5 рабиъус сони 1446
Дунё давлатларини ва қўшни ҳукуматларни Исломга даъват этиш

Дунё давлатларини ва қўшни ҳукуматларни Исломга даъват этиш 255.

Жаноби Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам маккалик мушриклар билан Ҳудайбия сулҳ шартномасини тузганларини256 юқорида айтган эдик. Ҳудайбиядан Мадинага қайтишларида асҳобларини тўпладилар.

— Эй инсонлар! Аллоҳ таоло мени оламга раҳмат ўлароқ юборди257. Диққат қилингиз. Исонинг ҳаворийлари каби сиз ҳам ихтилофга тушмангиз. Турингиз, менинг номимдан ҳақиқатни эълон этингиз! – дея хитоб қилдилар258.

Энди динни ҳар тарафга ёйиш, пайғамбарликларини бутун дунёга билдириш пайти келганлигини тушунтирдилар. Чунки Расули Акрам фақат арабларгагина юборилган Пайғамбар эмас эдилар.

Чунончи, «Мусулмонлик бутун дунёнинг хайри учун юборилган бир даъватдир. Мусулмонлик дин бирлигидир. Мусулмонлик жами инсонларни бир-бирига боғлайдиган, бутун дунёни қоплайдиган иймон бирлигидир. Мусулмонлик ёлғиз араб дини эмас. Мусулмонлик инсоният динидир, Ислом бирлигидир. Бу Ислом бирлигига илк кирган эса, араблар бўлди259. Араблар фақат илоҳий ваҳийни эшитиш учун Ҳазрати Пайғамбарнинг атрофларида тўпланишган эди260».

Ҳудайбия сулҳи икки томон ўртасида тинчлик ва хафвсизликни таъминлаган эди. Расули Акрам ўша даврдаги буюк давлатларга (Византия қайсарига, Эрон қисросига), қўшни ҳукуматларга (Ҳабаш нажошийсига, Миср азизига) ҳамда араб бекларига (Ғассоний беклигига, Ямома беклигига) юбориш учун котибларига мактублар ёздирдилар. Бутун мактубларда «хотами набавий» (Пайғамбар муҳри) дейилувчи бир муҳр босилди. Бу кумуш муҳрнинг устига «Муҳаммадун Расулуллоҳ» ибораси ёзилган эди261.

Ҳижратнинг еттинчи йили, Муҳаррам ойида (м. 628) ёзилган бу мактубларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида элчилар воситасида жўнатилди. Элчиларнинг бир қисми Ҳайбар фатҳидан олдин, бошқа қисми эса, кейин йўлга чиқарилди. Расули Акрам саҳобалари орасида қуйидагиларни элчи қилиб тайинладилар:

1) Диҳйатул Калбий – Византия императорига;

2) Хузофа ўғли Абдуллоҳ – Эрон кисросига;

3) Умайя ўғли Умайр – Ҳабаш нажошийсига;

4) Балтаъа ўғли Хотиб – Миср азизига;

5) Ваҳб ўғли Шужо – Ғассон амирига;

6) Умайр ўғли Салут – Ямома маликига.

1. Византия императорлари «қайсар», Эрон шаҳаншоҳлари эса«кисро» дейиларди. Ўша пайтда Византия (Шарқий Рум) императорлигида Хераклиюс, Ираклиюз сулоласи (610-717) ҳукм сурарди262, императори Ҳирақл эди. Қустантиния (Истанбул) Шарқий Румнинг пойтахт шаҳри эди. Хулайфатул Калбий ўғли Диҳя Расули Акрамнинг мактубларини олиб борганида император Ҳирақл Қуддусда эди. Эронликлар устидан қозонилган порлоқ зафар туфайли263 миннатдорлигини билдириш учун буюк бир дабдаба билан Қуддусга келган эди. Қайсар ўтадиган йўлларга пояндозлар тўшалган, оёқлари остига гуллар сочилган эди264.

Мактуб императорга ғассонийларнинг амири Ҳорис орқали киритилди. Ғассоний Араб беклиги Сурияда Византиянинг ҳимояси остида эди. Идора маркази Бусро – Ҳаврон эди. Ҳорис императорга Расули Акрамнинг мактубларини ҳам, элчиларини ҳам билдирди ва қарши ҳаракат бошлаш учун ундан рухсат сўради. Бироқ император бу ишга рухсат бермади. Эронликлар устидан қозонилган ғалаба муносабати билан Қуддусда ташкил этилган маросимда Ҳориснинг бўлишини фойдали деб билди265.

Қайсар Ҳирақл Расули Акрамнинг элчиларини жуда яхши кутиб олди. Мактубни олгач, яқин атрофдан биронта араб топиб келинишини истади. Ҳудайбия сулҳидан кейин қурайшийлардан бир тижорат карвони Сурияга келган, Ғазза деган жойга қўнган эди. Мусулмонликнинг ашаддий душмани Абу Суфён ҳам шулар орасида эди.

Император Ҳирақл ўша куни қароргоҳининг бутун ҳашаматини кўз-кўз қилишни буюрди. Тожини кийди, тахтига ўтирди. Византиянинг катта давлат одамлари, поплар, жами роҳиблар императорнинг атрофига саф тортиб олишди.

Араб тожирлари императорнинг ҳузурига келтирилдилар ва тантанали тарзда кутиб олиндилар. Император Расули Акрам ҳақларида маълумот олишни хоҳларди. Тожирларга шундай хитоб қилди:

— Ичингизда пайғамбарлик даъвоси билан чиққан бу Зотга насл-насаб жиҳатидан энг яқин ким бор?

Дарҳол Абу Суфён ўртага отилди:

— Унинг энг яқини менман! – дея жавоб берди. Макканинг давлат бошлиғи Абу Суфён ўшанда ҳали мусулмон бўлмаган эди. Қайсар ва Абу Суфён орасида Расулуллоҳ Акрам ҳақларида диққатга лойиқ бир савол-жавоб бўлиб ўтди266. Абу Суфён у ерда ёлғон гапирадиган вазиятда эмасди. Орқасида турган карвондош ўртоқларидан чўчиди267. Император билан Абу Суфён қуйидагича савол-жавоб қилишди:

— Ичингизда Пайғамбар оиласининг мавқеи қандай?

—Муҳаммад асил бир оиладандир.

— Ундан олдин оилангиздан бирон кимса пайғамбарлик даъво қилганми?

— Йўқ.

— Янги динга кирганлар қавмнинг ашрафими, заифларими?

— Ашраф оз, кўпчилиги халқнинг заифлари.

— Унга тобеъ бўлганлар ортяптими, камайиб боряптими?

— Ортяпти.

—Унинг динига киргандан кейин қайтиб чиққан борми?

— Йўқ.

— Пайғамбарлик даъвосидан олдин бу Зотнинг ҳеч ёлғон сўзлаганини кўрганмисизлар?

— Асло!

— Аҳдида, сўзида турмаган пайтлар бўлганми?

— Йўқ. Бироқ биз ҳозир у билан бир сулҳ тузганмиз. Бу муддат ичида нима қилишини билмаймиз! Сулҳга риоя қилиб-қилмаслигини энди кўрамиз.

— Ҳеч у билан жанг қилдингизларми?

— Ҳа, қилдик.

— Натижа нима бўлди?

— Жанг толеи навбат иладир. Баъзан у, баъзида биз ғолиб келардик.

— Пайғамбарнинг сизга қилаётган амрлари, тавсиялари нелардир?

—«Ёлғиз Аллоҳга қуллик этингиз. Унга шерик қўшмангиз, боболарингиз динини ташлангиз», дейди. Намоз ўқишни, закот беришни, иффатли бўлиш, тўғри сўзлашни, ақрабога ҳурматда бўлишни буюради.

Шундан сўнг император Ҳирақл таржимони воситасида шундай сўзларни баён этди:

— Пайғамбарнинг сулоласини сўрадим, асил бир оиладан эканлигини айтдингиз. Пайғамбарларнинг насли доимо асил бўлади. «Аввал оиласи ичида бирортаси бундай даъво билан чиққанми?» дедим. Йўқ, дедингиз. Бор бўлганида эди, Муҳаммаднинг даъватини эски бир даъвонинг давоми ҳисоблардим. «Оиласи ичида ҳукмдорлик қилган бирор кимса чиққанми?» деб сўрадим.«Чиқмаган», дедингиз. Бундан эса, Унинг сарват ва салтанат орқасидан югурмаганини англадим. «Аввал Унинг ҳеч ёлғон гапирганини кўрдингизми?» саволимнинг жавоби «Йўқ!» бўлди. Унинг ёлғон сўзламаганига гувоҳлик бердингиз. Инсонларга ёлғон сўзламаган, Аллоҳга қарши ҳам ёлғон сўзлашга жасорат этолмайди. «Унга эргашганлар халқнинг ашрафими, заифларими?» дея сўрадим, заиф инсонларнинг Унга тобеъ бўлганлигини айтдингиз. Пайғамбарларга илк эргашганлар доимо заифлар бўлади. «Ўртоқлари ортяптими, камайиб боряптими?» деган сўроғимга ҳам, «Доимо ортиб боряпти», дедингиз. Ҳақ динда доимо шундай бўлади. «Унинг динига кириб, кейин бу динни ёқтирмай чиққанлар бўляптими?» деган саволимга, «Йўқ, бўлмаяпти», жавобини бердингиз. Иймон қалбга жо бўлгач, қайта чиқмайди. «Ҳеч кимни алдадими?» деб сўрадим; Пайғамбарнинг ҳеч кимсани алдамаганини эътироф этдингиз. Ҳақиқий пайғамбарлар ана шундай бўлади. Сизни нимага даъват қилаётганини сўрадим. Пайғамбарнинг сизни Аллоҳдан қўрқишликка, Аллоҳга қуллик этишга, Унга ширк қўшмасликка чақирганини сўзладингиз. Агар шу айтганларингиз рост бўлса, мен ҳам сизга хабар бераманки, жуда қисқа вақт ичида шу оёқларим босиб турган ерлар У Зотники бўлажакдир268. Мен бу Пайғамбарнинг келишини билардим. Аммо уни Арабистондан чиқади, деб ўйламагандим. Арабистонга бора олсам, У билан кўришмоқ учун ҳар қандай машаққат чекишга рози эдим. Ўнгида бўлардим, мана шу қўлларим билан Унинг оёқларини ювардим, сувини тўкардим269.

Шундан сўнг Византия императори Ҳирақл Расули Акрамнинг мактубларини ўқитди. «Бисмиллоҳ» билан бошланувчи бу мактубда Расули Акрам шундай марҳамат қилган эдилар:

«Аллоҳнинг қули ва Пайғамбари Муҳаммаддан Румнинг улуғи Ҳирақлга. Тўғри йўлдан кетганга салом бўлсин. Бундан кейин мен сени Исломга даъват этаман. Исломга кир − саломат қолгайсан. Аллоҳ сенга ажрини икки қат берсин (ҳам Исога, ҳам Муҳаммадга иймон этганинг учун). Агар қабул қилмасанг, бутун халқнинг гуноҳи сенинг бўйнингдадир»270.

Расули Акрам Қуръони Каримнинг ушбу оятларини ҳам мактубларига илова қилган эдилар:

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!»271

Ҳа, Расули Акрам бу мактублари билан аҳли китобни (яҳудийлар ва насороларни) ўн тўрт аср олдин Якка Тангри эътиқодига даъват этган эдилар.

Император билан Абу Суфён ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан йиғилишда ўтирган поплар ниҳоятда ғазабландилар. Расули Акрамнинг бу мактублари уларни тамоман ақлдан оздираёзди. Ҳолбуки, император Ҳирақлнинг қалбида мусулмонликка нисбатан буюк бир илиқ туйғу пайдо бўлган эди. Император мамлакатнинг катта дин одамларини мусулмонликка ўтишини истади. Фақат буларга гап уқтириш қийин эканлигини, фикрини ошкор айтса, улар ўзига қарши ҳаракат қилишларини сезди, мансабидан қўрқиб, самимий туйғуларини очиқ ифодалай олмади. Бироқ Расули Акрамнинг элчиларини жуда чиройли кузатиб юборди.

Расулуллоҳнинг Қуръонга суянган ҳолда аҳли китобга қилган бу таклифлари қабул бўлса эди, инсоният тарихида катта муваффақият қозонилган бўлур эди! Бутун динлар ўртасида муштарак бир иймон асоси қўйилган, бутун диний ихтилофларга барҳам берилган бўлур эди 272.

2. Византиянинг қўшниси ва рақиби Эронда ўша пайтда Сосоний сулоласи бор эди. Эрон шоҳи Хусрав Парвез эди. Эроннинг давлат маркази Мадоин шаҳри эди. Эронликлар у пайтларда мажусийлик (оташпарастлик) мазҳабида бўлганлар. Оташпарастлик мазҳаби милоддан, тахминан, олти аср аввал Зардушт исмли бир файласуф томонидан майдонга келган эди.

Зардушт мазҳабига кўра икки тангри бор: Хурмуз ва Ахриман. Хурмуз ёруғлик, тозалик, яхшилик тангриси; Ахриман эса ифлослик, ёмонлик, тангриси ҳисобланади. Оловда ҳар нарсани тозалаш хусусияти борлиги учун Хурмузнинг мумассили эди. Оловга сиғиниш шундан келиб чиққан. Хурмуз «Ахурамазда» деб аталгани учун Зардушт мазҳаби Ахурамазданинг исми туфайли «маздаизм» номини ҳам олган. Зардушт ёки маздаизм мазҳабининг муқаддас китоби «Авесто» эди.

Расули Акрам Эрон ҳукмдорини Исломга даъват этиш учун мактубларини Ҳузайфа ўғли Абдуллоҳдан бериб юбордилар. Бир ривоятга кўра, Абдуллоҳ Расули Акрамнинг мактубларини шоҳга Мадоинда шахсан ўзи топширган. Бошқа бир ривоятга кўра эса Расули Акрам мактубларини Абдуллоҳга бериб, Баҳрайн амирига етказишни буюрганлар. Баҳрайн амири ўша пайт Эронга боғлиқ эди. Элчи Абдуллоҳ мактубни Баҳрайн амири Мунзирга берган, Мунзир эса Эрон кисросига тақдим этган. «Бисмиллоҳ» ила бошланувчи бу мактубларида Расули Акрам шундай марҳамат қилган эдилар:

«Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммаддан Форс (Эрон)нинг буюги Кисрога. Тўғри йўлдан кетганларга, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирганларга салом. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг бутун инсонларни инзор (қўрқитиб манъ этмоқ) учун юборилган Пайғамбар эканлигимга гувоҳлик бераман. Мусулмон бўлки, саломат ва саодат топарсан! Агар қабул қилмасанг, бутун мажусийларнинг гуноҳи фақат сенинг бўйнингда бўлсин»273.

Эрон кисросига жўнатилган мактубда Пайғамбаримизнинг исмлари Эрон шоҳининг исмидан олдин ёзилган эди. Ҳолбуки, Эрон ҳукмдорларига ёзилган мактубларни кисронинг исми билан бошлаш Эронда бир одат эди. Шоҳ Хусрав Парвиз жуда мағрур, ҳашамат ва дабдабани севган бир ҳукмдор эди. Дунёда ҳеч бир ҳукмдор номининг ўзиникидан аввал ёзилишига чидаёлмасди. Маккалик бир муҳожирнинг азаматли бир ҳукмдорга оддийгина муомала қилишини густоҳлик деб билди.

Мактубни Абдуллоҳдан оларкан, Хусравнинг авзойи бузилди. Салтанат ғурури уни тўғри йўлдан оздирди.

— Менга қарши бундай густоҳлик қилишга журъат этган ким экан? У ким эканки, исмини менинг исмимдан олдин ёзишга жасорат кўрсатяпти? – деди, ранги бўзариб мактубни парча-парча қилиб ташлади. Бироқ Пайғамбаримизнинг мактубларини йиртаркан, ўз номини ҳам парчалаган эди... Элчини ҳам ҳақорат билан ҳузуридан чиқариб юборди.

Хусравни бу даражада ғазабланганини кўрган Пайғамбар элчиси дарҳол орқага қайтди. Бўлган воқеани Расули Акрамга тушунтирди. Шунда Пайғамбаримиз хотиржам бир ҳолда:

— Кисронинг давлати ҳам худди шундай парчаланажак! – дея марҳамат қилдилар274. Кўп ўтмай Расули Акрамнинг бу башоратлари рўёбга чиқди275.

Хусрав Расули Акрамнинг мактубларини йиртиб, элчиларни ҳақорат қилганидан кейин тезда Яман ҳокими Базонга буйруқ бериб: «Ҳижозда пайғамбарлик даъвосида юрган одамни (ёки унинг бошини) дарҳол юборилишини» сўради. Хусрав Парвиз Византия билан бўлган курашдаги мағлубиятининг аламини шу билан чиқаришни кўзда тутган эди276.

Яман ҳокими Базон ҳам Расули Акрамни жойида тутиб келиш учун Мадинага икки одам жўнатди. Эронликлар олдида арабларнинг ҳеч бир қиймати йўқ эди. Эрон аскари ҳар қандай арабни ушлаб олиб кетиши оддий бир ҳол эди.

Базоннинг одамлари Мадинага келишди. Пайғамбаримизга мақсадларини баён қилишди. Эрон шоҳининг амрини бажаришларини маълум қилишди. Расули Акрамга, биз билан бирга юрасиз, акс ҳолда, Эрон қўшинлари бутун Ҳижозни яксон қиладилар, деб пўписа қилишди. Ҳолбуки, худди ўша онларда Эрон шоҳи Хусрав ўғли Ширвайх тарафидан саройида ўлдирилган эди.

Шунда Расули Акрам буларга:

— Орқага, Яманга қайтинглар! Базонга хабар беринглар: ҳукмдорлари Кисро Эронда ўлдирилди. Хусравнинг пойтахтида яқинда Ислом ҳоким бўлажагини ҳам сўйланглар! – дея марҳамат қилдилар. Мусулмонликни қабул қилса, Базон ўз ўрнида – Яманда қолдирилади, деб илова этдилар.

Булар юртига етиб бормасданоқ Хусравнинг ўлдирилганлиги хабари Эрондан Яманга етиб келган эди. Бундан ташқари, Эроннинг Византиядан енгилгани ва Қурайшнинг Пайғамбар билан тинчлик йўлига кирганлиги ҳам Яман ҳокими Базонни тезроқ бир қарорга келишга ундарди. Бу сабабдан Базон дарҳол Ислом динини қабул қилди. Мавқеини сақлаб қолди. Яманда Расули Акрам тайинлаган волийлардан бўлди.

3. Ҳабаш нажошийсига (ҳукмдорига) Пайғамбаримизнинг мактубларини Умайяўғли Амр олиб борди. Расули Акрамнинг элчиларини яхши кутиб олган Ҳабаш нажошийси Адхама бўлди.

Амр асҳоб ичида баҳодирлардан эди. Элчилик вазифасини жуда яхши бажарди. Расули Акрам Адхамага йўллаганлари мактубда шундай деган эдилар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Ҳабаш малики Нажошийга. Эй подшоҳ! Мусулмон бўлишингни сўрайман. Мен сенинг номингдан Малик, Қуддус, Салом, Муъмин, Муҳаймин бўлган Аллоҳга ҳамду сано айтаман. Ва шаҳодат этаманки, Марям ўғли Исо Аллоҳнинг руҳи ва калимасидир. Аллоҳ у калимани ва руҳни (ниҳоятда тоза ва покиза бўлган) Марямга пуфлади ва шу йўл билан Марям Исога ҳомила бўлди. Ва шундай қилиб, Аллоҳ руҳи билан ва нафаси билан Исони яратди. Худдики Одамни ҳам Аллоҳ қудрат қўли ила яратгандай. Эй подшоҳ! Сени шериги ва ўртоғи бўлмаган ягона Аллоҳга иймон келтиришга, Унга ибодатга ва Менга эргашишга ва Аллоҳдан келган нарсаларга иймон келтиришга чақираман. Чунки мен Аллоҳнинг элчисиман. Сени ва қўшинингни азиз ва жалил бўлган Аллоҳга даъват этаман. Сизларга мен таблиғ этдим ва насиҳат айладим. Насиҳатимни қабул қилинглар! Тўғри йўлга киргувчиларга салом бўлсин!»

Расули Акрамнинг мактубларига Нажоший бундай жавоб берди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг Расули Муҳаммадсоллаллоҳу алайҳи васалламга нажоший Адхама тарафидан. Ў Набийаллоҳ! Салом Сизга ва Аллоҳнинг баракоти Сизнинг устингизда бўлсин. У шундай Аллоҳки, Ўзидан бошқа ҳақиқий маъбуд йўқ. Фақат У бор. Ў Расулаллоҳ! Ҳазрати Исо ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган мактубингиз каминага восил бўлди. Еру кўкнинг Роббига қасамки, Ҳазрати Исо ҳам ўзи ҳақида Сиз зикр этган нарсалардан бошқа ортиқча гап қилмагандир. Унинг таблиғоти ҳам Сиз марҳамат қилганингиз кабидир. Бизга таблиғ этишга маъмур бўлганингиз – Исломнинг асосларини ўргандик. Амакингизнинг ўғли (Жаъфар Тайёр) бошчилигидаги диёримизга ҳижрат қилган асҳоб билан танишдик, Мен гувоҳлик бераманки, Сиз Аллоҳнинг Расулисиз. Сўзингизда содиқсиз. Ўтмишдаги пайғамбарларни тасдиқ этасиз. Ў Расулаллоҳ! Мен Зоти Рисолатларига байъат қилдим. (Сиздан олдин) амакингизнинг ўғлига ҳам байъат этиб, унинг далолати ила оламларнинг Робби Аллоҳ таолога иймон келтириб мусулмон бўлган эдим»278.

Расули Акрамнинг мактубларини ўқиётган пайтда Нажошийнинг ёнида Ҳабашга келган муҳожирлардан Ҳазрати Жаъфар бор эди. Нажоший Абу Толибнинг катта ўғли Жаъфарнинг ҳузурида мусулмонликни қабул қилди279. Расули Акрамнинг талабларига мувофиқ Ҳабашистондаги муҳожирлар гуруҳини икки кемага миндириб жўнатди. Жаъфар бошчилигидаги бу иккинчи муҳожир гуруҳининг Ҳабашистондан қайтиши Ҳайбарнинг фатҳ этилган пайтига тўғри келган эди. Расули Акрам бу икки ҳодисадан (Ҳайбарнинг фатҳи ва Жаъфарнинг келишидан ниҳоятда севинган эдилар. («Ҳайбарнинг фатҳ этилиши» бўлимига қаранг.)

4. Мисрга эса Расули Акрамнинг мактубларини Хотиб етказди. Асҳобдан Абулбалтаъа ўғли Хотиб ҳам элчи сифатида Миср волийси Муқовқисга юборилди. У пайт Миср ҳукумати Шарқий Рум (Византия) императорлигига боғлиқ бўларди. Миср подшоҳи Византия императорлари томонидан тайёрланарди. Пойтахт Искандарияда эди. Хотиб Муқовқисга мактубни Искандарияда берди. Расули Акрамнинг бу мактубларида:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммаддан Қибт миллатининг буюги Муқовқисга. Сени Ислом жомиъасига ва динига даъват этаман. Мусулмон бўл− саломатга эришасан. Ва мусулмон бўлки, Аллоҳ мукофотини икки қат бергай (насронийлик ва мусулмонлик мукофоти). Агар бу даъватимни қабул қилмасанг, бутун Қибт қавмининг гуноҳи бўйнингда бўлсин!»  дея марҳамат қилинган280, Византияга ёзилган мактубга қўшилган Қуръон оятлари бу мактубга ҳам илова қилинган эди281.

Византиянинг Миср волийси Муқовқис Ҳабаш нажошийси каби муомалада бўлолмади, мусулмонликни қабул қилолмади. Бироқ Эрон кисросига ўхшаб, Расули Акрам мактубларини йиртадиган даражада чиркин, қўпол ҳаракат ҳам қилмади. Хатто яхши муомалада император Ҳирақлдан ўтказиб юборди. Элчи Хотибни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишдан ташқари, Расулуллоҳга қийматли ҳадялар ҳам юборди. Ўша даврнинг анъанасига мувофиқ юборилган бу ҳадялар орасида икки жория ва бир миник ҳайвон ҳам бор эди282. Муқовқис Расули Акрамга бир арабча мактуб ҳам ёзди. Унда бундай дейилган:

«Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадга қибтийларнинг буюги Муқовқисдан. Сизга салом. Мактубингизни ўқидим. Айтганларингизни ва даъватингизни тушундим. Янa бир Пайғамбар қолганлигини билардим. Аммо уни Шомдан чиқади деб ўйлардим. Элчингизга ҳурмат-икром этдим. Сизга қибтийлар орасида юксак мавқеъ соҳибаси бўлган икки қиз ила бир кўйлак, яна минишингиз учун бир ҳайвон жўнатяпман”283.

5. Суриядаги ғассоний арабларнинг бошлиғи Хорисга Расули Акрам элчи қилиб Шужони юбордилар. Шужо Бадр ғозийларидан эди. Ҳамма ғазотларда Расули Акрам билан бирга бўлган, Ғассоний малики Абу Шаммар ўғли Хорис Шомда Византия императорининг бир волийси эди. Шомнинг Балқо шаҳри ғассонийларнинг ҳукумат маркази эди. Шужо Расули Акрамнинг мактубларини Абу Шаммор ўғли Хорисга берганида, у Шомнинг Ғуто шаҳрида эди. Расули Акрам Бу мактубларида қуйидагиларни марҳамат қилганлар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Абу Шаммор ўғли Хорисга. Тўғри йўлдан кетаётганларга, Аллоҳга ишонган ва Расулини тасдиқ этганларга салом бўлсин! Эй ҳукмдор, сизни шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳга ишонмоққа чақираман. Ижобат этсангиз, яна ҳукмдор ўлароқ қолажаксиз!284

Хорис Расули Акрамнинг мактубларини ўқир-ўқимас, ғазаб билан ерга отди(!) «Ҳозир мен Унинг устига (бостириб) бораман(!)», деди.

Элчига ҳам қўпол муомалада бўлди. Мусулмонларга қарши ҳаракат бошлаш учун ҳарбий тайёргарликка киришди.Хатто Византия императоридан рухсат ҳам сўради. Мадина устига қўшин тортмоқчи эди, аммо император бу истакни рад этди. Ҳолбуки, император Ҳирақл Расули Акрамнинг мактублари ва элчиларига нисбатан ҳурмат кўрсатган эди. Хориснинг бу ҳаракати туфайли Пайғамбаримиз Сурия тарафидан доимо эҳтиёт бўлиб турдилар. Муъта ва Табук сафарларига ана шу воқеа ҳам сабаб бўлган эди.

6. Араб бекларидан, Ямома ҳокими Ҳўза насроний эди. Расули Акрам Ямомага элчи қилиб Амр ўғли Сулайтни юбордилар. Сулайт Ҳабашистонга кўчиб борган илк мусулмонлардан эди. Кейинчалик ҳижратнинг ўн иккинчи йили Ямома жангида шаҳид бўлган. Амр ўғли Сулайт Расули Акрамнинг мактубларини Али ўғли Ҳўзага берди. Расули Акрам бу даъватномаларида:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммаддан Али ўғли Ҳўзага. Тўғри йўлдан кетганга салом бўлсин! Билишинг керакки, Роббим Ислом динини яқин бир замонда дунёнинг узоқ уфқларида порлатажакдир. Эй Ҳўза! Мусулмон бўл−саломатга эришгайсан. Мен ҳам сен идора қилаётган мамлакатингни яна сенинг ўзингга қолдирайин», деб марҳамат қилган эдилар285. Расули Акрам мактубларини Али ўғли Ҳўза элчи Сулайтдан олди. Ажиб бир жавоб мактуби ҳам ёзди. Яъни:

«Барча айтганларингиз яхши. Агар мени ўзингизга валиаҳд (!) этсангиз, ҳукуматингиздан менга бир ҳисса ажратсангиз, мен ҳам мусулмон бўламан, дарҳол ёрдамга шошиламан. Бўлмаса сиз билан жанг қиламан!» дейишгача журъат қилган эди.

Бироқ Расули Акрам бунга жавобан:

«Қўлимда бир қарич ерим бўлса, ундан ҳам сенга ҳеч нарса бермайман!» деганлар. Баъзи Ислом тарихчиларининг фикрига кўра, Шом насороларидан Аркун билан Ҳўза ўртасида шундай суҳбат ҳам бўлиб ўтган. Аркун:

– Пайғамбар Муҳаммад билан муносабатингиз қандай?

Ҳўза:

– Ўтган сафар бир мактубини олдим. Мени Исломга даъват қилган экан. Ижобат этмадим.

– Нега ижобат этмадинг?

– Мен ўзимнинг динимга боғлиқ бир одамман. Агар мусулмон бўлсам, на диним қолади, на салтанат!

– Эй Ҳўза, нотўғри ўйлаяпсан! Агар сен Муҳаммадга тобеъ бўлсайдинг, муҳаққақ, сени мамлакатингда қолдирарди. Сен учун тўғри йўл – Муҳаммадга тобеъ бўлмоқ. Шуни яхши билки, У Пайғамбар Марям ўғли Исо хушхабарини берган бир Пайғамбардир. Биз насоро уламоларининг фикрича, Инжилда «Муҳаммад Расулуллоҳ» (Муҳаммад – Аллоҳнинг элчиси) дея ёзилган ва бу ҳақиқатдир.

Бироқ Ямома ҳокими узоқ яшамади. Мусулмонлар Макка фатҳидан қайтаётганда, Исломга кирмасдан, эски динида вафот этганининг хабари келди.

Расули Акрамнинг чет давлатларга юборганлари элчилар олтита эди. «Саҳиҳ Бухорий»ни шарҳ ва изоҳ этган аллома Бадруддин Айний ҳам бу элчиларнинг олтита бўлганлигини маълум қилган. Лекин «Зодулмаод» китобининг муаллифи Ибн Қайюм бу элчиларнинг саккиз нафар бўлганлигини ёзади. Ибн Қайюм қўшимча қилаётган бу икки элчи Алои Ҳадрамий ва Ос ўғли Амрдир.

Алои Ҳадрамий Расули Акрамнинг мактубларини Баҳрайн ҳукмдори Мунзирга, Ос ўғли Амр эса икки Аммон ҳукмдорига олиб боришган.

Баҳрайн ҳукмдори Мунзир билан аҳолининг бир қисми (булар насоро эдилар) мусулмон бўлди, бошқа қисми (мажусийлар билан яҳудийлар) эса, жизя тўлаб туришга розилик билдирдилар. Яҳудийлар ва мажусийларга мазҳаб ҳуррияти берилиб, уларга мол, жон ва муштарак ва тан ҳафвсизлиги ҳисобидан маълум бир солиқ жорий қилинди.

Мусулмон бўлганлар эса закот фарзи билан мукаллаф тутилди. Аммонга юборилган Ос ўғли Амр Расули Акрам юборган элчиларнинг сўнггисидир. Ва у икки Аммон ҳукмдорининг Исломга киришига сабабчи бўлди.

Кўриняптики, Расули Акрам юборган элчиларга Исломга даъват этилаётган ҳукмдорлар, асосан, назокат кўрсатдилар. Мактубларга ҳам ширин тил, нафис бир услуб билан жавоб бердилар. Фақат айримларигина қаттиқ ва қўпол муносабатда бўлди. Бироқ улар ҳам Расули Акрамга қарши бирлашишни, янги диннинг соҳибини йўқотишни асло ўйламадилар. Чунки у куннинг дунёси ҳам, бу кунники каби моддий тошқинликлар ичида эди. Қилинган урушлар буюкларнинг эҳтиросини қондириш, ғурурини силаш ва сафоҳатини (бузуқлик, олчоқлик) ортиришдан бошқа нарсага ярамас эди.

Инсонлар ана шундай бир чоғда янги бир диннинг туғилганини билдилар. Бу диннинг даъвати ниҳоятда содда, бироқ кучли эди. Бу дин бутун инсонларни (тил, рангларидан қатъий назар) Аллоҳ наздида тенг тутар эди. Шунинг учун ҳам инсонлар бу диннинг сасига қулоқ тутдилар. Унга нисбатан қалбларида ташналик борлигини сездилар, ҳис қилдилар. Расули Акрамнинг бу даъватларини хуш кутиб олганлар кўп бўлди. Бу эса мусулмонларнинг ишончларини янада орттирди286.

Изоҳлар

255. «Айтинг, (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз − ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бирларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик» (Оли Имрон сураси, 64-оят).

256. Макка мушриклари билан қилинган жанглар ҳақидаги бўлимга қаранг.

257. «(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати − жаннатга етакловчи) қилиб юбордик» (Анбиё сураси, 107-оят).

«(Эй Муҳаммад), Биз сизни, шак-шубҳасиз, барча одамларга (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Сабаъ сураси, 28-оят).

258. «Асри Саодат», 1-жилд, 434-бет.

259. Ислом дунёсига кирган ўн саккиз турли ирқлар қуйидагилардир: араб, эрон, турк, мўғул, курд, афғон, ҳинд, булуж, армани, сурёний, калдоний, рим, гот, қибтий, барбарий, испан, лотин, занжи ва ҳоказо.

260. Али Абдураззоқ.«Исломият ва ҳукумат», 84, 85, 89-бетлар.

261. Расули акрамнинг бу муҳрлари Пайғамбаримиздан кейин ҳазрат Абу Бакр, Умар ва Усмон даврларида қўлланилди. Бироқ ҳазрат Усмоннинг бармоқларидан тасодифан «Биъри Арис» деган қудуққа тушиб кетди. Таассуфки, қудуқнинг суви қуритилса ҳам, бу қимматли хотира топилмади (Абдураҳмон Шараф Афанди. «Зубдатул-қисас», 1-жилд, 153-бет).

262. Қурилган йилидан (м. 395) йиқилишигача (м. 1453, 29 май) Византия (Шарқий Рум) императорлигига ўн хил сулола келган эди.

263. Аввал эронликлар византияликларни мағлуб этишган эди. Аҳли китобдан бўлган румликларнинг мажусий эронликлардан енгилиши маккалик мушрикларни қувонтирган, мусулмонларни хафа қилган эди. Бироқ Қуръони карим румликларнинг ғолиб келиши хушхабарини берди:

«Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йиллар ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар» (Рум сураси, 1-4-оятлар).

Бу оят нозил бўлгач, ҳазрат Абу Бакр билан мушриклардан Абулхалаф ўғли Убайй баҳсга киришишган. Тўққиз йил орасида агар румликлар эронликлар устидан ғалаба қозонишса, Абу Бакр юз туя олишлари, акс ҳолда шунча туя беришлари керак эди. Ҳудайбия сулҳи асносида византияликлар зафар қозондилар. Абу Бакр баҳсда енгди. Уҳуд жангида ўлган Халаф ўғлининг меросхўрларидан юз туяни олди. Расули акрамнинг буйруқлари билан фақирларга тарқатди.

264. «Фатҳул-борий».

265. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 361-бет.

266. «Асри Саодат».

267. «Тажрид» таржимаси, 1-жилд, 18-бет.

268. Ҳирақлнинг бу сўзлари кўп ўтмай рўёбга чиқди (амалга ошди). Хулафои Рошидин даврида мусулмонлик Сурия, Фаластин ва Мисрга келди. Мусулмон турклар замонида − 11-асрда Онадўли, 15-асрда эса Истанбулга кирди. Византия империяси йиқилди. Жомеъга айлантирилган Византиянинг Аё София черковида ҳам ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азонлари (даъватлари) янгради (м. 1453, 29 май).

269. «Асри Саодат», 1-жилд, 436-бет.

270. «Тажрид» таржимаси, 1-жилд, 20-бет.

271. Оли Имрон сураси, 64-оят.

272. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 181-бет.

273. «Асри Саодат», 1-жилд, 437-бет;«Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 431-бет.

274. Ибн Асир. 2-жилд, 163-бет.

275. Илк уч халифа − Абу Бакр, Умар ва Усмон даврларида кисроларнинг империяси парчаланди. Эронда Сосонийлар сулоласи йўқотилди. Эрон тупроқлари Ислом ҳудудларига қўшиб олинди. Бироқ Ислом қўшинларидан енгилган «Эрон руҳи» буни унутолмади. Исломга нисбатан душманлигини бу илк уч халифанинг шахсига қаратди. Зардуштийлик мазҳабини «шиийлик−алавийлик»шаклида ёймоқчи бўлди. Чунончи, ҳазрат Алининг кичик ўғиллари ҳазрат Ҳусайннинг Сосонийлар сулоласидан бир қизга уйланишлари Ҳусайн ўғилларининг сосонийларга «меросхўр» ҳисобланишига (бўлишига) йўл очди.

276. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 362-бет.

277. Сарвари Олам − Пайғамбаримизнинг Ҳабаш нажошийсига юборганлари мактубнинг арабча матни қуйидагича эди:

«Тажрид» таржимаси, 12-жилд, 419-бет.

278. «Тажрид» таржимаси, 12-жилд, 420-бет.

279. «Асри Саодат», 1-жилд, 440-бет.

280. Бу мактубнинг арабча матни шундай эди:

«Тажрид» таржимаси, 12-жилд, 422-бет.

281. Оли Имрон сураси, 64-оят.

282. «Асри Саодат» муаллифининг маълумот беришича, Муқовқис томонидан Расули акрамга ҳадя этилган қизлар элчи Хотибнинг ташвиқи (даъвати) билан Мадинага етиб бормасдан мусулмонликни қабул қилишган. Бу икки қиз ҳам жория эмасди (1-жилд, 441-бет).

283. Расули акрам қабул қилганлари ҳадялар орасида жория бўлганликлари айтилган икки мисрлик опа-сингил мусулмон бўлганлари учун жорияликдан чиқишган эди. Пайғамбаримиз улардан бирини (Сиринни) машҳур Ислом шоири Ҳассонга никоҳлаб бердилар. Мория (Марям) исмли бошқасини эса ўз никоҳларига олдилар. У пайт «Тааддуди завжат» (кўп хотинлиликни тартибга солган) Қуръон ояти (Нисо сураси, 3-оят) ҳануз нозил бўлмаган эди. Расули акрамнинг Морияга уйланишлари сиёсий ҳодиса эди. Мориянинг Пайғамбар завжаси бўлиши яхши натижага таъсир қилди. Кейинги Ислом − Византия ҳарбида мисрликларнинг бетараф қолишларини таъминлади. Расули акрамнинг Иброҳим исмли кичик ўғиллари мана шу мисрлик хотинларидан дунёга келган эди (Закои Кўнрапа. «Пайғамбаримизнинг ҳаёти», 2-жилд, 8-бет).

284. Мактубнинг арабча матни:

«Тажрид» таржимаси, 12-жилд, 427-бет.

285. Даъватноманинг арабчаси:

«Тажрид» таржимаси, 12-жилд, 425-бет; «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 351-бет.

286. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 363-бет.

17:37 / 26.06.2020
Кейинги мақола
Бағишлов
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...