Валид ибн ал-Муғира ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гаплашиб туришган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мусулмон бўлишидан умидвор эдилар. Шундай пайтда кўзи ожиз ибн Умму Мактум келиб қолди. Вазиятдан бехабар ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гап қотиб, Қуръон ўқиб беришларини талаб қилди. Унинг бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботди ва ҳатто аччиқлантирди. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-Валид билан машғул бўлиб, мусулмон бўлишини умид қилиб турган эдилар. Ибн Умму Мактум қистайвергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқларини солиб (хўмрайиб) ундан узоқлашдилар. Бу ҳақида Аллоҳ шу оятни туширди: «(Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди. Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди. (Эй Муҳаммад!) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол, у (Сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар ёки эслатма олар-да, сўнгра бу эслатма унга фойда берар?! Аммо (Сизни машғул қилган) бой кимсага эса, бас, Сиз (эътибор бериб) мутасаддилик қилмоқдасиз. Ҳолбуки, унинг (ўз куфридан) покланмаслиги Сизга зарарли эмас эди. Энди олдингизга югурган ҳолда (Аллоҳдан) қўрқиб келган киши эса, бас, Сиз ундан чалғимоқдасиз. Йўқ! (Бундай қилманг!) Албатта, улар (Қуръон оятлари) айни эслатмадир. Бас, ким хоҳласа, (уни) ёд этар. (У оятлар Аллоҳ наздида) мукаррам саҳифаларда (яъни) қадри баланд, покиза (саҳифаларда) котиб (фаришта)лар қўлларидадир»177. Яъни «Мен сизни фақатгина яхшилик билан башорат берувчи ва азобдан огоҳлантирувчи Пайғамбар сифатида юбордим. Сизни бирон кимсага хослаб қўйганим йўқ. Шундай экан, эзгулик излаб келган кимсага монеълик қилманг ва хоҳламаган кишиларга ёпишиб олманг».
Ибн Ҳишом: ибн Умму Мактум, Бани Омир ибн Луай уруғига тегишли кишилардан биридир. Исми Абдуллоҳ бўлиб, бошқа бир ривоятда Амр дейилган.