20 жумадул аввал 1446
Исломий ҳаж

Исломий ҳаж Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳижратнинг тўққизинчи йилига келибгина фарз қилинди (м. 630). Нозил бўлган ояти каримада: «Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида7 мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта, Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган Зотдир», дея марҳамат қилинган8.

Расули акрам Мадинага ҳижратларидан олдин, Исломнинг Макка даврида, ҳаж мавсумида Каъбадаги бутларни зиёрат этиш учун келган бутпараст араб қабилалари орасида кезиб, уларни Исломга даъват қилган вақтларида деярли ҳар йили Каъбани зиёрат этган, ўн марта ҳаж қилган эдилар9.

Мадина даврида эса ҳижратнинг олтинчи йили бир минг беш юз асҳоблари билан Мадинадан чиққан Расули акрам Каъбани зиёрат қилиш мақсадида Маккага томон йўл оладилар.

Бироқ маккаликлар орасида ҳарбий ҳолат давом этгани учун Расули акрам асҳобларини Каъба зиёратига қўймадилар. Ўшанда Расули акрам билан мушриклар ўртасида Ҳудайбия сулҳи тузилди (зулқаъда ҳ. 7/м. 629).

Ўша йили нозил бўлган ояти каримада: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» дейилган, бошланган ҳажнинг ҳам, умранинг ҳам тўлиқ адо этилиши буюрилган эди10.

Аммо Ҳудайбия сулҳининг шартларига кўра, мусулмонлар Каъбанинг зиёратига келган пайтлари Маккада уч кундан ортиқ турилмаслик керак эди, шу сабабли Расули акрам ҳаж ойи бўлган зулҳижжадан бир ой олдин (яъни зулқаъда ойида) умра нияти билан11 Каъбани зиёрат қилиб, ҳаж вақтидан аввал Мадинага қайтган эдилар.

Бир йил сўнгра Ҳудайбия тинчлик сулҳи мушриклар томонидан бузилгач, Макка фатҳ этилди, шаҳар мусулмонларнинг қўлига ўтди (ҳ. 8, рамазон/м. 630, январ). Шаввол ойида Ҳунайн ғазоси ва Тоиф муҳосараси бўлиб ўтди. Расули акрам яна умра нияти билан Каъбани зиёрат қилдилар. Ҳаж вақти кирмасдан Мадинага келдилар.

Ҳижрий саккизинчи йилнинг ҳажи Макка волийси Аттоб идораси вақтида адо этилди. Мусулмонлар ҳаж асносида мушриклар билан қўшилмадилар.

Аммо Расули акрамнинг бу зиёратлари исломий ҳаж ҳали фарз бўлмасдан олдин қилингани учун ҳазрат Иброҳимнинг Ҳаниф динига кўра ифо этилди. Бинобарин, бу Ҳаниф дини ҳажи эди.

Расули акрам Табук сафаридан қайтишларида ҳижратнинг тўққизинчи йили, ҳаж мавсумида (зулҳижжа ойида) ҳазрат Абу Бакрни ҳаж амири этиб тайинлаб, Маккага Каъба зиёратига юбордилар. Демак, илк исломий ҳаж ўша йили амалга оширила бошланди.

Бир йил олдин, яъни ҳижратнинг саккизинчи йили Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ этилган, Каъба бутлардан тозаланган, ҳазрат Иброҳим даврларида бўлгани каби тавҳид эътиқодининг обидаси ҳолига келтирилган эди.

Асоси ҳазрат Иброҳимнинг Ҳаниф динига суянган исломий ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилингани ҳолда Расули акрам у йил (яъни исломий ҳаж фарз қилинган санада) Маккага боролмаган, Каъбани зиёрат қилолмаган, ҳаж фарзини адо этолмаган эдилар. Аммо қайноталари ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаж амири сифатида Маккага юбордилар. Чунки Араб ярим оролининг у ер-бу ерида ҳали ҳам мушриклар изғиб юришарди. Ҳалигача бутга сиғиниш одатлари ва анъаналарига амал қилаётган мушриклар Маккага келишар, Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи) олдида, мусулмонларнинг кўз ўнгида қип-яланғоч бўлиб зиёрат қилаверар эдилар.

Бундан ташқари, тўққизинчи ҳижрат йилида ҳаж мавсуми қамарий ойлардан зулқаъда ойига тўғри келаётган эди. Ҳолбуки, ҳақиқий ҳаж ойи зулҳижжа ойи эди.

Араблар азалдан қамарий ойларни тан олишар, йилни ўн икки ой ўлароқ ҳисоб қилишар эди. Ҳазрат Иброҳим ва Исмоил пайғамбарлар замонидан бери қамарий ойлардан тўрттасига (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) нисбатан ҳурмат кўрсатишар, бу ойларга «Ашҳури ҳурум»−(уруш қилиниши) «ҳаром ойлар» дейилар эди.

Ой санаси (баъзи ойлар 30, баъзи ойлар 29 кун бўлгани учун) 354 кун, қуёш йили 365 кундан иборат бўлиб, орада унча катта бўлмаган фарқ бўлади. Шунинг учун ҳам қамарий ойлар ҳар йили ўн бир кун аввал келади. Бу ҳисоб бўйича ҳаж мавсуми гоҳ қишнинг ўртасига, гоҳида ёзнинг энг иссиқ пайтига тўғри келиб қолади. Лекин бу ҳол мушрикларнинг манфаатларига мос тушмасди. Чунки ёзнинг жазирамаси ёки қишнинг қаҳратон палласида бадавийлар Каъба зиёратига келмасди. Энди агар қамарий ойга риоя этилиб ҳажга келинса, тижорат ҳаёти ҳам касодга учрарди.

Бу аҳволга тушиб қолмаслик учун ҳар уч йилда бир марта мажлис чақирилиб, ўша йилнинг ойларига бир ой «қўшиб», қамарий йил ўн икки ойдан ўн уч ойга чиқариларди12.

Ҳаж мавсуми эса ҳамиша тўрт мавсумнинг энг «фойдали» бўлган (масалан, ҳосиллар пишиб етилган) вақтига қолдириларди. Бунда ҳаж мавсуми ўзгармас, фақат ойларнинг жойи ўзгарган бўлар эди.

Муҳаррам ойи сафар ойидан бошлаб навбати билан, ўн иккинчи ой бўлган зулҳижжага қадар, ўн бир ойнинг ўрнида келарди13.

Натижада ҳаром ойлари ҳалол ойларнинг ўрнига ўтиб қоларди. Ҳаж ойи (зулҳижжа) ҳам ўн бир ой орқага сурилгани (яъни насиъ қилингани) учун ҳақиқий ҳаж ойи бўлган зулҳижжанинг тўққизинчи куни фақат ўттиз уч йилда бир дафъа ўз ўрнини топар эди.

Чунончи, ҳижрий ўнинчи йилнинг зулҳижжаси асл жойига келган эди14.

Қуръони карим бутпарастликнинг бу бемаъни ва ёмон анъанасини бекор қилди: «Шак-шубҳасиз (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликдирки, у сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун уни (яъни уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол, десалар, яна бир йил ҳаром, дейдилар. Уларга бу хунук ишлари чиройли (маъқул) кўринди. (Чунки) Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас»15.

Расули акрам исломий ҳаж фарзини ўз вақтида (яъни зулҳижжа ойида адо этмоқчи бўлдилар. Шунинг учун бу фарзни бир йил кейинга − тўққизинчи ҳижрат йилидан ўнинчи санага қолдирдилар16. Аммо шартли (нисбий) ҳаж мавсумида − тўққизинчи ҳижрий йилда ҳазрат Абу Бакрни «ҳаж амири» қилиб тайинладилар ва уч юз киши билан бирга Маккага юбордилар. Ҳазрат Саъд ибн Абу Ваққос, ҳазрат Жобир, ҳазрат Абу Ҳурайра бу уч юз кишилик Ислом жамоасига муаллим бўлиб тайинланишган эди. Абу Бакрга йигирма туя топширилди. Расули акрамнинг муборак қўллари билан ишоратланган (белги қўйилган) бу туялар Маккада қурбон қилиниши керак эди. Ҳазрат Абу Бакр ўзларининг номларидан сўйиш учун яна беш туя олиб кетдилар.

Ҳазрат Абу Бакр йўлга тушгандан кейин Бароат − Тавба сурасининг илк оятлари нозил бўлди. Бу оятларда муоҳадалар (сулҳ, битим, аҳдлашув) ҳақида баъзи ҳукмлар ўрин олган, бинобарин, бу ҳукмлар эълон қилиниши лозим эди.

Арабларда бир муоҳада тузилса (ё бузилса), буни ё қабила бошлиғининг ўзи, ё унинг номидан бир қариндоши эълон қилиши одат эди17. Шунинг учун Расули акрам Абу Бакрнинг кетларидан Макка сари ҳазрат Алини юбордилар. Ҳазрат Али Расули акрамнинг сўзларини ҳаж куни Арофатда айтишлари керак эди. Али Абу Бакрга етиб олдилар. Ҳазрат Абу Бакр Алини кўриб:

— Расули акрам сени амир сифатида юбордиларми ёки маъмур* қилибми? − деб сўрадилар.

Али:

— Маъмур ўлароқ, Бароат − Тавба сурасининг илк оятларини ўқиб, баъзи муоҳадаларнинг ҳукмларини бузиш учун йўлладилар, − дея вазифаларини маълум қилдилар.

Ҳазрат Абу Бакр ҳаж амири, ҳазрат Али Ислом ноқиби (вакили) эдилар. Ҳаж давомида мусулмонларни бошқариб туриш, уларга имомлик қилиш вазифаларини ҳазрат Абу Бакр бажардилар. Ҳазрат Али ҳам намозларини ҳазрат Абу Бакрнинг орқаларида ўқир, у кишига тобеъ эдилар.

Зулҳижжанинг саккизинчи куни, Арофатга чиқишдан бир кун олдин ҳазрат Абу Бакр Маккада бир хутба ўқидилар. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом вақтида ўз қавмларига ҳаж маросимини ўргатганлари каби ҳазрат Абу Бакр ҳам бу хутбаларида Расули акрам номларидан ҳаж маносикини (йўл-йўриқларини) халққа ўргатдилар. Мусулмонлар ҳам ҳаж фарзини бу ўргатилган асосларга кўра адо этдилар. Бир ёнда мушриклар ҳалигача бутга сиғиниш одатини давом эттираётган эдилар. «Воқеан, Каъбада бирорта бут қолмаган эди, лекин мусулмонлар билан бутпарастларнинг бир жойга йиғилишлари қандайдир зиддиятни туғдирар эди. Чунки бутлардан тозаланган Каъба олдида икки хил ибодат қилинди. Ибодатнинг бири Аллоҳга, иккинчиси бутларга бўлди. Ҳолбуки, Каъбанинг мушриклик билан ҳеч қандай алоқаси қолмаган, бинобарин, улар бу ердан узоқлаштирилмоқлари керак эди. Тавба сурасининг янги нозил бўлган оятлари мана шуни буюрган эди. Бироқ ҳаж мавсуми бошлангани учун мушриклар ҳар ёқлардан келиб, анча-мунча тўпланиб олишган эди. Бу «йиғилиш»дан фойдаланиб, ширк билан иймон ўртасида ҳеч қандай алоқа қолмаганини билдириш, ўзлари билангина (шахсан) тузилган аҳдномаларга ҳурмат кўрсатилажагини эълон этиш лозим бўлиб қолди»18.

Ҳаж ибодати адо этилар экан, халқ Мино тоғида тўпланган бир пайтда наҳр куни (зулҳижжанинг ўнинчи куни) ҳазрат Али ҳам Жамраи Ақобада бир хутба ўқидилар.

— Эй инсонлар! Мени сизнинг ҳузурингизга Расули акрам юбордилар! − дея сўзларини бошладилар ва Бароат − Тавба сурасининг илк оятларини ўқидилар. − Сизларга тўрт нарсани билдириш менга топширилди:

1. Мўминдан бошқа ҳеч кимса жаннатга киролмайди.

2. Бу йилдан сўнг (тўққизинчи ҳижрат йили) бирорта мушрик Каъбага яқинлашолмайди.

3. Ҳеч ким Каъбани яланғоч тавоф этолмайди.

4. Кимнинг Расули акрам билан тузган сулҳи бўлса, муддати тугагунга қадар бу сулҳга ҳурмат кўрсатилади.

Ҳазрат Али Тавба сурасидан ўқиган оятларнинг айримлари қуйидагилар эди:

«(Эй мўминлар, ушбу) Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари томонидан сизлар (ўзаро урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон қилган мушрик кимсаларга ора очиқлик (эълондир)».

«(Эй мушриклар, уруш ҳаром қилинган) тўрт ой ичида ерда саёҳат қилиб юраверинглар ва билингларки, сизлар Аллоҳни ожиз қилгувчи эмассизлар. Албатта, Аллоҳ кофирларни расво қилгувчидир!»

«Ва (ушбу) Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари томонидан одамларга катта ҳаж кунида (яъни қурбон ҳайити кунида) Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари мушриклардан безор эканлигини билдиришдир. Бас, (эй мушриклар), агар тавба қилсангизлар, бу ўзингиз учун яхшироқдир. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда билингизки, сизлар Аллоҳни ожиз қилгувчи эмассиз. (Эй Муҳаммад), кофир бўлган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!»

«Магар, (эй мўминлар), сизлар аҳд-паймон қилган мушрик кимсалар кейин (аҳдларидан) бирон нарсани бузмасалар ва сизларнинг зиёнингизга биров билан ҳамкорлик қилмасалар, у ҳолда уларнинг аҳдларини белгиланган муддатгача тўла-тўкис етказинглар! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар»19 .

«Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжидул ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингки) яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир»20.

Ҳазрат Али ана шуларни билдирдилар. Шу кундан эътиборан ҳеч бир мушрик ҳажга келолмади. Бирор яланғоч кимса Каъбани тавоф қилолмади.

Табарийнинг «Тарих» китобида21 айтилишича: «Бу эълондан сўнгра бутун мушриклар мусулмон бўлдилар».

Изоҳлар

7. Озиқ-овқати, улови бўлган. Имом Моликка кўра, юришга қодир бўлган (Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли.«Маъонии Қуръон», 123-бет).

8. Оли-Имрон сураси, 97-оят:

9. Ибн Аср.

10. Бақара сураси, 196-оят:

11. Умра  Каъбани ва Ҳарами шарифни ҳаж мавсумидан бошқа пайтлари зиёрат қилишдир. Ҳаж фақатгина ҳаж мавсумида адо этилади. Ҳаж ифо этиларкан, Арофат тоғида турилади. Умрада бунга лузум йўқ («Тангри буйруғи», 55-бет).

12. Проф. М.Шамсиддин Гуналтой. «Ислом тарихи», 1-жилд, 392-бет.

13. Алмалилик Муҳаммад Ҳамди Язир. «Қуръон тили», 3-жилд, 2532-бет.

14. «Сийратил-Халабийя»..

15. Тавба сураси, 37-оят.

16. Тоҳир Ўлгун Мавлавий. «Мусулмонликда ибодат тарихи», 273-бет.

17. Тоҳир Ўлгун Мавлавий. Кўрсатилган асар, 270-бет.

18. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 420-бет.

19. Тавба сураси, 1-4-оятлар.

20. Тавба сураси, 28-оят.

21. Табаристонлик Ибн Шариф Табарий (вафоти ҳ. 310/м. 922) тафсир, фиқҳ, ҳадис илмида устоддир. Мужтаҳиддир. Тарихдаги воқеаларни муҳаддисларнинг услубига кўра санад (ҳужжат, далил, ровийлар силсиласи) билан бирга билдирган. «Тарихи Кабир»номли арабча асари машҳурдир. Лекин марҳум устоз Исмоил Ҳаққи Измирли бундай дейди: «Мухтасари Табарий» машҳур «Тарихи Кабир»нинг таржимаси эмас. «Мухтасари Табарий»да санадлар олиб ташлангани учун саҳиҳ ривоятлар билан фосид ривоятлар қўшилиб кетган, бинобарин таржиманинг асло қиймати қолмаган».

Раҳматли домламиз Абдураҳмон Шараф ҳам «Табарий тарихи»мухтасар ҳолда форсчага, форсчадан туркчага таржима қилинганини таъкидлайди.

 
21:10 / 14.11.2012
Аввалги мақола
Тарихда ҳаж
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...