Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан, Қурайш муҳожирлари ва Бани Махзумдан Мадинага илк ҳижрат қилган киши Абу Салама ибн Абд ал-Асад ибн Ҳилол ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзум бўлиб, исми Абдуллоҳдир. У Ақаба байъатидан бир йил олдин Мадинага ҳижрат қилди. Маккага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига Ҳабашистондан келди. Қурайшликлар унга озор беришди. ансорларнинг мусулмон бўлганликлари хабари етиб келгач, Мадинага ҳижрат қилди.
Ибн Исҳоқ: Абу Исҳоқ ибн Ясор менга Салама ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абу Саламадан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари бўлмиш бувиси Умму Саламадан ривоят қилди: «Абу Салама Мадинага кетишга қарор қилгач, туясини чўктириб устига мени миндирди ва қучоғимга ўғлим Салама ибн Абу Саламани берди. Сўнгра мен миниб олган уловни етаклаб йўлга чиқди. Банил-Муғира ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзумнинг одамлари буни кўргач, яқинлашиб келиб: «Сен бизни енгдинг, лекин аёлингга нима дейсан. Уни олиб кетишингга нима учун рухсат беришимиз керак экан?» – дейишди. (Умму Салама) деди: «Унинг қўлидан туянинг жиловини тортиб олиб, мени ундан ажратиб қўйишди. Буни кўрган Абу Саламанинг бир яқини Бани Абд ал-Асад ғазабга келиб: «Йўқ асло, Аллоҳга қасамки, биз боламизни Умму Салама билан қолдира олмаймиз. Чунки сиз уни Абу Саламадан айирдингиз», – деди. Шунда ўғлим Саламани тортишиб, бири олиб-бири бераркан, уни Бани Абд ал-Асад олиб кетди. Бани Муғира эса мени ўзларида олиб қолиб, эрим Абу Салама Мадинага кетди. Мени эрим билан ўғлимдан ажратишган эди. Ҳар тонг тошли йўлга чиқар, ўтириб йиғлардим. Шу зайлда бир йил ёки шунга яқин вақт ўтган эди, менинг олдимдан амакимнинг ўғилларидан, Бани Муғирадан бир одам ўтиб қолди. аҳволимни кўриб раҳми келди ва Бани Муғирага: «Шу бечора аёлни қўйиб юбормайсизми? Эри билан боласидан айирдингиз уни», – деди. Умму Салама деди: «Менга: «Хоҳласанг, эрингга кетавер», – дейишди». Бани Абд ал-Асад ҳам боламни менга қайтариб берди. Туямга миндим, боламни қучоғимга олиб, сўнгра эримни излаб Мадина сари йўлга чиқдим. Мен билан бирга биронта Аллоҳнинг бандаси йўқ эди. Кимни кўрсам, эримнинг олдига кетаётганимни айтардим. Танъийм243 деган жойга келганда Бани Абдуддор уруғидан Усмон ибн Талҳа ибн Абу Талҳага дуч келдим. У менга: «Эй Абу Умайянинг қизи, қаёққа?» – деди. Мен: «Мадинадаги эримнинг олдига», дедим. У: «Сен билан бирга ҳеч ким йўқми?» – деди. Мен: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва шу боламдан бошқа ҳеч ким йўқ», – дедим. У: «Аллоҳга қасамки, сени ёлғиз ташлаб қўймайман», – деди ва туянинг жиловидан ушлаб, йўлга тушди. Аллоҳга қасамки, араблар орасида мен ундан карамлироқ бошқа одам кўрмадим. Бирон манзилга етиб борганда туямни чўктириб, ортга чекинар, мен тушиб бўлгач, туямнинг устидаги юкларни туширар, уни дарахтга боғлаб, кейин ўзи узоқлашиб, дарахт остига бориб, у ерда ерга чўзиларди. Жўнайдиган пайт бўлганда эса туямни йўлга ҳозирлар, устига юкларни ортиб, орқасига чекиниб, менга: «Мин», дерди. туямга чиқиб ўрнашиб олганимдан сўнг унинг жиловини қўлига олар, яна бошқа манзилга боргунгача етаклаб борарди. Шу тарзда мени Мадинагача олиб борди. Қубодаги Бани Амр ибн Авф қишлоғи кўринганда: «Эринг шу қишлоқда (чунки Абу Салама шу қишлоққа тушган эди), Аллоҳнинг баракоти билан унга кир», деб ўзи Маккага қайтиб кетди.
Ибн Исҳоқ: Умму салама: «Аллоҳга қасамки, Исломда Абу Саламанинг оиласичалик мусибатларга дучор бўлган бошқа оилани билмайман, шунингдек, Усмон ибн Талҳадан244 ҳам кўра карамлироқ бошқа дўст кўрмадим», дерди.
Ибн Исҳоқ: сўнгра Абу Саламадан кейин муҳожирлардан Мадинага илк келган киши Бани Адий ибн Каъбнинг иттифоқдоши Омир ибн Рабиъадир. У билан бирга аёли Лайло бинт Абу Ҳасма ибн Ғоним ибн Абдуллоҳ ибн Авф ибн Убайд ибн Адий ибн Каъб ҳам бор эди. Сўнгра Бани Умайя ибн Абдушшамснинг иттифоқдоши Абдуллоҳ ибн Жаҳш ибн Риоб ибн Яъмур ибн Сабра ибн Мурра ибн Касийр ибн Ғанм ибн Дудон ибн Асад ибн Хузаймадир. Оиласи ва биродарининг масъулиятини Абд ибн Жаҳш ўз зиммасига олган эди. У Абу Аҳмад эди (Абу Аҳмад кўзи ожиз бўлиб, Макканинг юқори ва қуйисини ҳамроҳсиз ўзи кезиб юрар эди, шоир эди. Ал-Фаръа бинт Абу Суфён ибн Ҳарбга уйланганди. Онаси эса Умайма бинт Абдулмутталиб ибн Ҳошим эди). Ҳижрат сабабли Бани Жаҳшнинг уйлари ёпилиб қолган (кимсасиз) эди. Утба ибн Рабиъа, ал-Аббос ибн Абдулмутталиб ва Абу Жаҳл ибн Ҳишом ибн ал-Муғиралар Макканинг юқори томонига чиқишаркан, унинг олдидан ўтиб қолишди (у ҳозирда радмдаги Абоннинг уйидир). Утба ибн Рабиъа мазкур кишиларнинг ҳеч ким турмайдиган бўш эшикларига қараб, уларни кимсасиз ҳолда кўргач, чуқур нафас олиб шундай деди:
Ҳар бир ҳовлининг саломати (умри) қанчалик чўзилмасин, барибир, бир кун яна унга фалокат келади, ниҳоя топади.
Ибн Ҳишом: бу байт Абу Дувод ал-Иёдийнинг бир қасидасидан олинган.
Ибн Исҳоқ: кейин Утба ибн Рабиъа: «Бани Жаҳш уйлари эгаларидан айрилди», – деди. Абу Жаҳл эса: «Бу инсонларга ҳеч ким йиғламас бўлди», деб қўшиб қўйди.
Ибн Исҳоқ: (Утба) деди: «Бу анави биродаримнинг ўғлининг иши. У жамоатимизни бўлиб ташлаб, барча ишларимизни изидан чиқарди ва орамиздаги муносабатни узди. Абу Салама ибн Абд ал-Асад, Омир ибн Рабиъа, Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва биродари Аҳмадлар Қубода Бани Амр ибн Авфдан Мубашшир ибн Абд ал-Мунзир ибн Занбарникига тушган эдилар. Сўнгра муҳожирлар жамоат-жамоат бўлиб келишди. Бани Ғанм ибн Дудон мусулмон эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳижрат қилган, аёл ва эркаклари билан Мадинага бутунлай кўчиб келган бўлиб, улар: Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва биродари Абу Аҳмад ибн Жаҳш, Уккоша ибн Миҳсан, Ваҳбнинг икки ўғли Шужоъ ва Уқба ҳамда Арбад ибн Ҳумаййира эди.
Ибн Ҳишом: унга ибн Ҳамийра дейилади.
Ибн Исҳоқ: Мунқиз ибн Нубота, Саид ибн Руқайш, Муҳриз ибн Надла, Язид ибн Руқайш, Қайс ибн Жобир, Амр ибн Миҳсан, Молик ибн Амр, Сафвон ибн Амр, Сақф ибн Амр, Рабиъа ибн Аксам, аз-Зубайр ибн Убайд, Таммом ибн Убайда, Сахбара ибн Убайда ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳшлар алоҳида-алоҳида ҳижрат қилганлар.
Аёлларидан: Зайнаб бинт Жаҳш, Умму Хабиб бинт Жаҳш, Жузома бинт Жандал, Умму Қайс бинт Муҳсин, Умму Ҳабиб бинт Сумома, Омина бинт Руқайш, Сахбара бинт Тамим ва Ҳамна бинт Жаҳшлар ҳам ҳижрат қилганлар.
Абу Аҳмад ибн Жаҳш ибн Риоб Бани Асад ибн Хузайманинг қавмидан ажралиб, Аллоҳ ва унинг Расули йўлида ҳижратга чақирилганларида жамоат-жамоат ҳижрат қилишлари ҳақидаги шеърида шундай дейди:
Умму Аҳмад Сафо ва Марва орасида агар онт ичса, аҳдини бажо келтиради,
Биз у ерда−Маккада эдик, халқнинг кучлиси ожиз ҳолга тушгунгача биз у ерда эдик,
Ғанм ибн Дудон қабиласи чодирини ўша ерга тикди, ўша жойга қурди, Ғанм у ердан кетар-кетмас сокинлари ҳам кетишди.
Битта, иккиталаб Аллоҳ йўлига кетишди. Бу ҳақ билан келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини, Ғанм ибн Дудоннинг динидир.
Абу Аҳмад ибн Жаҳш яна шундай дейди:
Умму Аҳмад мени ундан (Аллоҳ) ғоибона қўрқиб, унинг аҳдига чопганимни кўргач дерди:
Агар, албатта, бу ишга қўл урсанг, биз билан шаҳарлар сари юзлан, Ясрибдан узоқлаш,
Унга шундай дедим: аксинча, бугун Ясриб сари юзланамиз, Раҳмон Зот қандай хоҳласа, банда ўша томонга юзланур,
Менинг юзим ҳам Аллоҳ ва Расулига юзланган. Аллоҳга юзланганнинг юзи ҳеч қачон қораймас,
Ортда қанчадан-қанча ўгит берувчи мард дўст, қанча насиҳат бериб кўзларидан ёш оққан ва фарёд чеккан аёлларни қолдирдик,
Ўша аёллар ўч олишни юртимиздан узоқлашишда кўрмоқдалар, ҳолбуки, биз истакларимизнинг амалга ошишини хоҳлаймиз,
Халққа очиқ йўл кўрилганда сен бизни, Бани Ғанмни қон тўкишга, ҳақ ва адолатга чақирмоқдасан,
Бир даъватчи, Аллоҳга ҳамд бўлсин, ҳақ ва муваффақиятга чақирганида унинг чақириғига омматан ижобат қилдилар,
Бизга қарши қурол ишлатиш билан бизга ёрдам қилган бўлдилар,
Иккита жамоат эдик, бири ҳақ йўлга ундалган муваффақиятли жамоат эди, иккинчиси эса муаззаб (азобга гирифтор).
Бу икки жамоат тажовуз этиб ҳаддан ошди ва ёлғон тўқиди, шайтон эса уларни йўлдан оздирди. Хусронга учрадилар, бошқаларни ҳам хусронга етакладилар,
Биз Муҳаммад Пайғамбарнинг сўзига қайтдик, биздан ҳаққа ёндашганлар хуш бўлдилар ва яхши муомала кўрдилар,
Биз унга яқинмиз, қариндошмиз, сен бошқасини ўзингга яқинлаштирмагунча қариндошлик бўлмас.
Қайси жиян ва қайси сингил ўғли биздан сўнг сизга ишонади? Мендан кейин қандай куёв, қандай почча ва қандай қариндошлик кутилади,
Бир кун билиб оласан, инсонларнинг ишлари изидан чиққанда мен ҳақимда кимнинг нима дегани тўғрилигини кўрасан.