Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансор саҳобалари орасида биродарликка асос солдилар271. Бизга етиб келишича, (унинг айтмаганини айтди, дейишдан Аллоҳ асрасин) муҳожир ва ансорлар Аллоҳ йўлида бир-бирлари билан биродар бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу олиб розияллоҳу алайҳи васаллам қўлидан ушлаб: «Бу менинг биродаримдир», – дедилар. Шунга кўра, пайғамбарлар саййиди, тақводорлар пешвоси ва оламлар Роббисининг элчиси, бандалари орасида ҳеч қандай ўхшаши ва тенги бўлмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан биродар бўлдилар. Аллоҳ ва Элчисининг арслони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса биродар бўлишди. Ҳамза Уҳуд жанги бошланишидан олдин бошига ўлим келса, мол-мулкини унга васият қилган эди. Жаннатда учиб юрадиган, икки қанотли Жаъфар (ат-Тайёр) ибн Абу Толиб билан Бани Салама уруғидан Муоз ибн Жабал биродар бўлди.
Ибн Ҳишом: Жаъфар ибн Абу Толиб ўша кунда Ҳабашистонда эди.
Ибн Исҳоқ: Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу ибн Абу Қуҳофа ва Балҳорис ибн ал-Хазраж уруғидан Хорижа ибн Зуҳайр биродар бўлишди. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу ва Бани Солим ибн Авф ибн Амр ибн Авф ибн ал-Хазраж уруғидан Итбон ибн Молик биродар бўлишди. Номи Омир ибн Абдуллоҳ бўлган Абу Убайда ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ва Абдулашҳал уруғидан Саъд ибн Муоз ибн ан-Нўъмон биродар бўлишди. Абдураҳмон ибн Авф ва Балҳорис ибн ал-Хазраж уруғидан Саъд ибн ар-Рабиъ биродар бўлишди. аз-Зубайр ибн ал-Аввом ва Бани Абдулашҳал уруғидан Салома ибн Салома ибн Вақш биродар бўлишди. Бошқа бир ривоятда аз-Зубайр ва Бани Зуҳра иттифоқдоши Абдуллоҳ ибн Масъуд биродар бўлишди, дейилади. Усмон ибн Аффон ва Бани Нажжор уруғидан Авс ибн Собит ибн ал-Мунзир биродар бўлишди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Бани Салама уруғидан Каъб ибн Молик биродар бўлишди. Саъд ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ва Бани Нажжор уруғидан Убай ибн Каъб биродар бўлишди. Мусъаб ибн Умайр ибн Ҳошим ва Бани Нажжор уруғидан Абу Айюб Холид ибн Зайд биродар бўлишди. Абу Ҳузайфа ибн Утба ибн Рабиъа ва Бани Абдулашҳал уруғидан Аббод ибн Бишр ибн Вақш биродар бўлишди. Бани Махзумнинг иттифоқдоши Аммор ибн Ёсир билан Бани Абду Абс уруғидан ва Бани Абдулашҳал иттифоқдоши Ҳузайфа ибн ал-Ямон биродар бўлишди. Бир ривоятга кўра, Ррасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатиби ва Балҳорис ибн ал-Хазраж уруғидан Собит ибн Қайс ибн аш-Шаммос ва Аммор ибн Ёсир биродар бўлишди, дейилади. Абу Зарр номли Бурайра ибн Жунода ал-Ғифорий ва Бани Соъида ибн каъб ибн ал-Хазраж уруғидан ал-Мунзир ибн Амр ал-Муъниқ Зий-Ямут биродар бўлишди.
Ибн Ҳишом: бир неча уламолардан Абу Заррни Жундаб ибн Жунода деганларини эшитдим.
Ибн Исҳоқ: Бани Асад ибн Абдулуззонинг иттифоқдоши Ҳотиб ибн Абу Балтаъа ва Бани Амр ибн Авф уруғидан Увайм ибн Соъида биродар бўлишди. Салмон ал-Форсий ва Балҳорис ибн ал-Хазраж уруғидан Абу Дардо Уваймир ибн Саълаба биродар бўлишди.
Ибн Ҳишом: бошқа бир ривоятда Уваймир ибн Омирга – Уваймир ибн Зайд, дейилади.
Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззини Билол ва ал-Фазаъ уруғидан272 бўлган Абу Рувайҳа Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ал-Хасъамий биродар бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари орасида биродар қилганлардан бизга етиб келган номлар шулардир.
Умар ибн ал-Хаттоб Шомдаги девонларни тартибга солаётган вақтда Билол розияллоҳу анҳу Шомга бориб, у ерда мужоҳид сифатида яшаб келарди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Билолга: «Эй Билол, маошингни кимга ишлатасан?» – деб сўради. Билол: «Абу Рувайҳа билан биргаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккимизни биродар қилганликлари боис ундан асло ажралмайман», – деди. Шу сабабли Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу унинг маошига қўшимча қилди. Билол розияллоҳу анҳунинг ҳурмати боис Ҳабашистон девони Хасъамага қўшиб берилди. У шу кунга қадар Шомда, Хасъамададир.