Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада эканлар, олдиларига йигирма нафар ёки шунга яқин насронийлар келишди. Улар пайғамбарлик ҳақидаги хабарларни ҳабашистонликлардан эшитган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда топдилар. Ёнларига ўтириб, гаплашиб баъзи нарсаларни сўрадилар. Бу пайтда Қурайшдан бир гуруҳ кишилар Каъбанинг ёнидаги надваларида эди. Насронийлар гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хоҳлаганларини сўраб бўлишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга иймон келтиришга даъват этиб, уларга Қуръон тиловат қилиб бердилар. Қуръонни тинглашганида насронийларнинг кўзларига ёш келди, кейин даъватга ижобат айлаб, унга иймон келтирдилар ва пайғамбарликларини тасдиқладилар. Ўқилган Қуръондан ўз китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга доир васф этилганларни англаб етишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдилардан туришганида, Абу Жаҳл бир гуруҳ қурайшликлар билан уларнинг олдидан чиқиб: «Жамоатингиз билан Аллоҳ сизни мусибатга дучор этсин! Ортингиздаги диндошларингиз сизни бу одам ҳақида хабар келтиринг, деб юборишди. Сизлар бўлса ўз динингиздан чиқиб унинг айтганларини тасдиқладингиз. Биз сиздан кўра аҳмоқроқ жамоат кўрмадик», – дейишди ёки шунга ўхшаш сўзлар айтишди. Шунда гуруҳдагилар уларга: «Сизга саломатлик бўлсин. Биз сизга жоҳиллик билан муомала қилмаймиз: биз ўз ҳолимизда, сиз эса ўз ҳолингиздасиз. Биз яхшилик талабида қусур иш қилмадик», – дедилар.
Бошқа ривоятга кўра, бу насронийлар гуруҳи Нажрон аҳолисидан эди. Қайси бирининг тўғрироқ эканини Аллоҳ билувчироқдир, шунинг учун Аллоҳ билувчироқдирки мана бу оятлар улар ҳақида тушган: «Биз (Қуръондан) илгари Китоб (Таврот, Инжил) берган зотлар (яҳудий ва насронийлар) унга (Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки, уларга (Қуръон) тиловат қилинса: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмон эдик», дерлар. Ана ўша зотларга (иймон йўлида) сабр қилганлари сабабли мукофотлари икки баробар ато этилур. Улар ёмонликни (яъни кофирларнинг озорларини) яхшилик (сабр) билан даф қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар. Қачонки, беҳуда гапни эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Омон бўлингиз! Бизлар нодон кимсаларни истамаймиз», дерлар»186.
Ибн Исҳоқ: Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан бу оятлар кимлар ҳақида нозил бўлганини сўрадим. У менга: «Уламоларимиздан бу оятларнинг Нажоший ва унинг одамлари ҳақида туширилганини ҳозиргача эшитаман», – деди. оятлар Моида сурасидандир: «...Бунинг сабаби – улар (насронийлар) ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрга берилмаслигидир. Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз. Айтадилар: «Эй Роббимиз! (Биз Муҳаммадга) иймон келтирдик. Бизни шаҳодат аҳли билан ёзгин!»187.
Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирсалар атрофларини асҳобларидан Хаббоб, Аммор, Сафвон ибн Умайя ибн Муҳриснинг қули Абу Фукайҳа Ясор, Суҳайб ва шунга ўхшаш бечора мусулмонлар ўраб ўтиришарди. Қурайшликлар уларни масхаралар, бир-бирларига: «Анавилар кўриб турганингиздек унинг асҳобидир. Аллоҳ орамиздан ҳақ ва ҳидоятни уларга берибди? Агар Муҳаммаднинг олиб келганларида яхшилик бўлганида, улар биздан олдин унга эргашишмас ва Аллоҳ биздан бошқасига бу динни хосламас эди», – дейишди. Шунда Аллоҳ улар ҳақида шу оятни туширди: «Эртаю кеч (доимо) Парвардигорларининг «юзи»ни истаб, Унга дуо (ибодат) қилаётганларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сиз уларнинг (ишлари) ҳисоботидан бирор нарсага (масъул) эмассиз. Улар (ҳам) Сизнинг (ишларингиз) ҳисоботидан бирор нарсага (масъул) эмаслар. Уларни ҳайдаб, ситамкорлардан бўлиб қолманг! «Бизларнинг ичимиздан (келиб-келиб) Аллоҳ ўшаларга неъмат ато этибдими?!» – дейишлари учун уларнинг баъзиларини баъзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Шукр қилувчилар (ким экани)ни Аллоҳ билувчироқ эмасми?! Ҳузурингизга оятларимизга иймон келтираётганлар келганларида, айтинг: «Сизларга салом (саломатлик)! Роббингиз раҳмат (қилиш)ни Ўзига ёзди: сизлардан кимки жоҳилликда ёмонлик (гуноҳ иш) қилган бўлиб, сўнгра ўша (гуноҳи)дан кейин тавба қилиб, (ўзини) ислоҳ этса, бас, албатта, У кечиримли ва раҳмлидир»188.
Менга етиб келган хабарга кўра, кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Марвада Бани Ҳадрамийнинг қули бўлган Жабр деб аталмиш насроний боланинг дўконида ўтирар эдилар. Шу сабабли мушриклар: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад олиб келган жуда кўп нарсани унга Бани Хадрамийнинг қули насроний Жабрдан бошқаси ўргатаётгани йўқ», дейишарди. шу сабабли Аллоҳ қуйидаги оятни туширди: «Аниқки, (Биз) уларнинг: «Унга (Муҳаммадга Қуръонни) бирор одам ўргатмоқда», – деяётганларини билурмиз. (Лекин) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (арабий эмас), бу (Қуръон) эса аниқ арабийдир»189.