20 жумадул аввал 1446
Иқтисодий қамал

Мусо ибн Уқба, Ибн Исҳоқ каби сийрат муаррихларининг ривоятларига кўра, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга жазм этиб, бу ишда бани Ҳошим билан бани Мутталиб уруғлари ҳам ҳамкорлик қилишларини − Расулуллоҳни уларга топширишларини талаб қилганларида, улар рад жавобини бердилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломни қатл қилиш Қурайшнинг қўлидан келмагач, у Зотдан ҳам, у киши билан бирга бўлган мусулмонлардан ҳам, у Зотни ҳимоя қилаётган бани Ҳошим билан бани Мутталибдан ҳам барча алоқаларни узишга, уларга тазйиқни кучайтиришга келишишди ва бу тўхтамларининг қатъийлигини бидириш учун бир саҳифага қуйидаги мазмунда аҳднома битиб қўйдилар: Токи бани Мутталиб Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломни ўлдириш учун уларнинг қўлларига топширмагунларича, қуда-анда бўлмасликка, олди-сотди қилмасликка, барча моддий тармоқларни тўсишга, улар билан сулҳ тузмасликка, ҳеч қандай меҳр-мурувват кўрсатмасликка аҳднома тузиб, уни Каъбанинг ичкарисига илиб қўйишди. Қурайш кофирлари бу аҳдномага уч йил − пайғамбарликнинг еттинчи йили муҳаррам ойидан бошлаб, ўнинчи йилигача риоя қилишган. Баъзи ривоятларда қамал икки йил давом этганлиги айтилган. Мусо ибн Уқбанинг ривоятига қараганда, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом саҳобаларни Ҳабаш юртига ҳижрат қилишга шу қамал асносида буюрганлари маълум бўлса, Ибн Исҳоқнинг ривояти қамал битими, саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилганларидан кейин ва Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан сўнг тузилганлигига далолат қилади. Бани Ҳошим ва бани Мутталиб уруғлари Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом бошлиқ мусулмонлар билан бирга бани Мутталиб маҳалласида қамал қилиндилар. Мусулмонлар дин учун, бани Мутталиб ва бани Ҳошимдаги кофирлар эса ҳамият учун камалда қолдилар. Аммо улардан бўлган Абу Лаҳаб билан Абдулуззо ибн Абдулмутталиб қарши томон бўлмиш Қурайшликларга қўшилиб кетишди. Бу уч йил мобайнида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом билан мусулмонлар жуда оғир кунларни бошларидан ўтказишди. Очликдан ҳатто дарахт баргларини ҳам ейишга мажбур бўлганларининг ўзидан уларнинг қай даражада қийналганлари маълум бўлади. Суҳайлий шундай ривоят қилади: Маккага бирор тижорат карвони келса, саҳобалардан бири ўша карвон савдогарларидан егулик сотиб олиш учун борар, буни кўрган Абу Лаҳаб эса: «Эй савдогарлар, молингизнинг нархини оширинг, токи Муҳаммаднинг асҳоблари сизлардан биронта ҳам нарса сотиб ололмасин», дер эди. Натижада нархи бир неча баробарга кўтарилган озиқ-овқатни сотиб ололмай очликдан чирқираб турган гўдаклари олдига қўллари бўш ҳолда кайтардилар. Бани Қусайдан бир жамоаси ўзларича қилган ишларидан пушаймон бўлиб, тузилган аҳдномани бузишга қарор қилишди. Оллоҳ таоло эса ахднома битилган мазкур саҳифани йўқ қилишга қурт-кумурсқаларни буюрган эди. Қуртлар саҳифадаги Аллоҳнинг зикридан бошқа барча сўзларни еб битирдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом амакилари Абу Толибга хабар бердилар. Амакилари: «Буни сенга Роббинг билдирдими?» деганида, Расулуллоҳ «Ҳа», дедилар. Абу Толиб ўз қавмидан бир гуруҳ кишилар билан қурайшликларнинг олдига бориб, ўзини худди уларнинг шартларига кўниш учун келгандай кўрсатиб, саҳифани олиб чиқишни талаб қилди. Улар ўроғлиқ ҳолда турган саҳифани олиб чиқишди. Шунда Абу Толиб: «Жияним айтдики −у менга ҳеч қачон ёлғон сўзламаган− Аллоҳ таоло сизлар ёзган саҳифани қуртларга ем қилган, улар саҳифадаги жавр, қариндошликни узиш каби аҳдномаларни еб битирган экан. Агар ҳақиқатдан ҳам у айтгандек бўлса, у ҳолда кўзингизни очинг, ёмон ниятингиздан қайтинглар. Биз эса Аллоҳ номига қасамки, битта ҳам қолмай ҳалок бўлсак ҳам, уни сизларга топширмаймиз. Агар у айтаётган нарса нотўғри чиқса, соҳибимизни сизларга берамиз, у билан хоҳлаган чорангизни кўрасиз». Қурайшликлар: «Айтганларингга розимиз», дейишди. Саҳифани очганларида уни ростгўй, ишончли Зот − Расулуллоҳ   соллоллоҳу   алайҳи   ва саллам айтгандай ҳолатда эканини кўришди. Бу уларнинг душманликларини, адашишларини янада зиёда қилди ва: «Бу жиянинг қилган сеҳрдир», дейишди. Кейинроқ Қурайш мушрикларининг катталаридан беш киши аҳдномани бекор қилишга, қамалга барҳам беришга қарор қилдилар. Улар: Ҳишом ибн Амр ибн Ҳорис, Зуҳайр ибн Умайя, Мутъам ибн Адий, Абул Буҳтирий ибн Ҳишом ва Замъа ибн Асвадлар эди. Уни бекор қилишга очиқ даъват билан чиққан биринчи киши Зуҳайр ибн Умайя бўлди. У Каъба олдида одамларга мурожаат қилиб шундай деди: «Эй аҳли Макка, Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб билан барча алоқалар узилган бўлса, шу сабабли улар ҳалок бўлаёзган аҳволда турган бир пайтда, бизнинг кийим кийишимиз, овкат ейишимиз тўғри бўладими?! Аллоҳга қасамки, бу зулмкор саҳифа йиртиб ташланмагунча ўтирмайман». Сўнг қолган тўрт киши ҳам шу каби сўзларни айтишди. Мутьам ибн Адий туриб саҳифани парча-парча қилиб юборди. Кейин бешовлон бир гуруҳ одамлар билан Бани Ҳошим, Бани Мутталиб ва улар билан бирга бўлган мусулмонлар олдига бориб ўз масканларига чиқаверишларини билдиришди.
Ибратли нукталар
Бу бўлим Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда саҳобалар розияллоҳу анҳум ажмаъин уч йил давомида бошдан ўтказган машаққатларини нақадар мудҳиш бўлганини тасвирлаб беради. Бани Ҳошим билан Бани Мутталиб мушриклари ана шундай қийинчиликларни мусулмонлар билан биргалашиб кўтарганларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ташлаб, Қурайш томонга қўшилиб кетишни ўзларига эп кўрмаганларидан хабарингиз бор. Қариндош-уруғлик ҳамияти ҳамда агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ёки қийноқлаш учун Қурайш мушрикларига топшириб кўйишганда ўзлари йўлиқажак шармандаликлари мана шундай йўл тутишларига туртки бўлди. Расулуллоҳ мусулмонлар билан бирга мазкур машаққатларга сабр-бардошли бўлишларининг омили Аллоҳ таолонинг амрига муте бўлишлари ва бу дунёдан Охиратни, Аллоҳ таолонинг ризосини афзал билишлари бўлган. Мафкуравий кураш малайларидан айримлари мана бундай ботил гапларни айтиб юрганларини эшитиб қоламиз. Улар: «Бани Ҳошим билан Бани Мутталибнинг мутаассиблиги ортида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватини ҳимоя килиш яширинган эди. Бунга далил Қурайш мусулмонлардан ҳар томонлама алоқаларни узган пайтда, бани Ҳошим ва бани Мутталиб Қурайшга салбий муносабатда бўлганлигидир», дейишади. Бу шундай равшан хатоки уни парда билан ўраб ҳам беркитиб бўлмайди. Чунки Бани Ҳошим билан Бани Мутталиб ўз амакиларининг ўглининг ҳаётига бегона қўллар таҳдид солаётган пайтда жоҳилий ҳамият ўз жиянларини ҳимоя қилишга ундаши табиийдир . Жоҳилий ҳамият қариндош-уруғлар ўртасида ўзаро    мутаассибликка    ундайди.    Бунда    икки томоннинг ҳақ ёки ноҳақлик устида эканлигининг эътибори бўлмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошларида иккита бир-бирига қарама-қарши сифат бирлашиб қолган эди: Расулуллоҳнинг даъватига бўйинсунмаслик ҳамда Қурайш мушрикларига қарши у Зотга ёрдам бериш. Шу мутаассибликлари билан қандай фойдага эришишди. Мусулмонлар қандай қийналган бўлсалар улар ҳам шундай азият чекишди. Билишимиз муҳим бўлган нарса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушрик қариндошларининг мақсади у Зот олиб келган рисолатни эмас, балки у Зотнинг шахсини бегоналардан ҳимоя қилиш бўлган.
15:38 / 26.03.2012
Аввалги мақола
Муҳаммад Хузарий
Ислом тарихи
Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар
    Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар Ҳижратдан аввалги 53 йил, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10, 12 кунлардан бири (мил. 571 йил 19–23 апрель – Расулул...
06:40 / 27.06.2020 Батафсил...
Ислом тарихи
Жоҳилиятда Каъбани христианлар ҳам зиёрат қилишганми?
Савол: Ислом дини туширилишидан олдин ҳам Каъба бўлган ва уни  христиан динидагилар ҳам зиёрат қилишган. Ислом туширилганидан кейин эса улар Каъбани тарк қилишганининг сабабини билишни истардим.....
10:22 / 19.02.2013 Батафсил...
Ислом тарихи
Араб вакилларининг кетма-кет келиши ва Aллоҳнинг Динига кириши
Ибн Исҳоқ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, Табукдан фориғ бўлиб, Сақиф ҳам Исломни қабул қилиб, байъат қилгач, у Зотнинг олдига ҳар тарафдан араб вакиллари, элчи...
03:38 / 27.06.2020 Батафсил...
Ислом тарихи
Сақиф элчилари ва уларнинг Исломга кириши
Ибн Исҳоқ ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан Мадинага Рамазон ойида қайтдилар ва шу ойнинг ўзида у Зотнинг олдиларига Тоиф аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласидан вакиллар к...
22:37 / 26.06.2020 Батафсил...