Ибн Ҳишом: бир киши келиб, қурайшликларга Барроднинг Урвани ўлдириб қўйганини етказди. Улар бу вақтда Укоз бозорида эдилар. Бу хабарни эшитиб, йўлга чиқдилар. Аммо ҳавозинликлар бундан бехабар эдилар. Хабар етиб боргач, ҳавозинликлар ҳам қурайшликлар ортидан бориб, уларга Ҳарамга киришларидан олдин етиб олдилар. Сўнг икки ўртасида жанг бошланиб, тун қоронғусигача давом этди. Кейин қурайшликлар ҳарам ичига кириб олдилар, ҳавозинликлар ортга чекиндилар. Орадан бир неча кун ўтгач, томонлар яна тўқнашдилар. Қурайш, Кинона ҳамда Қайс қабилаларидан ҳар бирининг ўз раиси бўлиб, бир-бирларини қувватлаб турар эдилар.
Мазкур жангда ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қатнашдилар. Амакилари у Зотни ўзи билан олиб чиққан эди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Мен амакиларимга ўқларини келтириб турган эдим», – деганлар.
Ибн Исҳоқ: бу жангда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма ёшда бўлганлар, жангда Кинона ва Қайс Айлон қабилалари ҳаром қилинган ишлардан кўпини ҳалол санаб юборганлари учун бу урушга фисқ-фужур уруши деб ном берилган.
Жангда Қурайш ва Кинона қабилаларига Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушамс қўмондонлик қилган. Куннинг биринчи ярмида Қайснинг қўли баланд келиб, кун ўртасига келиб зафар Кинона томонга ўтган.
Ибн Ҳишом: бу жанг тафсилотлари жуда узун бўлиб, китобни мухтасар қилиш мақсадида уларни келтириб ўтмадим.