Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамзага маҳзун бўлишлари ва мушрикларни мусла қилишга ваъда беришлари

1 ўн йил аввал 1918 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Менга айтиб беришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза ибн Абдулмутталибни қидирдилар ва уни водийнинг ўртасида қорни ёрилиб, жигари чиқарилган ҳолда топдилар. У мусла[1] қилинган, таҳқирланган, қулоқ ва бурни кесиб ташланганди.

Менга Муҳаммад ибн Жаъфар ибн аз-Зубайр ҳикоя қилиб бери­шича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни кўрганларида, шундай дедилар: «Мен уни йиртқич ҳайвонлар ва қушларга ем бўлиши учун ташлаб кетардим, аммо София маҳзун бўлмаслиги ва мендан сўнг бу иш суннат бўлиб қолмаслиги учун бундай қилмадим. Агар Аллоҳ менга Қурайш устидан бирор ерда ғалаба қозонишни насиб этса, албатта, улардан ўттиз кишини мусла қиламан». Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳзунликларини ва амакилари жасадига қилинган бун­дай таҳқирга нисбатан ғазабларини кўришганида: «Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ бизга қачон бўлмасин, улар устидан зафар насиб этса, уларни шундай мусла қиламизки, бундай муслани араблардан ҳеч ким қилмаган бўлади», – деб айтдилар.

Ибн Ҳишом: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамзанинг жасади устига келиб, дедилар: «Сиздай кишини йўқотишдек оғир мусибатни энди бошқа кўрмасам керак. Мен ҳеч қачон бундай ғазабланган эмасман. Ме­нинг олдимга Жаброил Алайҳиссалом келиб: «Ҳамза етти осмон аҳли қаторига ёзиб қўйилди. Ҳамза ибн Абдулмутталиб Аллоҳ ва Расулининг арслонидир», – деб хабар берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳамза ва Абу Салома ибн Абдуласадлар эмишган ака-ука эдилар. Уларни Абу Лаҳабнинг озод қилган жорияси эмизганди.

Ибн Исҳоқ: Менга Бурайда ибн Суфён ибн Фарва ал-Асламий Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан, шунингдек, мен ишонадиган бир киши ибн Аббосдан ривоят қилишларича, Аллоҳ азза ва жал­ла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларининг айтган сўзлари хусуси­да оят нозил қилган: «(Эй иймoн кeлтиргaнлaр,) aгaр интиқoм oлмoқчи бўлсaнгизлaр, у ҳoлдa фaқaт сизлaргa еткaзилгaн зиён бaрoбaридa интиқoм oлингиз! Aгaр (интиқoм oлмaй) сaбр қилсaнгизлaр, aлбaттa, бу сaбр қилувчи кишилaр учун яxширoқдир. (Эй Муҳaммaд!) Сaбр қилинг. Сaбр қилишингиз эсa фaқaт Aллoҳ (ёрдaми) билaнгинa мумкиндир. Улaргa (яъни мушриклaрнинг қилмишлaри сaбaбли) ғaмгин бўлмaнг! Улaрнинг мaкр қилишлaридaн сиқилмaнг ҳaм!»[2]

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам афв этдилар, сабр қилдилар ва мусла қилишдан қайтардилар.

Ибн Исҳоқ: Менга Ҳумайд ат-Тавил Ҳасандан, у Самура ибн Жун­дубдан сўзлаб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаганлар. Бизни садақа қилишга буюриб, мусла қилишдан қайтардилар».

Ибн Исҳоқ: Менга ишончли бир киши Абдуллоҳ ибн ал-Ҳориснинг озод қилган қули Миқсамдан, у ибн Аббосдан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамзанинг жасадига бир кийимни ёпиб қўйишга буюрдилар, сўнг унга жаноза намозини ўқидилар. Етти марта так­бир айтдилар. Кейин бошқа ўликларни олиб келиб Ҳамзани ёнига қўйилди ва улар билан бирга Ҳамзага ҳам жаноза ўқидилар. Унга ет­миш икки марта жаноза ўқидилар».

Ибн Исҳоқ: Менга айтиб беришларича, София бинт Абдул­мутталиб Ҳамзани кўриш учун келди. Ҳамза унинг туғишган акаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Софиянинг ўғли Зубайр ибн ал-Аввомга: «Унга пешвоз чиқиб, ортга қайтар, акасининг аҳволини кўрмасин», – дедилар. аз-Зубайр унга: «Эй онажон! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга қайтишингизни буюрдилар», – деди. У: «Нега? Менга айтишларича, акамни мусла қилишганмиш. Бу нарса акамга Аллоҳ йўлида етди. Бунга биз, албатта, рози бўламиз! Аллоҳдан савоб тилайман ва албатта, сабр қиламан, Аллоҳ хоҳласа!» – деди. Зубайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб, унинг сўзларини айтиб берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, келсин», – дедилар. София Ҳамзанинг олдига келиб, унга жаноза ўқиди, «Биз Аллоҳнинг қулларимиз ва Унга қайтгувчимиз»,- деб, унинг ҳақига Аллоҳдан мағфират тилади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дафн этишга буюрдилар.


[1] Жасадни таҳқирлаб, қулоқ ва бурнини кесиш.

[2] Наҳл: 126.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ