5 рабиъус сони 1446
ИСЛОМ ХАЛИФАЛИГИНИНГ ДАВРЛАРИ: Хулафои рошидийн даври

Хулафои Рошидин даври, Шом Умавий халифалиги, Ироқ Аббосий халифалиги, Миср Аббосий халифалиги, Усмонли халифалиги.

1. Хулафои рошидин даври

(632-661)

Расули акрамнинг вафотларидан кейин Мадинада мусулмонлар уч фирқага бўлиндилар: муҳожирлар, ансор, ҳошимийлар. Муҳожирларнинг номзоди Абу Бакр, ансорники Убода ўғли Саъд, ҳошимийларники Али эдилар. Бу уч номзоддан ҳазрат Абу Бакр Бани Саид суфасида йиғилган ансор билан узоқ давом этган бир сайлов муноқашасидан сўнг кўпчилик овозини олдилар. Ижмои уммат билан халифа бўлдилар. Лекин ансорнинг номзоди Саъд вафотига қадар Абу Бакрга ҳам, Умарга ҳам байъат этмади. Ҳатто ҳошимийларнинг номзоди ҳазрат Али ҳам олти ойдан кейингина Абу Бакрга байъат қилдилар. Ҳазрат Абу Бакрнинг сайланишлари билан бошланган Ислом халифалиги беш даврни бошидан кечирди: Хулафои Рошидин, Шом Умавий халифалиги, Ироқ Аббосий халифалиги, Миср Аббосий халифалиги, Усмонли халифалиги. Бу беш даврдан аввалги тўрттаси Араб халифалигини, сўнгги бешинчи давр эса Турк халифалигини тамсил этган. Хулафои Рошидин даври биринчи халифа ҳазрат Абу Бакр билан бошланиб (м. 632 й.), бешинчи халифа ҳазрат Ҳасан халифалик ҳаққини Шом халифаси Муовияга топширган вақтгача ўттиз йил давом этди.

Расули акрам даврларига «Асри Саодат» дейилган бўлса, Хулафои Рошидин даврига Ислом тарихи «Садри Ислом» номини бергандир. Аммо бугунги тушуниш билан Хулафои Рошидин даври «Исломда жумҳурият даври» деб ҳам васфланмоқда. Чунки бу даврнинг беш буюк халифаси (ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва Ҳасан) сайлов йўли билан давлат бошлиғи бўлишган эди.

Булардан ҳазрат Абу Бакрнинг халифалиги икки йил давом этди. Ҳазрат Умарники ўн ярим йил, ҳазрат Усмонники ўн икки йил, ҳазрат Алиники беш йил, ҳазрат Ҳасаннинг халифалиги эса олти ой давом этди.

Бу беш халифанинг халифаликлари ҳаммаси бўлиб ўттиз йилни тўлдиради.

Ҳурматли тарих олимлари Хулафои Рошидин даври халифаларини бешта деб кўрсатиб2, шу билан бирга, Абу Абдурраҳмон Суфайна ривоятидаги ҳадисни ҳам нақл қилишган3. Ҳатто бурсалик Исмоил Ҳаққи Афанди хилофот ҳадиси шарҳида: «Хилофотки, Хулафои хамсанинг (беш халифанинг) хилофоти мутлақосидир», деган эди4.

Ҳазрат Абу Бакр ҳаётдаликларида ҳазрат Умарни халифаликка номзод этиб кўрсатдилар. Мадиналиклар бу номзодга байъат қилдилар. Аммо ҳазрат Умар асҳоб ичидан бир халифа номзодини тополмагач, бу ишни олти кишилик (ҳазрат Али, Усмон, Талҳа, Зубайр, Абу Ваққос ўғли Саъд, Авф ўғли Абдурраҳмон) шўрога қолдирдилар. Шўро ичида Усмон билан Али кўп овоз олдилар. Иккисидан бирининг танланиши учун Абдурраҳмон шўро томонидан ҳакам этиб тайинланди (Ибн Жавзий). Абдурраҳмон Усмонни танлагач, бутун халқ Усмонга байъат этди. Усмоннинг халифалигига ҳеч ким эътироз билдирмади. Бутун уммат сайловга қўшилгани учун ижмои уммат дейилувчи умумий иттифоқ ҳосил бўлди.

Бироқ тарихчилар Хулафои Рошидин даврини икки қисмга ажратишади: олтин давр (632-650) ва бошбошдоқлик даври (650-661).

Ўн икки йил давом этган ҳазрат Усмон даври ҳам иккига бўлинган эди: илк олти йил (644-650) Ислом тарихи ҳақли равишда «Олтин давр» деб ҳисоблагани Абу Бакр билан Умар замонларининг бир давоми эди. Аммо иккинчи даврда интизомсизлик бош кўрсатди. Катта бир фитна қўпди. Пировардида ҳазрат Усмон фожеона тарзда шаҳид этилдилар (ҳ. 35/м. 656). Усмондан сўнгра ҳазрат Али билан ўғиллари ҳазрат Ҳасаннинг халифаликлари бу бошбошдоқлик давридан ўрин олган эди.

Расули акрам даврларида мусулмонлик бутун Арабистонга ёйилди. Маркази Мадина эди. Лекин Араб ярим оролидан ташқарига чиқмади. Хулафои Рошидин замонида эса Ислом чегаралари Сайҳундан Мағриб ҳудудига қадар чўзилди. Ислом халифалигининг илк маркази Мадина эди. Охирги пойтахти Куфа бўлди.

Ислом тарихида биринчи ҳижрат асри фатҳлар асри бўлди. Хулафои Рошидин даври эса бу асрда олиб борилган фатҳларнинг адолатга суянган қисмини ташкил этади.

Хулафои Рошидийннинг «Олтин даври» дейилган илк қисмида − уч халифа замонида мусулмонлик Араб ярим оролидан чиқди. Ироқ, Сурия, Фаластин, Эрон, Миср, Шимолий Африқо, Қибрис, Жанубий Қофқоз, Хуросон ўлкалари Ислом чегаралари ичига олинди.

Ғарбда Исломнинг чегара нуқтаси Тараблусғарб, шимолда Арас, шарқда Жайҳун, шимолда Нўба эди.

Асри Саодат деб ном олган ҳазрат Пайғамбар даврлари ва Садри Ислом деб ном берилган илк беш халифа даврларида Қуръони карим мусулмонларнинг Асосий Қонуни эди. Ички сиёсатда «умматлик» сиёсати татбиқ этиларди. Ҳар мусулмон Аллоҳнинг қули, Пайғамбарнинг уммати эди. Барча мусулмонлар тенг эдилар. Ораларида ранг, тил, насаб ва қабила фарқи кўрсатилмасди.

Хулафои Рошидин даври фатҳларининг кўпи ҳазрат Умар замонларида бўлиб ўтди. Умар даврида Ислом лашкарлари бир томондан Эронда Сосонийлар давлатини йиқитиб, мажусийлик (оташпарастлик) мазҳабини ўртадан йўқотаётган бўлса, иккинчи томондан Византия императорлигининг қўлидан Сурия, Фаластин ва Мисрни олаётган эди.

Бироқ маркази Мадина бўлган Ислом олами бу суратда кенгайган сари ҳудуди ичига турли ишонч, турли руҳдаги инсонлар кира бошлади. Бу инсонлар Ислом давлатининг қудратидан ҳайиққанлари учун очиқ-ойдин оёқланишга (қўзғолон кўтаришга) жасорат этишмасди, лекин парда орқасида яширин ташкилотлар қуришарди. Мажусийлар билан яҳудийлар бу каби ташкилотларнинг бошида бўлдилар. Бутун бу яширин ташкилотларни қуришдан мақсад мусулмонларни бир-бирига қайраш, Ислом бирлигини парчалаш, мусулмонликдан ўч олиш эди.

Шу сабабдан ҳазрат Усмон халифаликни бошқарган илк даврларда тартибсизлик бош кўрсатди. Халифа Усмон ўз уйларида олчоқларча ўлдирилдилар. У кишига қарши даҳшатли исённи тайёрлаган кимса асли яҳудий бўлган бир яманлик эди. Сабаъ ўғли Абдуллоҳ номини олган бу қўрқинчли қўмитачи «Сабаийя фирқаси» номли яширин бир қўмита қурди. Мақсади Ислом бирлигини бузиш эди5.

Халифа Усмонга қарши айтилган сўзлар бутунлай туҳмат, Усмонни халифаликдан олиб ташлаш учун махсус тайёрланган жуда ёмон бир режа эди.6.

Халифа Усмон истасалар эди, осийларнинг овозини ўчира олардилар. Маълум бир пайтда Мадинадан чиқсалар, Шомга ёки Маккага кетсалар эди, душманларини тор-мор эта билардилар. Бундай таклифни ўртага қўйишганида қабул этмадилар. Мадина аҳолисига жиҳод амрини берсалар эди, улар воситасида ҳам осийлардан омон қолардилар. У кишига бу таклифни ҳам билдиришди. Таассуфки, ҳазрат Усмон бу таклифга ҳам кўнмадилар. Битта ҳам мусулмон қонининг тўкилишига кўнгиллари рози бўлмади.

Халифа Усмоннинг ўлимларидан кейин Ислом дунёсининг бош шаҳри Мадина беш кун халифасиз қолди. Бошбошдоқлик давом этди. Ислом бирлиги бузилди. Қотиллар халифалик учун мадиналикларга таҳдид қилишни бошладилар. Бу таҳдид қаршисида мадиналиклар қўрқиб қолдилар. Алига мурожаат қилдилар. Халифа бўлишга розилик билдиришларини айтдилар. Ҳазрат Али халқнинг бу давомли иқроридан сўнг халифаликни қабул қилишга мажбур бўлдилар. Фожеанинг олтинчи куни Пайғамбар масжидида умумий байъат ўтказилди. Ҳазрат Али тўртинчи халифа бўлдилар (ҳ. 35/м. 656).

Ҳазрат Али Ислом бирлигини барпо қилиш учун кўп жон куйдирдилар. Бироқ, ҳаттоки, Мадинани ҳам осийлардан қутқаролмадилар. Вилоятларни марказга боғлаёлмадилар. Халифаликни қувватлантиролмадилар. Усмоннинг қотилларини топишга, жазоларини беришга вақт тополмадилар. Катта мушкулотлар қаршисида қолдилар. Айниқса, икки жойда бош кўтарган мухолифлар анча тахликали эди. Бири Шомда волий Муовиянинг мухолифати, бошқаси Маккада тўпланган мухолифларнинг ҳаракати эди. Маккада бирлашган мухолифлар шаҳардан чиқишди. Басрага боришди. Халифа Али ҳам атай Басрага келдилар. Талҳа ва Зубайр билан гаплашдилар. Икки томон ўртасида келишув ҳосил бўлди. Таассуфлар бўлсинки, мусулмонларнинг бирлашишидан мамнун бўлмаган фасодчилар бу гўзал сулҳни бузишга ҳаракат қилдилар. Ҳамма уйқудалигида Сабаъ ўғли ва унинг тарафдорлари ҳазрат Оиша қўшинига ҳужум қилдилар. Икки томон ҳам ўзини иккинчи томоннинг ҳужумига учраган деб билди-да, пировардида Жамал воқеаси дейилувчи қонли фожеа бошланди (ҳ. 36/м. 656).

Фожеани Сабаийя фирқаси тайёрлаганига шубҳа йўқ эди. Бу ҳақиқатни Жавдат Пошо, Субҳий, диёрбақирлик Саид Пошо ва Умар Ризо Дўғрул каби олимлар гўзал тарзда тушунтириб беришган.

Жамал воқеаси Сабаъ ўғли Абдуллоҳнинг мусулмонлик устидан қозонган яширин ғалабанинг иккинчиси бўлди. Биринчиси халифа Усмонга қарши тайёрланган исёнда кўринган эди.

Жамал воқеасида Талҳа ва Зубайр шаҳид этилдилар. Оиша асир тушдилар. Ғалаба ҳазрат Али томонларида қолди.

Жамал воқеасидан кейин ҳазрат Али Шом волийси Муовия билан Сиффийнда қаршилашди. Аммо Сиффийн (ҳ. 38/м. 657) ва Ҳакам (ҳ. 37/м. 657) воқеаларидан бирор натижа чиқмагач, ички урушлар такрор бошланди. Жуда кўп мусулмон қони тўкилди. Охири икки томон ўртасида бир йўлга келишилди (ҳ. 40/м. 660)7.

Ислом бирлиги сиёсий жиҳатдан ҳам парчаланди: Шом халифалиги ва Куфа халифаликларига бўлинди. Куфа халифалигида ҳазрат Али, Шом халифалигида Муовия ўзаро бир-бирларининг халифаликларини тан олдилар ва тасдиқладилар.

Бироқ Куфа халифаси ҳазрат Али унга кин боғлаган хорижийларнинг фидойиси томонидан шаҳид этилдилар (ҳ. 40/м. 661). Ўринларига ўғиллари Ҳасан сайландилар. Ҳазрат Алининг халифалигини тан олган Ислом ўлкалари ўғилларига боғландилар. Бу тариқа ҳазрат Ҳасан Хулафои Рошидиннинг бешинчиси бўлдилар. Ҳасан Куфа халифалигида олти ой қолдилар. Халифа Ҳасан аввалдан Ислом бирлигининг бузилишидан хафа эдилар. Ҳакам воқеасида ҳазрат Али томонларидан ҳакамлик вазифасини бажарган Абу Мусо каби ўйлар, мусулмон қонининг тўкилишини ҳеч истамас эдилар. Иқтидорлари ва қўллари остида аскарий қувватлари бўлгани ҳолда буюк фидокорлик кўрсатдилар. Халифалик ҳуқуқини муносиб шартлар билан, ўз истакларига биноан Шом волийси Муовияга топширдилар (ҳ. 41/м. 661). Ислом бирлигининг қайтадан тикланишига хизмат қилдилар. Расули акрамнинг ҳадисларига мазҳар бўлдилар. Буюк Пайғамбаримиз неваралари Ҳасан ҳақларида: «Бу ўғлим саййиддир. Умид қиламанки, бу билан Аллоҳ икки мусулмон жамоатнинг ўртасини ислоҳ айлар!» дея марҳамат қилган эдилар8.

Халифа Ҳасаннинг олти ой давом этган халифалиги билан «Хулафои Рошидин» даври ниҳоясига етди. Тўлиқ ўттиз йил давом этди. Ҳазрат Ҳасан бу даврнинг сўнгги халифаси бўлдилар.

Изоҳлар

 

2. «Қиссаси Анбиё», 7-жилд, 114-бет; «Зубдатул қисас», 1-жилд, 175-бет; «Миръотул ибар», 6-жилд, 358-бет.

3. Хилофот мендан сўнгра ўттиз санадир. Ундан кейин золим салтанат қайтиб келади».

4. «Ҳадиси арбаъин» таржимаси, 227-бет.

5. «Асри Саодат», 10-жилд, 389-бет.

6. «Асри Саодат» 8-жилд, 35-бет.

7. «Қиссаси Анбиё», 7-жилд, 131-бет; «Миръотул ибар», 6-жилд, 347-бет.

8.«Жомиус-Сағийр»; «Қиссаси Анбиё», 7-жилд, 147-бет.

06:17 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Бағишлов
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...