2 жумадис сони 1446
Вадо ҳажи

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам ҳижратнинг ўнинчи йили зулҳижжа ойида (ҳаж мавсуми) исломий ҳаж фарзини адо этдилар. Ислом тарихида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳажларига «Видо ҳажи» деб ном берилгандир.

Расули акрам ҳижратдан бери ҳаж фарзини илк дафъа ифо этаётган эдилар. Ўн биринчи ҳижрат йилида вафот этганлари учун қайта бор ҳаж қилолмадилар. Бу сабабдан Вадо ҳажи исломий ҳаж нуқтаи назаридан Расули акрамнинг илк ва сўнгги ҳажлари бўлди.

Воқеан, жаноб Пайғамбаримиз аввал (Макка даврида) Каъбани бир неча бор зиёрат қилган эдилар. Аммо у зиёратлари «исломий ҳаж» фарз бўлмасидан олдин ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломнинг Ҳаниф динига кўра бажарилган эди.

Расули акрам бу ерда асҳоблари билан видолашганлари ва қайта бор Каъбани кўролмаганликлари учун бу ҳажга «Вадо ҳажи» дейилгани каби Пайғамбаримизнинг илк исломий ҳажлари бўлганидан «исломий ҳаж», мусулмонларга ҳаж ибодатининг бутун ҳукмларини билдирганлари учун «балоғ ҳажи», Ислом динининг бутун ибодат қоидаларини тўлдириб, камолга етказгани туфайли эса «тамом ҳажи» ва «камол ҳажи» номлари билан васфланган22.

Макка ҳижратнинг саккизинчи йили фатҳ этилди, исломий ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинди. Расули акрам айни сананинг ҳаж мавсумида ҳазрат Абу Бакрни ҳаж амири этиб тайинладилар. Бир йилдан сўнгра эса Вадо ҳажи амалга оширилди.

Ҳижратнинг ўнинчи йили бутун Арабистон мусулмон бўлган, бутпарастлик илдизидан қўпорилиб ташланган эди. Бош шаҳри Мадина бўлган Ислом дунёси Араб яриморолини тўла қоплаб олди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж ниятида Маккага кетаётганларини, Каъбани зиёрат қилмоқчи эканликларини ҳамма тарафга билдирдилар.

Расули акрам билан ҳаж қилмоқчи бўлган мусулмонлар ҳар тарафдан югура-югура келдилар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб Мадинада тўпландилар.

Тайёргарликлар тугади. Зулқаъданинг йигирма бешинчи куни Расули акрам қирқ минг кишилик бир қофила билан (пешин намозидан кейин) Мадинадан чиқдилар. Макка томон йўлга тушдилар. Қурбонлик учун олтмиш уч дона туя олдилар. Қизлари Фотима ва завжалари ҳам Расули акрам билан бирга эдилар. Йўлда аср намози (сафарий ўлароқ) икки ракъат ўқилди. Кечани Зулҳулайфа деган жойда ўтказишди. Шу вақтдан эътиборан тўрт ракъатлик ҳамма (фарз) намозларини икки ракат қилиб адо этдилар. Зулқаъданинг йигирма олтинчи куни эҳромга кирдилар23.

Ният қилдилар. Сиртларидаги кийимларини ечдилар. Эҳром кийимларини (бир иъзор ва бир ридо) кийдилар24. Ҳамма ҳожилар айни қиёфага кирдилар. Ораларида ташқи қиёфа жиҳатидан фарқлилик бўлса, бу фарқлиликлар кетказилди. Шу тариқа биродарлик тенглиги таъминланди. Сўнгра талбия бошланди. «Бутун итоатимиз ва севгимиз Сенгадир, Аллоҳим! Бутун итоатимиз ва ихлосимиз Сенгадир. Тенгинг, шеригинг йўқдир. Севгимиз ва боғлиқлигимиз ёлғиз Сенгадир. Ёлғиз Сени мақтаб ёд этамиз. Ҳамма неъмат Сендан келади. Барча шукр Сенгадир. Бутун салтанат Сеникидир. Тенгинг, шеригинг йўқдир», дейишарди ҳожилар25.

Расули акрамнинг Мадина билан Макка орасидаги бу ҳаж сафарлари ўн кун давом этди. Буюк Пайғамбаримиз атрофларини ўраб олган муҳташам халойиқ билан зулҳижжанинг (қурбон ойининг) тўртинчи (якшанба) куни Маккага кириб бордилар. «Бани Шайдо» дарвозасидан ўтиб, Ҳарами шарифга қараб юрдилар. Узоқдан буюк Каъба кўриниши билан: «Аллоҳдан бошқа сиғинилувчи йўқ. У ягона, шериги йўқ. Мулк Унингдир. Ҳамд Унга лойиқдир. Ҳаёт беради ва ўлдиради. Ҳар нарсага қодирдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқди. Қулига ёрдам берди. Унга қарши бирлашганларни ёлғиз Ўзи енгди!» дея марҳамат қилдилар26 ва: «Ё Раббий! Сен бу Байтнинг шон-шарафини орттир!» дея дуо қилдилар27.

Дарров Тавофи қудумни ифо этмоқ учун Каъбани етти дафъа айландилар28. Мақоми Иброҳимда икки ракъат намоз ўқидилар. Сафо билан Марва дейилувчи икки тепалик орасида етти марта бориб-келиб саъй айладилар.

Ўша пайтлари Яманда бўлган ҳазрат Али ҳам яманлик ҳожилар билан бирга Маккага келдилар. Расули акрамга етишдилар. Бошқа жойлардан ҳам оқин-оқин ҳожилар келаверишди. Шу зайл Маккада юз йигирма тўрт минг ҳожи номзоди тўпланди. Булар Маккада зулҳижжанинг тўртидан еттинчи кунигача уч кун қолдилар.

Зулҳижжанинг саккизинчи − пайшанба (тарвия) куни Расули акрам туяларига миндилар; барча ҳожи номзодлари билан биргаликда яна «Лаббайк!» садолари остида Маккадан чиқиб, Минога йўл олдилар.

Эрта жума (арафа) куни бомдод намозидан сўнг Минодан ҳаракат бошладилар. Айни қофила билан тўғри Арофат тоғига чиқдилар. Арофат тоғининг шарқ томонидаги Намра дейилган қишлоқда бир чодир қурилди. Фахри коинот Пайғамбаримиз чодирларида бир оз дам олдилар.

Баҳор фасли, қуёш ойлардан март ойи, кеча билан кундуз тенглашган бир пайт эди. Расули акрам чодирларидан чиқдилар. Қасво деган туяларига миндилар. Арофат водийсининг ўртасига бордилар29.

У ерга дам олишга ҳозирлик кўраётган юз йигирма тўрт минг мусулмон йиғилган эди. Булар Арабистоннинг турли жойларидан келган, ораларида битта ҳам мушрик бўлмаган ҳожилар қофиласи эди.

Расули акрам пайғамбарликларининг илк палласида Маккада қандай муомала кўрдилар-у, энди айни муҳитда у кишини қандай кутиб олишди?! Бу ғоят таъсирчан манзара, ғоят ҳайрат берувчи ўзгариш эди! Илоҳий вазифасида муваффақ бўлганини ҳаётдалигида ўз кўзи билан кўриш шарафи пайғамбарлар ичида ва файласуфлар тарихида фақат ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга насиб бўлган эди30.

Хотамул-анбиё Пайғамбаримиз Арофатда туя устида буюк Ислом инқилобининг энг буюк хутбасини ўқидилар31.

У пайт ўзини маданий дунёдан деб билган Оврўпа ҳали ўрта аср зеҳниятида бўлиб, черков ва феодализм режимини яшаётган эди.

Ўн тўрт аср олдин Расули акрам ирод этганлари бу нутқ билан еттинчи аср мусулмон арабларигагина эмас, балки Исломнинг бор қудрати ила то охиратгача келадиган бутун инсониятга хитоб этаётган эдилар32.

Сарвари олам Вадо ҳажида, у машҳур Вадо хутбаларида қуйидагиларни марҳамат қилдилар:

— Аллоҳ таолога ҳамду сано айтамиз. Унга қайтамиз. Нафсларимизнинг ёмонликларидан ва ёмон амалларимиздан Унинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ ҳидоятга бошлаган кишини ҳеч ким йўлдан чиқаролмайди. Аллоҳ адаштирган бандани ҳеч кимса йўлга сололмас. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа тангри йўқ. Бирдир, тенги ва шериги йўқдир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир. Эй Аллоҳнинг қуллари! Аллоҳдан қўрқишингизни, Унга итоат этишингизни васият қиламан.

Эй инсонлар! Сўзларимни диққат билан эшитингиз. Билмайман, балки, бу санадан кейин сиз билан бу ерда яна бир бор бирга бўлолмасман.

Эй инсонлар! Бу куннинг қандай бир кун эканини биласизми? Бугун Явмуннаҳрдир (қурбон куни). Бу ойнинг қайси ойлигини биласизми? Бу ой Шаҳри ҳаромдир (муқаддас ой). Бу жойнинг қандай жойлигини биласизми? Бу ер Балдаи ҳарамдир (муқаддас шаҳар). Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бир ой бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бир шаҳар бўлса, билингизки, жонларингиз, молларингиз, ирсларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир.

Асҳобим! Ҳушингизни йиғиб олинг! Билингизки, эртага Аллоҳингизга қовушажаксиз. Бугунги ҳар турли ҳол ва хатти-ҳаракатларингиздан муҳаққақ сўроққа тутиласиз. Зинҳор-базинҳор мендан кейин эски залолатларга (адашувга) қайтиб, бир-бирларингизнинг бўйнингизни кесманг! Ушбу васиятимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга билдирсин. Балки, билдирилган киши бу ерда туриб эшитгандан янада яхши тушунар ва муҳофаза этар.

Асҳобим! Эски жоҳилият давридан қолган ҳамма қон даъволари батамом бекор қилинди. Бекор қилганим илк қон даъвоси эса Абдулмутталиб невараси Робиъанинг қон даъвосидир33.

Асҳобим! Жоҳилият даврининг ҳар турли рибоси (фоиз, судхўрлик) бекор қилинди. Илк бекор қилганим рибо Абдулмутталиб ўғли Аббоснинг фоизидир. Аллоҳнинг ажри ила бундан кейин фоизчилик тақиқлангандир. Эски даврлардан қолган бу чиркин одатнинг ҳар турлиси оёғим остидадир34. Қарздорлар қарз берган кишиларга фақат улардан олганлари пулнигина тўлайдилар. Зулм ҳам қилмангиз, зулмга ҳам учрамангиз35.

Асҳобим! Кимнинг ёнида бир омонат бўлса, уни эгасига қайтариб берсин. Ҳадяларга ҳадя ила жавоб берилур. Бошқаларга кафил бўлганлар кафолатнинг масъулиятини устига олган ҳисобланади.

Эй инсонлар! Бугун шайтон сизнинг шу юртингизда қайтадан нуфуз ва салтанат қуриш қудратини бундан кейин абадиян йўқотган. Бироқ сиз бу бекор қилганларим нарсалардан бошқа кўзингизга кичик кўринган ишларда шайтонга эргашсангиз, уни севинтирган бўласиз. Динингизни муҳофаза қилмоқ учун булардан ҳам сақланингиз!

Эй инсонлар! Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан кўрқингиз! Хотинлар сизга Тангрининг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри илоҳий ила сизга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида ҳақларингиз бўлгани каби хотинларнинг ҳам сизда ҳақлари бордир36. Сизнинг хотинлардаги ҳақларингиз − хотинларнинг оила шарафини сиз ёқтирмайдиган ҳеч бир кимсага оёқ ости қилдирмасликларидир. Хотинларингизнинг ҳар турли ейиш ва кийиш эҳтиёжларини таъминлашингиз эса уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақларидир. Улар сизнинг ҳақларингизга риоя этмоқлари керак. Сиз ҳам уларга назокат билан муомала этишингиз лозим. Бир хотин эрининг рухсатисиз унинг молидан бирор нарсани бировга бериши ҳалол эмас.

Қулларингизга келсак, уларга еганингиздан едиришга, кийганингиздан кийдиришга диққат қилингиз. Кечиролмайдиган бир хато иш қилсалар, жавобларини берингиз. Бироқ уларга асло азият етказмангиз. Чунки улар ҳам Аллоҳнинг қулларидир.

Эй мўминлар! Сўзларимни яхшилаб эшитингиз, яхши англангиз ва яхши муҳофаза этингиз. Муҳаққақки, Раббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Барчангиз Одамдансиз. Одам эса тупроқдандир. Ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир. Шараф ва устунлик фақат фазилат иладир. Шуни яхши билингки, ҳар мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Бутун мусулмонлар бир-бирларининг биродаридир. Айни (тенг) ҳақларга эгадирлар. Дин биродарингизга оид бўлган ҳар қандай бир ҳаққа тажовуз этиш кўнгил ризоси бўлмагунча бошқа биров учун ҳалол бўлмас. Ҳақсизлик қилманг! Ҳақсизликка бўйин ҳам эгманг! Одамларнинг ҳақларини еманг! Зинҳор мендан кейин кофирларга ўхшаб бир-бирингиз билан бўғишманг!

Асҳобим! Нафсларингизга ҳам зулм қилманг! Нафсларингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор.

Эй инсонлар! Аллоҳ ҳар кимга тушган ҳақ соҳибининг мерос ҳақини Қуръонда билдирган. (Бинобарин), меросчилар учун васиятнинг кераги йўқ.

Эй инсонлар! Ҳар бир жиноятчи ўз айбига фақат ўзи жавобгардир. Ҳеч бир жиноятчининг гуноҳи учун авлоди жазо тортмайди. Ҳеч бир фарзанднинг гуноҳидан отаси ҳам масъул бўлмас.

Эй инсонлар! Тўхтовсиз айланиб турган замон Аллоҳнинг осмонларни, ерни яратган кунги ҳолатига қайтган. Бир йил − ой ўлчови билан ўн икки ойдир. Булардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Буларнинг учтаси − зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам кетма-кет келади, тўртинчиси (ражаб) эса жумодил-охир билан шаъбоннинг орасидадир. Бу йилнинг ҳаром ойлари эски жойига келди. Ҳаж мавсуми зулҳижжанинг ўнинчи кунига тўғри келди.

Эй мўминлар! Сизга бир омонат қолдиряпман. Унга маҳкам боғланганингиз сари йўлингизда ҳеч адашмагайсиз. Бу омонат Аллоҳнинг китоби Қуръондир.

Эй инсонлар! Аллоҳга ибодат қилинг! Беш вақт (намоз)ингизни адо этинг −  Раббингизнинг жаннатига кирасиз.

Эй инсонлар! Ифротдан (ҳаддан ошишликдан) сақланинг! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга учрашларига диндаги ифротлари сабаб бўлган эди.

Ҳаж амалларини мендан ўрганинг! Аниқ билмайман, балки, бу йилдан сўнг қайта бор сиз билан бу ерда учрашолмасман. Бу насиҳатларимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга етказсин. Балки, ўзига билдирилганлар ичида бу ерда бўлганлардан ҳам яхши англаганлар, бу (насиҳат)ларни янада кўпроқ муҳофаза этиб эслайдиганлар чиқиб қолар.

Расули акрамнинг очиқ ва тотли ифода билан айтган бу сўзлари йиғилганларга яхши эшитилиши учун чиройли ва баланд овозли кишилар томонидан такрорланиб турилди. Пайғамбаримиз ҳар жумладан кейин тўхтар, Умайй ўғли Рабиъа баланд овоз билан бу сўзларни такрорлар эдилар. Вадо хутбасини бутун жамоат шу зайл эшитди.

Нутқларининг охирларида Ислом жамоати кўрсатаётган ҳаракатли тазоҳуротни кўриб ҳаяжонланган Расули акрам энг баланд овозда:

— Эй инсонлар! Эрта мен ҳақимда сиздан сўрашади. Нима дейсиз? Рисолатимни таблиғ этдимми? Илоҳий вазифамни адо этдимми?!− дея сўрадилар.

Бутун асҳоб бир овоздан:

— Ҳа, қасамки, Аллоҳнинг рисолатини таблиғ этдингиз. Вазифангизни бажардингиз. Бизга васият ва насиҳат қилдингиз. Айнан гувоҳлик келтирамиз! − дедилар.

Ўшанда Расули акрам шаҳодат бармоқларини юқорига кўтардилар. Уч марта:

— Шоҳид бўл, ё Раббий! Шоҳид бўл, ё Раббий! Шоҳид бўл, ё Раббий! − дедилар ва сўзларини битирдилар.

Хутбадан сўнг у кишига узатилган бир коса сутни ичдилар. Бу билан Расули акрам рўзадор эмасликларини асҳобга кўрсатган бўлдилар. Аср вақти кирган, аммо ҳали пешин намози ўқилмаган эди. Ҳазрат Билол азон чақирдилар ва такбир келтирдилар. Аввал пешин намози ўқилди. Сўнгра Билол қомат айтдилар. Аср намози ўқилди. Расули акрам шу суратда пешин ва аср намозларини «жамъу тахир» билан кетма-кет адо қилдилар. Кейин туяларига миндилар. Арофатдаги тўхташ жойига келдилар.

— Шу ерда, отангиз Иброҳим сизга мерос қилиб қолдирган ерлар устида турингиз! − дедилар. Ўзлари ҳам қиблага қараб туяларининг устида вақфда (туришда) бўлдилар. Қуёш ботгунга қадар узун бир дуо қилдилар. Худди шу аснода, ҳануз туя устидаликларида, Моида сураси нозил бўлди. Нозил бўлган оятларда «Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим», дея марҳамат қилинаётган эди37. Расули акрам таблиғ этилишига маъмур бўлганлари диний оятларнинг тамомланганини билдирган бу оят Қуръондаги аҳкомга оид нозил бўлган оятларнинг сўнггиси ҳисобланади. Бу оятни биринчи бўлиб эшитган ҳазрат Абу Бакр уни Расули акрамнинг вафотларига ишорат билиб, мутаассир бўлдилар ва йиғлаб юбордилар.

Бир кундан кейин − қурбон ҳайитининг биринчи куни эса Қуръони каримнинг энг сўнгги ояти келди: «Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз!»38

Шу тарзда Ислом динининг асосий Қонуни бўлган Қуръон оятлари тамомланди. Расули акрам энг сўнг келган бу оятдан кейин атиги  саксон бир кун яшадилар, холос.

Арафа куни қуёш ботгач, Расули акрам такрор туяларига миндилар. Орқаларига Зайднинг ўғли Усомани олдилар. Арофатдан айрилдилар. Тўпланган ҳожилар билан биргаликда секин-аста Муздалифага келдилар. Шом намози ўқилмаган, бироқ хуфтон вақти кирган эди. Муздалифада ҳам шом билан хуфтон намози кетма-кет, қўшиб ўқилди. Кечани шу ерда ўтказдилар. Эртаси куни тонгда (қурбон ҳайитининг биринчи шанба куни) қуёш чиқмасидан олдин, бомдод намозидан кейин Муздалифадан туриб ҳаракатга тушдилар. Бу сафар туяларининг орқасига Аббоснинг ўғли Фазлни мингаштирдилар. Машъори ҳарамга бордилар. У ерда қиблага қараб турдилар. Жамраъи Ақабага келдилар. Жамраъи Ақабада кичик чағил тошлардан етти жамрани (тошни) отдилар. Жамраларни отар эканлар:

— Эй инсонлар! Дин ишларида ҳаддан ошишликдан сақланинглар! Сиздан аввалги умматларнинг ўлимига дин ишларида ҳаддан ошганликлари сабаб бўлди, − дея марҳамат қилдилар.

Сўнгра Минога қайтдилар. Минода ҳам бир нутқ ирод этдилар39. Бу нутқ Арофатда сўзлаганлари илк Вадо хутбасининг иккинчиси эди. Муҳожирлар қибланинг ўнг тарафида, ансорлар чапида, қолган жамоат қаршида саф-саф жой олишган эди. Расули акрам яна туя устида юз минглаб жамоатга хитоб қила бошладилар. Бу ерда жамоатнинг ҳаммаси хутбани тўлиқ эшитди.

Расули акрам Минодаги бу иккинчи хутбаларидан кейин қурбонлик сўйиладиган ерга келдилар. Қурбонлик учун тайёрланган юз туядан олтмиш учтасини умрларининг ҳар йили учун биттадан ўз қўллари билан қурбонлик қилдилар. Қолганларини ҳазрат Али сўйдилар. Қурбонлик гўшти нимта-нимта қилинди. Қолган қисми фақирларга тарқатилди. Шундан сўнг Расули акрам сочларини олдирдилар. Эҳромдан чиқдилар. Туяларига миндилар, Ҳарами шарифга тушдилар. Зиёрат тавофини қилдилар. Бу тавоф Тавофи қудумдан кейин иккинчиси эди.

Зам-зам қудуғининг бошида турдилар. Бир коса сув ичдилар. Такрор Минога қайтдилар. Бутун ҳайит кунларини Минода ўтказдилар. Ҳаж маносикини адо этдилар. Худди аввалги икки сафар бўлганидек, қурбон ҳайитининг иккинчи куни яна асҳобга хитоб қилдилар. Бу учинчи хутбаларини яна Минода ўқидилар. Асҳоб билан хайрлашдилар.

Қурбон ҳайитининг бешинчи (чоршанба) куни Минодан чиқиб Маккага қайтдилар. Тавофнинг учинчиси бўлган Вадо тавофини адо этдилар.

Мадиналик бўлмаган ҳожилар ўз мамлакатларига қайта бошладилар. Расули акрам ҳам муҳожирлар ва ансор билан бирга Маккадан айрилдилар. Мадинага қайтдилар. Мадинаи мунавварага эрталаб кириб келдилар. Пайғамбаримиз Мадинага яқин Зулхулайфа деган жойда қўноқладилар. Кечани ўша ерда ўтказдилар. Кейин Мадина томон юрдилар. Шаҳарни кўришлари билан:

— Аллоҳу акбар, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Бирдир. Шериги йўқ. Мулк Унингдир. Ҳамд Унга лойиқдир. Ҳар нарсага қодирдир. Тавба этиб, ибодат қилиб, Раббимизга ҳамдлар айтиб орқага қайтмоқдамиз. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқди. Қулига ёрдам берди. Бирлашган душманларни ёлғиз Ўзи паришон этди!− дедилар40.

Вадо ҳажи муносабати билан Расули акрам Маккада ўн кун қолдилар, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъат қилиб ўқидилар. Ҳатто у кишига жамоат бўлиб эргашган маккаликларга:

— Сиз тўлиқ ўқинг. Биз мусофирмиз! − дея марҳамат қилган эдилар41.

Расули акрамнинг Арофатда туя устида милодий 632 йил 8 мартда сўзлаган нутқлари катта тарихий ҳодиса эди. Бу нутқ инсоният тарихида энг буюк инқилоб ясади42.

Вадо хутбаси ўқилаётган куни мусулмонлик бор қудрату салоҳияти билан бутун дунёга хитоб этар, эски жоҳилият даврининг бутун хурофотларини, бутун ёмонликларини, қон даъволарини, фоизчиликни, қимор ва ҳар турли зулмни ўртадан бир-бир йўқотар эди.

Инсонларнинг олдинга юришларига тўсқинлик қилаётган тўсиқлардан бири кишилар орасида имтиёзли синф (табақа)ларнинг мавжудлиги эди.

Исломнинг нурли инқилоби синф фарқлилигини бекор қилди. Расули акрам: «Арабнинг араб бўлмагандан ҳеч қандай устунлиги йўқдир!» дея марҳамат этдилар.

Араблар ўртасида «қон даъвосини сақлаш» одати жуда кенг тус олган эди. Бир оила ёки қабиладан бир одам ўлдирилса, у одамнинг оиласи ёки қабиласи асрлар бўйи интиқом (қасос) олишни муқаддас бир вазифа деб биларди. Бу бемаъни одат туфайли тўхтовсиз ички урушларга йўл очилар, Арабистонда мол, жон ва ирс амнияти қолмаган эди. Расули акрам ушбу тарихий кунда бу «интиқом» одатини бекор қилдилар.

Бутун Арабистонда рибо ейиш одат бўлган эди. Бу ёмон одат шу қадар ёйилган эдики, бутун фақирлар бойларнинг қулига айланган эди. Ҳазрат Пайғамбар бу муборак кунда инсонларни қулликдан қутқардилар. Рибони тақиқладилар.

Аёллар бу тарихий кунга қадар эркакларнинг молидек кўрилар, бир эркакдан бошқа бирисига олиб берилар, ҳатто қимор ўйинларида пул каби ўртага тикилар эди. Инсониятнинг бу мазлум қисми ушбу муқаддас кундан бошлаб инсоният ҳаётидаги ўзига лойиқ мавқега юксалди.

Арабистонда инсонларнинг молига ҳам, жонига ҳам заррача аҳамият берилмасди. Кайфи учун одам ўлдирилар, моллар таланар эди. Расули акрам бу шарафли кунда молнинг ҳам, жоннинг ҳам муқаддас эканини эълон қилдилар.

Зулмнинг энг ёмон шаклларидан бири − оталарнинг жиноятларидан фарзандларнинг, фарзандларнинг қабоҳатидан эса оталарнинг масъул (жавобгар) тутилишлари эди. Бир отанинг қолиб кетган жазосини оиласидан қўлга тушгани тортарди. Оталар ўғилларнинг жинояти туфайли осилгани каби оталарнинг гуноҳи касридан фарзандлар ҳам ўлдирилар эди. Бу хил зулмлар дунёнинг деярли ҳамма томонида ҳукм сурарди. Қуръони карим бу зулм одатини тақиқлади, Расули акрам ҳам Вадо ҳажида бекор қилдилар.

Азалдан араблар тўрт ойга ҳурмат кўрсатар эдилар. Ҳажни бу ойларда қилишар, савдо расталари шу ойларда қурилар эди. Кейинчалик талончилик мақсади билан ҳаром ойларнинг ўринлари ўзгартирилди. Бир йил гоҳ ўн икки ой, гоҳо ўн уч ой бўлар, шу зайл ҳаром ойлари ҳалол, ҳалол ойлари ҳаром саналадиган бўлди. Эски жоҳилият даврининг барча бу ёмонликларини ҳам Вадо хутбаси бекор қилди. Энди Арабистон мусулмонлик нурлари билан ёришган, ҳазрат Иброҳим қурган Байтуллоҳ тавҳид динига батамом қовушган эди.

Изоҳлар

22. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 422-423-бетлар.

23. Эҳром ният ва талбиядан иборатдир. Ҳажга ва умрага ният қилиб Ҳарамга дохил бўлмоқдир. Талбия баланд овозда «Лаббайк»ни айтмоқликдир (Ҳожи Маҳмуд Зиҳний. «Китабул ҳаж», 6-бет).

24. Иъзор − белдан пастини ўрайдиган ёпинғич лунги, ридо− белдан юқорисини ёпадиган ёпинғич (Расмли «Қомуси Усмоний»).

25. Х.А.Дипломат. «Ҳаж фарзи», 33-бет:

26. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 434-бет.

27. «Қиссаси Анбиё», 3-жилд, 328-бет.

28. Уч хил тавоф бор: Тавофи қудум, Тавофи зиёрат, Тавофи вадо. Тавофи қудум − Маккага борилган пайтда Каъбанинг атрофини айланиш. Тавофи зиёрат Арофатдан тушилгандан кейин қилинади. Тавофи вадо − Минодан Маккага тушилгач, қилинадиган айрилиқ зиёрати (Ҳожи Маҳмуд Зиҳний. «Китабул ҳаж», 17-бет).

29. Арофат − Маккадан пиёда олти соатлик йўл, жанубий-шарқий томонда жойлашган. Арофат йўли устида, Маккадан икки соатлик масофа узоқда Мино, яна икки соатлик масофадан кейин Муздалифа, яна икки соатдан кейин Арофат келади (Ҳожи Маҳмуд Зиҳний. «Китабул ҳаж», 17-бет).

30. Амр Али. «Руҳи Ислом», 104-бет.

31. Вадо хутбаси уч кунда уч дафъа уч жойда такрорланди: 1) арафа куни Арофатда; 2) ҳайитнинг биринчи куни Минода; 3) ҳайитнинг иккинчи куни яна Минода («Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 430-бет).

32. Расули акрамнинг Вадо ҳажида, ҳижратнинг ўнинчи йили, зулҳижжа ойининг тўққизинчи арафа куни туя устида бир юз йигирма тўрт минг ҳожига қарата айтганлари − машҳур ва инсоният тарихида буюк аҳамият касб этган бу Вадо хутбалари бутун ҳадис китобларида, хусусан, «Кутуби Ситта» дейилувчи олтита катта ва саҳиҳ ҳадис китобларида муҳим ўрин олган.

33. Пайғамбаримизнинг амакилари Ҳориснинг ўғли Рабиъа Бани Саъд қабиласига борганида у ерда Ҳузайл томонидан ўлдирилган. Шунинг учун Абдумутталлиб ўғиллари Рабиъа қонини даъво қилаётган эдилар. Расули акрам бу хутбалари билан мусулмонликда қон даъвоси давомли яшатилмаслигини (бир қотил учун унинг авлодлари, ақраболари жафо тортмаслигини... - тарж.) эълон қилдилар (Муслим).

34. Рибони ҳаром қилган оятлар Вадо ҳажи асносида нозил бўлган эди:

«Аллоҳ байъни (олди-сотдини) ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган» (Бақара сураси, 275-оят).

35. Жоҳилият даврида Қурайшнинг бойлари ҳозирги истилоҳ билан айтганда банкир эдилар. Ўзларига хос муробаҳа (судхўрлик) усуллари бор эди. Хутбадаги бу жумладан Аббоснинг ҳам бой бўлганлари маълум бўлмоқда. Пайғамбаримиз рибо ва қон даъволари каби ёмон амалларни, аввало, ўз ақраболари орасида йўқ қилишни бошлаганлар, бу билан бошқа арабларга ўрнак бўлганлар.

36. Кўриняптики, мусулмонликда хотинларнинг ҳам эркаклар каби ҳақлари борлигини Расули акрам ўрта асрнинг еттинчи юз йиллигида Вадо хутбаси билан бутун дунёга биринчи бўлиб эълон қилдилар. Қуръони каримда эса бундай марҳамат қилингандир:

«Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор» (Бақара сураси, 228-оят).

37. Моида сураси, 3-оят.

38. Бақара сураси, 281-оят.

39. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 429-бет.

40. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 440-бет.

41. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 541-бет.

42. Расули акрам Вадо ҳажида Арофатда Вадо хутбасини ўқир эканлар, Қурбон ҳайити арафаси 632 йил 8 мартга тўғри келган эди. Қамарий ойлар ҳар йили шамсий йил ойларидан ўн бир кун аввал киради. Бу сабабдан қамарий ойлар фақат ўттиз уч йилда бир марта эски жойига келади ва ўттиз уч йилда бир бор айланиб, ўзига хос давра қилади. Бу ҳисобга кўра, 1968 йили ҳаж мавсумига оид арафа кунининг 9 мартга тўғри келганлиги маълум бўлади.

19:49 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Исломий ҳаж
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...