Ибн Исҳоқ: менга Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг сўзлаб беришича, унга шундай ҳикоя қилиб беришган экан: Абу Суфён ибн Ҳарб, абу Жаҳл ибн Ҳишом ва бани Зуҳранинг иттифоқдоши Ахнас ибн Шарийқ ибн Амр ибн Ваҳб ас-Сақафийлар бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида кечаси намоз ўқиётганларида, у Зотни тинглаш учун (бир-бирларидан бехабар) йўлга чиқишди. Улардан ҳар бири тинглаш учун ўз ўрнини эгаллади. Улардан бирортаси бошқасининг жойини билмас эди. Улар кечани тинглаб ўтказишди, тонг отгач эса тарқалишди. Йўлда тасодифан учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилиб: «Бошқа қайтиб келманглар! Агар сизларни қайсидир нодонларингиз кўриб қолса. кўнглида шубҳа пайдо бўлади», – дея қайтиб кетишди. Иккинчи кечаси бўлгач, ҳар бири ўз жойига қайтиб, яна кечани тинглаш билан ўтказиб, тонг отгач, тарқалишди. Йўлда яна учрашиб қолишгач, бир-бирларини аввалги сафардагидек маломат қилиб, қайтиб кетишди. Учинчи кечаси ҳам ҳар бири ўз жойини эгаллаб, тинглашди ва тонг отгач, тарқалишди. Йўлда яна учрашиб қолишгач, бир-бирларига: «То қайтиб келмасликка аҳдлашмагунимизча, бу ҳолда давом этаверамиз», – дейишди. Сўнг бир-бирларига ваъда бериб тарқалишди.