Боланинг акаси Микраз ибн Ҳафс ибн Ахяф Марр аз-Заҳронда айланиб юрган пайтда Омир ибн Язид ибн Омир ибн Малуҳни туяда келаётганини кўриб қолди. Омирнинг қиличи белида боғлиқ ҳолда у томон яқинлашди. Туясини чўктирганини кўргач, қиличи билан уриб, уни ўлдирди сўнг Омирнинг қиличини Маккага олиб келди-да, кечаси Каъбанинг пардасига осиб қўйди.
Тонг отгач, қурайшликлар Омир ибн Язид ибн Омирнинг қиличини Каъба пардасида осиғлиқ турганини кўрди ва дарҳол таниб: «Бу − Омир ибн Язиднинг қиличи, уни Микраз ибн Ҳафс ўлдирган. Бу уларнинг ишлари», – дейишди. Мана шундай ҳолатда юрган пайтларида Ислом уларнинг ўртасини ажратиб қўйди. Улар Ислом билан машғул бўлиб қолдилар. Бадрга юриш чоғида Қурайш шу воқеани эсга олиб, Бани Бакрдан хавфсираган эди.
Микраз ибн Хафснинг Омирни қандай ўлдиргани ҳақидаги шеъри:
Унинг Омир эканини билганимда, гўшти чириган севимли биродаримнинг қолдиқларини ёдга олдим.
Ва ўз-ўзимга дедимки: Ҳа, олдимдаги, ҳақиқатан, Омирдир. Эй руҳ, сен ундан қўрқма. Қара, ҳар қандай ҳолатда устига ташланишнинг йўлини топ.
Ишондимки, агар уни битта зарба билан ҳал қилсам ўзи ва фурофир номли қиличи синади.
Мен унга, қуролланган тажрибали қаҳрамонга қарши кўксимни, ўзимни нафасимни тутган ҳолда устига ташландим.
Ушлаганимда, қалбим ва қалби гупиллаган пайт ўчимни олмаган эдим. Ўчини бир ақлсиз олишни унутса ҳам, мен олишни унутмаган эдим.