30 рабиъус сони 1446
Расули акрамнинг тарикалари (мерослари)

Расули акрамнинг тарика ўлароқ қолдирган моддий мерослари йўқ эди. Вафот этганларида олтин ва кумуш жинсидан ҳеч бир пуллари чиқмади. Фақатгина бир кумуш муҳр бор эди. Устида «Муҳаммадун Расулуллоҳ» ибораси ёзилган эди. Бу муҳрни Расули акрамдан кейин халифалардан Абу Бакр, Умар ва Усмон ҳазратлари ишлатишди.

Садрларининг (ўтириш ёки ётиш мосламаси) оёқлари ёғочдан эди. Расули акрам бунинг устида ётар эдилар. Вафот этганларида шу садрнинг устига қўйилиб, намозлари ўқилган.

Бундан ташқари Расули акрамдан бир неча қурол-яроғ ва бир оқ хачир қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинада бир боғлари ҳамда Фадақ ва Ҳайбар майдонларида ҳиссалари бор эди. Расули акрам бу ер майдонларини ҳаётдалик чоғларида вақф этганлар. Айни пайтда ўзлари буларнинг мутаваллийси ҳам эдилар. Бу ер майдонларидан келаётган фойданинг кўпи элчиларга, меҳмонларга, қарздорларга сарф қилинарди. Фадақ даромади учга бўлинар, икки қисми умумий ўлароқ мусулмонларга, бир қисми Расули акрамнинг завжаларига бериларди.

Расули акрамнинг завжалари Жувайранинг укалари (у Зотнинг қайин укалари) Хувайрис ўғли Омир дейдики: «Расули акрам ўзларидан сўнг на бир дирҳам, на бир динор, на бир қул, на бир жория ва на бирор нарса қолдирдилар. Фақат бир оқ хачир, бир-икки қурол ҳамда тасаддуқ (садақа) қилганлари бир парча ерни тарк этдилар»78.

Омирнинг бу сўзларини ҳазрат Оишанинг ривоятлари ҳам тасдиқлайди79. Шунга кўра, Расули акрам иртиҳол пайтида қолдирганлари бутун ашёлар: минган ҳайвонлари, ишлатган қуроллари ва бир парча тупроқ эди.

Асосан, Расули акрам ҳазрат Оиша ҳужраларидаги бир неча ашёларини вафотларидан олдин тасаддуқ этганлар. Пайғамбаримизнинг бир неча меросхўрлари бўлиб, улар қизлари Фотима, муҳтарама завжалари, амакилари ҳазрат Аббос эдилар.

Расули акрамнинг завжалари мўминларнинг оналари ҳисобланадилар. Шу сабабли улар ҳеч кимсага турмушга чиқа олмасдилар. Қолган умрларини ўзлари учун ажратилган хоналарда яшашди, ҳиссаларини олишди.

Бироқ ҳазрат Фотима Абу Бакрга одам юбориб, оталарининг Мадинада, Фадақда ва Ҳайбарда қолдирган ерларидан мерос ҳиссасини талаб қилдилар. Ўшанда халифа Расули акрамнинг «Биз пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз. Нимаики қолдирадиган бўлсак, садақадир»80, деган ҳадиси шарифларига суянган ҳолда ҳазрат Фотимага ҳеч нарса бермадилар.

— Мен Расулуллоҳнинг ишларини ўзгартиролмайман! − деди.

Бу ҳадисни ҳазрат Абу Бакрдан бошқа бир неча асҳоб, ҳатто Расули акрамнинг завжалари ҳам ривоят қилишган. «Кутуби Саҳиҳа», «Муснад»лар ва бутун ҳадис китоблари нақл қилишган ва қайд этган. Шунга кўра, бу ҳадис ёлғиз ҳазрат Абу Бакр тарафларидан ривоят қилинган, дейиш нотўғридир81.

Ҳазрат Абу Бакр ҳазрат Фотимага хабар йўллаб:

— Мен Пайғамбарнинг халифасиман. У Зот ҳаётликларида кимларга қанча миқдор нафақа берилган бўлса, бу нафақаларни мен ҳам бераман. Сенинг сарф-харажат ва ишларингга қарашмоқ ҳам вазифамдир. Аллоҳга қасамки, Расули акрамнинг ақраболарига боқишни ўз ақрабомга боқишдан кўпроқ яхши кўраман,» дедилар.

Ҳазрат Фотима ҳазрат Абу Бакрнинг бу жавобларидан сўнг сукут сақлаганлар ва мерос ҳақидаги бу гапни қайта бор оғизларига олмаганлар82.

Фадақ ва Ҳайбар масаласида суннийлар билан шиийлар ўртасида азалдан ихтилоф бор. Шиийларга кўра, бу ер майдонлари Расули акрамнинг шахсларига оиддир. Суннийларнинг фикрича, Расули акрам бу тупроқларнинг мутаваллийси эдилар. Бу ер майдони у кишининг шахсларига оид эмас, умумники эди. Бу майдонни у кишига оид деб фараз қилганимизда ҳам Расули акрам уни вақф этган эдилар. Чунки Расули акрам «Пайғамбарларнинг мероси йўқдир. Матрукотларимиз (қолдирганларимиз) садақадир», деган эдилар83.

Саййидул мурсалин Пайғамбаримиз дунё ҳаётидан кимсага бирор нарса қолдирмасдан охират ҳаётига сафар қилдилар. Дунёга қандай келган бўлсалар, ўшандай кетдилар.

Бироқ инсониятга буюк маънавий меросни − Ислом динини қолдириб кетдилар. Бу юксак ҳақиқатни буюк Ислом шоиримиз Муҳаммад Окиф нақадар гўзал ифода этган эди84.

Изоҳлар

78. Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 771-бет.

79. Абу Довуд. «Асри Саодат», 2-жилд, 772-бет.

80. Бухорий. «Китабул васая», «Китабул фароиз».

81.«Асри Саодат», 1-жилд, 772-бет; 10-жилд, 83-бет.

82. «Қиссаси Анбиё», 4-жилд, 270-бет.

83. «Асри Саодат», 2-жилд, 773-бет.

84. «Сафоҳат» тўплами, 7-китоб, 68-бет.

20:52 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...