Умар ибн ал-Хаттоб ва Савод ибн Қориб ўрталарида бўлиб ўтган гап

3 йил аввал 2169 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Усмон ибн Аффоннинг озод қилган қули Абдуллоҳ ибн Каъбдан нақл қилинишича, Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу  бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ўтирса, араблардан бир киши Умар розияллоҳу анҳуни излаб ичкарига кириб келди. Умар розияллоҳу анҳу уни кўргач: «Бу ҳали ҳам ўз ширкидан воз кечмаган кишидир. Чунки бу жоҳилият вақтида коҳин эди», – деди. Ҳалиги киши салом бериб, ўтирди. Умар розияллоҳу анҳу: «Исломни қабул қилдингми?» – деб сўради. У: «Ҳа, эй мўминлар амири», – деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Сен жоҳилиятда фолбин­лик қилардинг-а?» – деб сўради. У эса: «Субҳоналлоҳ, эй мўминлар амири, мен ҳақимда ёмон гумонга бордингиз, мени раиятингиздан ҳеч кимга айтмаган гаплар билан кутиб олдингиз», – деб ранжиди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳим, ўзинг кечиргин! Биз жоҳилият вақтида бундан ҳам ёмон эдик. бутларга сиғиниб, уларни илоҳ қилиб олган эдик. Аллоҳ бизларни ўзининг Расули ва Ислом билан улуғлади», – деди. Ҳалиги одам: «Ҳа, тўғри айтасиз. Аллоҳга қасамки, эй мўминлар амири, мен ростдан ҳам жоҳилиятда коҳин бўлган эдим», – деди. Умар розияллоҳу анҳу  унга: «Менга ўша вақтларда шайтонинг келтирган хабар­лардан айтиб бер», – деб сўради. У: «Шайтоним Ислом келишидан ча­маси бир ойча олдин олдимга келиб: «Жин ва шайтонларнинг хор ва мағлуб бўлаётганларини кўряпсанми? Улар урғочи туялар орқасидан кетиб қолмоқдалар, бу ишларда нимадир бор», – деди. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу шундан сўнг одамларни тўплаб: «Аллоҳга қасамки, мен жоҳилият даврида бир неча қурайшликлар билан бир санамнинг ол­дида турган эдим. Бир араб шу санамга қурбонлик қилган ва биз унинг гўшти тақсимланишини кутиб турган эдик. Тўсатдан, сўйилган бузоқ ичидан бир овоз эшитдимки, илгари бундан ўткир овоз эшитмаган эдим. У овоз: «Эй Зариҳ, яқинда зафарли иш бўлажак, бир киши «ла илаҳа иллаллоҳ», – деб қичқиражак», – деди.

Шеър илмидан бохабар бир киши менга шу шеърни айтиб берган эди:

Ажабки, жинлар ҳайратга тушдилар,

Уларни урғочи туялар ортидан эргаштириб кетди.

Жинлар Макка томон ҳидоят истаб талпинмоқдадир.

Уларнинг мўминлари нопоклари каби эмасдир.

Ибн Исҳоқ: булар араб коҳинлардан бизгача етиб келган хабарлар эди.

Яҳудийларнинг ўз душманларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўрқитишлари

Ибн Исҳоқ: менга Осим ибн Амр ибн Қатода, ўз қавмидан бир қанча кишилардан нақл қилиб, деди: «Бизларнинг Исломга кириши­мизга Аллоҳнинг раҳмати ва ҳидояти билан бирга сабаб бўлган омил­лардан яна бири шу эдики, биз жоҳилият вақтида бутларга сиғинувчи жоҳил кишилар эдик. Яҳудийлар эса китоб аҳллари бўлиб, улар биз бўлмаган илмлардан хабардор эдилар. Орамизда тез-тез урушлар бўлиб турарди. Агар биз енгсак, яҳудийлар: «Шошмай туринг, яқинда чиқажак Пайғамбарнинг вақти келиб қолди. У Пайғамбар билан биз сизларни Од ва Ирам қавмларидек ҳалок қиламиз», – дер эдилар. Биз бу сўзни улардан жуда кўп марта эшитган эдик. Аллоҳ ўз Расулини юборгач, биз унинг даъватини қабул этиб, яҳудийлар таҳдид қилаётган Пайғамбар шу Зот эканликларини билдик ва унга яҳудийлардан аввал иймон келтирдик. Аммо яҳудийлар ўзлари Пайғамбарни инкор этиб, кофир бўлдилар. Бақара сурасидаги қуйидаги оятлар айнан биз би­лан улар ҳақида нозил бўлди: «Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарса (Таврот)ни тасдиқ этувчи китоб (Қуръон) кел­ганида, илгари кофирларга қарши (худди) шу китоб (восита­си) билан ёрдам сўраб юрар эдилар. Улар ўзларига таниш Зот (Муҳаммад) келганида, (уни инкор этиб) кофир бўлдилар. Кофир­ларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин»82.

Ибн Ҳишом: Аллоҳнинг китобида бу борада қуйидаги оятлар ҳам келган: «Эй Роббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳақиқий ажримлик ато эт! Сен ажрим этувчиларнинг яхшисидирсан»83.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ