30 рабиъус сони 1446
Олам учун ҳидоят кунин туғилиши, яъни ибтидои замони рисолат
 

Вақтийки жаноб Саййидул анбиё соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ёшлари қирқға тўлуб бир кун ўтуб эрди, жаноб саййидуно Жибрил алайҳиссалом Парвардигор жалла шаънуҳу тарафидин нубувват башоратин келтурдилар. Ул замон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғори Ҳирода эрдилар. Тарихи милодий олти юз ўнға тўлғон эрди. Ҳазрати Жибрил бу жанобға боқиб «اقرأ» , яъни ўқи, дедилар. Жаноб рисолатмаоб «ما اقرأ» деб жавоб бердилар, яъни мен ўқиёлмайман. Кейин Жибрил алайҳиссалом бу жанобни маҳкам бир сиқиб, қўюб юбордилар, яна аввалғидек «اقرأ» дедилар. Жаноб аввалғи жавобни бердилар. Кейин Жибрил алайҳиссалом яна бир бор сиқиб, қўюб юбордилар,  «اقرأ» деб учунчи бор яна сиқиб, қўюб юбордилар ва бу беш оятни ўқуб эшитдурдилар:

(إقرأ باسم ربك الذي خلق، خلق الإنسان من علق، إقرأ وربك الأكرم، الذي علم بالقلم، علم الإنسان ما لم يعلم)

Таржимаси: «Ўқуғил ул Парвардигоринг номи илаки, яратди. Яратди инсонни қуюқ қонлардин. Ўқуғил ва Парвардигоринг ҳаммадин зиёда карамликдур. Ул Зотки илм ўргатди қалам ила. Таълим берди инсонға ул нарсаники, билмас эрди».

Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу беш оятни тамом ёд қилуб олдилар, сўнгра хавфланғон ҳолда ғори Ҳиродин тушуб ўз уйлариға боруб, мени ўраб қўюнглар, деб амр қилдилар. Ҳазрат Хадижа розияллоҳу анҳо ўраб қўйдилар. Бир оз ётуб хавф ва даҳшатлари кўтарилгандин кейин бўлуб ўтган воқеани хотунлариға баён қилдилар ва дедиларки, мен ўз жонимдин қўрқдим. Бу сўзлариға жавобан Хадижа онамиз дедилар: Эй Ҳабиб, ҳаргиз қўрқмасунлар, Аллоҳ таоло жанобларин ҳеч бир вақт хор ва расво этмас, мағмум ва маҳзун қилмас. Чунки ўзлари қариндошлариға шафқатлик ва ожизлар юкларин кўтаргувчи, мушкилларин осон этгувчи ва мискиннавоз ва меҳмонпарвар ва аҳли ҳақларға додарс (қози, ҳакам)дурлар. Худойи меҳрибон ҳамиша ўзлариға мададкордир». Жаноб Хадижа розияллоҳу анҳо шунчалик тасалли берганларидин кейин ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни баробар олуб амакизодалари Варақа ном бир олим ҳузуриға бордилар. Бу одам ёши улуғ, ўзи насроний бўлғон бир доно киши эрди. Кўзлари ожиз бўлиб қолғон эрди. Бу зотға Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган воқеаларин ўз забонларидин баён қилунди. Бу сўзни эшитган замон Варақа дедики: «Бу сиз кўрган зот ўшал фариштадурларки, ҳазрат Мусо алайҳиссаломга ҳам тушар эрдилар. Эй кошки, сизни қавмингиз чиқарур вақтларида ман навжавон бўлсам эрди». Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Оё, менинг қавмим мени ватанимдин чиқарурларми?» Варақа деди: «Оре, ҳеч ким сиз келтурган таълимни келтирмади, магар анга ибтидода ҳамма душман бўлур. Кошки сизнинг бу ватандин ҳижрат қиладурган замонингизда мен тирик бўлсам, ниҳоятда улуғ хизмат қилур эрдим». Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Хадижа розияллоҳу анҳо иккилари бу сўзни эшитуб, уйлариға қайтдилар. Аммо Варақа бечора зиёда муддат яшаёлмай вафот қилуб кетди. Кейин уч йилғача ваҳий силсиласи банд бўлуб турди. Бу фурсатда ҳазрат рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий учун истеъдодлари ниҳоятда юқори мақомға етуб, шавқлари кўб зиёда бўлди.

Ўзлари дебдурлар: «Бир кун кетуб туруб эрдимки, осмон тарафидин бир овоз келди. Осмонға боқсам ўшал ғори Ҳироға келган зот кўзумга кўрулдилар. Бу дафъа ҳам қўрқдим, лекин аввалғидек эмас, бир оз енгилроқ қўрқдим». Кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дафъада ҳам уйлариға боруб чодирларға ўралуб ётуб эрдилар, бу оятлар нозил бўлди: (يا ايها المدثر قم فانذر و ربك فكبر و ثيابك فطهر و الرجز فاهجر)

Таржима: «Эй чодирға ўралғувчи, ўрнингдин тур ва қўрқут. Ва Парвардигорингни улуғла. Ва киюмингни пок тут. Ва нопокликдин узоқ бўл». Шундин кейин ваҳий силсиласи кет ва кет кела бошлади. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқни Худо тарафиға даъват қила бошладилар ва мушриклар тарафларидин кулфат ва азият борони ёға бошлади. Бу мақомда бир оз мулоҳаза қилмак лозимдурки, ҳазрат Жибрил алайҳиссалом биринчи мулоқотларида нима учун жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уч бор сиқиб қўюб юбордилар ва ҳар бир сиқғонларида жаноб ниҳоятда қийналур эрдилар? Мундаги ҳикмат шул эрдики, шул тариқа тарбия баракатида жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳониятлари башариятлариға ғолиб бўлсун ва Зоти алиялари оёти раббонияни талаққийси учун истеъдод пайдо қилсунлар, андин кейин Холиқ ила халқ ўрталарида восита бўлсунлар. Жибрил алайҳиссаломни кўруб, ул зотдин ваҳий олғондин кейин бир неча соат юракларин ўйнаши тобшурулган масъулиятни нечук таҳаммул эта олурман ва бу улуғ вазифани қандоғ анжом бера олурман, деб қилғон хавфларидин пайдо бўлғон бир ҳолат эрди. Ҳақиқатда, бу жанобға тафвиз этулган рутба рутбаларнинг ҳаммадин буюги бўлуб, таҳаммули ҳар қандоғ инсон учун оғирдин оғир бир вазифа эрди. Анинг учун нақадар фикр ва нақадар ҳайратда қолунса, ҳақлиғ эрдилар. Лекин бу буюк шарафни карам қилғон меҳрибон Парвардигорлари Ўзи ҳар бир соатда ул жанобға нигоҳбон турди, ниҳоятда санжидалик ила охириға еткузулди.

08:44 / 26.03.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...