрсатилган шунча кенг илтифотга қарамай, Исломни қабул қилишга уринмадилар. Фақат, Расули Акрам билан шартнома имзолаб, юртларига қайтдилар. «Кимсага тажовуз этмаганлари тақдирда ўзлари ҳам тажовузга учрамасликлари» келишиб олинди.

Шу билан бирга, христианлик Арабистонда узоқ яшай олмади. Кўп ўтмай, ўрнини мусулмонликка бўшатиб берди.

Нажд ва Ямома қабилаларидан Бани Ханифа қабиласи ҳам Мадинага бир ҳайъат юборди. Мусулмонликни қабул қилди. Ичларида машҳур Мусайлама ҳам бор эди. Қабиласи билан Мадинага келган Мусайлама қайтишида мусулмонликдан чиқиб, муртад бўлди, кейинчалик эса, пайғамбарликни даъво қилиб чиқди. Унга тарихда «Мусайламатул-каззоб» – «Ёлғончи Мусайлама» номи берилди.

Булардан ташқари, Бани Асад қабиласининг бошлиғи Тулайҳа, Яман қабилаларидан Анс қабиласининг бошлиғи Асвади Ансийлар ҳам Мадинага келишган, иймон келтириб, мусулмон бўлишган эди. Қайтишларида иккиси ҳам Мусайламага ўхшаб муртад бўлиб (мусулмонликдан чиқиб), пайғамбарлик савдосига тутилдилар. Бироқ Расули Акрамдан сўнгра, Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу  даврида бутун муртадлар (мартажийлар) каби, бу ёлғончи пағамбарлар (мутанаббийлар) ҳам жазоларини топдилар, ўртадан йўқотилдилар (ҳ. 11/м. 632).

Расули Акрамни зиёрат этган қабилалардан Нажд ва Баҳрайн ўртасида жойлашган Бани Тамим қабиласининг ашрафи энг фасиҳ шоирларини ҳам олиб келишди. Бу шоирлар Расули Акрам ҳузурларида мусулмонлар билан шеърий мусобақага киришишди, мағлуб бўлгач, мусулмонликни қабул қилишди. Ибн Асирга кўра, Бани Тамим номидан гапирган хатиб Уторит эди. Мусулмонлар номидан Собит ўғли Қайс сўзга чиққан, Бани Тамим нотиғини гапиртирмай қўйган. Бани Тайй қабиласи эса мусулмонларга қарши итоатсиз бир ҳолат олган, тинмай бутпарастликни ёқлар эди.

Бир томондан, закот ва жизя таҳсилдорлари айланиб юраркан, бошқа томондан, мусулмонликни кўп қабул қилган жойларга бутларни синдириш учун аскарий гуруҳлар жўнатилар эди.

Ҳазрати Али бошчилигидаги икки юз (бир ривоятда уч юз) кишилик бир аскарий гуруҳга Бани Тайй қабиласига оид эски бир ибодатхонани йиқитиш вазифаси топширилди. Қабила бошлиғи, тажовузга учраётибмизми, деган хаёлга борди. Ерларига мусулмонларнинг киришини истамади. Икки ўртада бир тўқнашув бўлди. Қабила бошлиғи Адий саховати билан араб шоирларига мавзу бўлган машҳур Ҳотам Тойнинг ўғли эди. Адий Ғассоний арабларидан паноҳ сўраб борди. Қабиласининг кўпчилик ашрафи Ҳазрати Али аскарлари томонидан асир олиниб, Мадинага олиб кетилди295. Асирлар орасида қабила бошлиғи Адийнинг опаси – Ҳотам Тойнинг қизи Сафона ҳам бор эди. Сафона, мени Пайғамбар ҳузурларига олиб боринглар, деди. Расули Акрам ҳузурларига келгач эса:

— Ў Расулуллоҳ! Отам ўлган. Ўлғиз ақрабом – укам тоғларга қочиб кетди. Ҳурриятимни қўлга киритишим учун фидя беришга имконим йўқ. Қутилишим учун Сизнинг юксак лутф-марҳаматингиздан паноҳ сўрайман. Отам Ҳотамнинг исмини эшитгандирсиз. Сахий бир одам эди. Қабиласининг амири эди. Асирларни озод қилар, аёлларнинг номусини ҳимоя этар, фақир-фуқаронинг қорнини тўйдириб, бошига кулфат тушганларга ёрдам берар, ҳеч қандай илтимосни рад этмас эди. Мен ўша Ҳотамнинг қизи Сафонаман! – дейиши билан Расули Акрам:

— Ҳотамнинг қизи Сафона озоддир! Отаси олийжаноб бир одам эди. Аллоҳ таоло марҳаматли бўлганларни севади. Умрини бутга сиғинувчилар орасида ўтказган бир одам учун Аллоҳнинг марҳаматини сўраш жоиз бўлса, отангга раҳматлар ўқирдим! – дедилар марҳамат қилиб296.

Ҳотам қизи билан қабиладошлари қўйиб юборилди. Уларга қимматли совғалар берилди. Ҳотамнинг қизи Сурияга кетди. Укаси Адийни топди. Расули Акрамнинг кўрсатган сахийликларини укасига тушунтирди. Укасини Мадинага юборди. Адий Расули Акрам ҳузурларига кирди. Ислом динини қабул қилди. Расули Акрам Адийни ҳам қабиласига юбордилар. Адий қабиласига қайтди. Қабиладошларига бутпарастликни ташлаттирди. Шу тариқа Бани Тайй қабиласи ҳам мусулмонликни қабул қилди297.

Яна бу орада машҳур араб шоири Каъб ибн Зуҳайр ҳам мусулмонликни қабул қилди. Каъбнинг отаси Зуҳайр Исломдан аввал жоҳилият даври шоирларидан бўлган. Мусобақаларда шеърлари юқори баҳоланган. «Муаллақа асҳоб»идан, яъни Каъба деворига осилган етти муаллақадан бирининг муаллифи эди. Қасидаси учинчи ўринни олган. Зуҳайрнинг Бужайр ва Каъб исмли икки ўғли бор эди. Бужайр анча олдин Ислом динини қабул қилган, аммо укаси Каъб мусулмон бўлмаган, бунинг устига, мусулмонларга қарши таҳқирлари билан танилган бир шоирдир. Каъб Расули Акрамни, Ислом динини, Ислом эътиқодини заҳарли ҳажвияларида камситар эди. Бужайр Каъбнинг Исломга кириши учун кўп ваъзу насиҳатлар, тавсиялар берди, лекин уни кўндиролмади. Ва ниҳоят Каъб Расули Акрамнинг олийжанобликларига тан бериб, ул Зотдан имдод сўрашга қарор берди. Мадинага келди. Шаҳарга кечқурун кирди. Эртаси кун эрталаб яширинча масжидга кирди. Тиз чўкиб ўтирди... Расули Акрамга:

— Ў Расулуллоҳ! Ўтмишдаги гуноҳларига тавба қилиб Ислом динини қабул қилган Каъбни ҳузурингизга мусулмон ҳолда олиб келсам, уни афв этасизми? – дея сўради.

Расули Акрамдан «Ҳа!» жавобини олгандан кейин ўзини танитди: Каъб ибн Зуҳайр эканлигини маълум қилди. Атрофида ўтирган бир неча саҳоба, Каъбни ўлдиришга Расули Акрамдан рухсат сўрашди. Аммо Расули Акрам:

— Йўқ! Каъб афв этилди! – дедилар.

— Шундан сўнг Каъб араб шеъриятининг бир шоҳ асари ҳисобланган қасидасини Сарвари Оламнинг ҳузурларида ўқиб берди. Бу қасидага «Бонат Суод» қасидаси дейилди. (Суод шоир севгилисининг исми эди.) Қасида эллик етти ёки эллик тўққиз байтдан иборат. Шоир қасиданинг Пайғамбаримизни мадҳ этган жойига келганда, Расули Акрам елкаларидаги ҳирқаларини Каъбга ҳадя қилдилар. Шоир бу байтида шундай деган эди:

«Пайғамбар дунёни нурлантирган бир машъаладир. Ҳар ёмонликни маҳв этган Аллоҳнинг қиличларидан биридир!»298

Расули Акрам бурдаларини (ҳирқаи саодатларини) шоирга кийдирганлари учун Каъбнинг «Бонат Суод» қасидаси «Қасидаи Бурда» ёҳуд «Қасидаи Буръа» номлари билан шуҳрат қозонди. (Бурда – ҳирқа, Буръа – шифо берувчи маъноларида келади.)299

Ортиқ Арабистонда мусулмонларга қарши турадиган ҳеч қандай куч қолмади. Икки йил ичида у ерда-бу ерда яшаган мусавийлар ва христианларни ҳисобга олмаганда, бутун Араб ярим оролида ёлғиз Ислом дини ҳоким бўлди. Ҳар тарафда фақат «тавҳид аломати»бўлган «Аллоҳу акбар» садоси янгради. Бу порлоқ зафар инсон қудратидан зиёда, Аллоҳнинг тафвиқий асари эди300.

Изоҳлар

287. «У (Аллоҳ) ўз Пайғамбари (Муҳаммад алайҳиссалом)ни ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир» (Фатҳ сураси, 28-оят).

Бу ояти карима мусулмонликнинг бутун динлардан устун бўлажагини муждалагандир. Мусулмонликнинг Арабистонда бутун динларга устунлиги Расули акрам замонларида воқеъ бўлди (Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 204-бет).

288. Ибн Ҳишом.

289. Субҳи Пошо. «Ҳақойиқул калом фил тарихил-Ислам», 113-бет.

290. Жавдат Пошо. «Қиссаси анбиё», 3-жилд, 332-бет.

291. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 525-бет.

292. «Ҳақойиқул калом...», 114-бет.

293. «Пайғамбаримиз», 205-бет.

294. «(Эй Муҳаммад), қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса ва одамлар тўп-тўп бўлишиб Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз, дарҳол Парвордигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни ҳар қандай «шерик»лардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир» (Наср сураси, 1-3-оятлар).

Бу сура Расули акрам вафотларининг яқинлашганига ишора саналган, Қуръондаги энг сўнг нозил бўлган сура сифатида қабул қилинган («Қуръон тили», 8-жилд, 6234-бет).

Ибн Умарга кўра, бу сура Расули акрамнинг сўнгги ҳажлари асносида нозил бўлган (Абу Ҳаййон).

Шуни эътиборга олиб, Наср сураси Вадоъ ҳажида, ҳайитнинг иккинчи куни нозил бўлган, деганларнинг ривоятини қабул этмоқ лозимдир.

295. «Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад», 292-бет.

296. Машҳур Шайх Саъдий бу ҳаяжонли ҳикояни «Бўстон» номли китобида нақадар гўзал англатган!

297. Амир Али. «Руҳи Ислом», 99-бет; Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 206-бет.

298. Арабчаси:

299. Расули акрамнинг Зубайр ўғли Каъбга ҳадя этганлари бу ҳирқани Шом умавий давлатини қурган Муовия Каъбдан кейин унинг ворисларидан қирқ минг дирҳамга сотиб олган эди. Кейинчалик бу «Ҳирқаи Саодат» умавийлардан аббосийларга ва Миср аббосийларидан усмонийларга ўтди. Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейида «Ҳирқаи Саодат» бўлимида олтин бир маҳфаза (қимматли ашёлар сақланадиган қути) ичида сақланмоқда. Бу маҳфаза учинчи Султон Мурод томонидан ясалган (Таҳсин Ўз. «Ҳирқаи Саодат бўлими», 23-бет).

300. «Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан (Макка кофирларлари орасидаги) сизлар душманлашиб юрган кимсалар ўртасида (уларни ҳам иймон ва Исломга муваффақ қилиш билан)  бир дўстликни пайдо қилиб қўюр. Аллоҳ барча ишга қодирдир. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Мумтаҳана сура, 7-оят).

00:43 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...