Юқоридаги аёл Ҳошимдан Абдулмутталибни дунёга келтирди. Онаси унга Шайба деб исм қўйди. Ҳошим ўғлининг балоғат ёшига етгунигача аёли билан қолишга рози бўлди. Шайба балоғатга етиб қолганда амакиси Ал-Мутталиб уни олиб кетиш учун Мадинага келди. Онаси Салмо: «Мен боламни сиз билан юбора олмайман», – деди. Шунда Ал-Мутталиб: «Мен уни ўзим билан олиб кетмагунимча ортимга қайтмайман. Чунки жияним балоғатга етибди. У қавмидан бегоналар орасида яшамайди. Биз қавмимиз орасида олий мартабага эгамиз. Уларнинг кўп ишларига раҳбарлик қиламиз. Шундай экан, жиянимнинг ўз қавм-қариндошлари орасида туриши унга бегоналар орасида яшашдан кўра яхшироқдир», – деди.
Баъзиларнинг айтишларича, Шайба амакисига: «Мен онамнинг рухсатисиз сиз билан кета олмайман», – дейди. Онаси рухсат бергач, амакисининг туясига мингашиб ота юрти Маккага кетади. Амаки-жиян шаҳарга кириб келаётганларида Шайбани кўрган қурайшликлар: «Бу Мутталибнинг қули[1] шекилли», – дедилар. Шунда Ал-Мутталиб уларга: «Сизларга нима бўлди? Бу акам Ҳошимнинг ўғли, мен уни Мадинадан олиб келаяпман», – деди. Шу воқеа сабаб бўлиб, кейинчалик Шайбани «Абдулмутталиб» деб атаганлар.
[1] Абдулмутталиб – Мутталибнинг қули деган маънони билдиради.