26 жумадис сони 1446
Мусулмонларга бошпана берган шоҳ

   Асҳама ибн Баҳр Нажоший Ҳабашистон подшоҳининг ўғли бўлган. Худди Мисрда «фиръавн», форсларда «кисро», Византияда «ҳирақл» дейилгани каби Ҳабашистонда «нажоший» сўзи подшоҳларга нисбатан ишлатилган. Асҳама отасининг ёлғиз ўғли бўлган. Амакисининг ўн иккита ўғли бор эди. Амакиси сарой аъёнлари билан келишиб, Асҳаманинг отасини ўлдириб, тахтни эгаллайди. Асҳама вояга етгач, амакисига ёрдам бериб, давлат ишларини бошқаради. У жуда ҳам ақлли ва фаросатли йигит эди. Сарой аъёнлари бир кун келиб, сирлари очилиб қолишидан қўрқиб, подшоҳдан уни  ўлдиришни ёки давлатдан бадарға қилишни талаб қилишади. Подшоҳ бадарға қилишга рози бўлади. Улар Асҳамани бир савдогарга сотиб юборишади. Шоҳ ёмғирли тунда сайрга чиқади ва яшин уриб ўлади. Унинг болалари нодонлиги сабабли бирортаси шоҳликка лойиқ кўрилмайди. Аъёнлар Асҳамани топиб, шоҳ этиб сайлашади. Асҳама адолатли ҳукм юрита бошлайди.

    Айнан мана шу даврда Макка шаҳрида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилган эдилар. Исломнинг илк даврлари, мусулмонларга қаттиқ тазйиқлар кўрсатилаётган паллалар... Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига фақат Исломни қабул қилганлари учунгина кўрсатилаётган бундай тазйиқлардан қутулиш, динларини сақлаб қолиш учун Ҳабашистон диёрига ҳижрат қилишга рухсат берадилар. Милодий 615 йилда ўн икки эркак ва тўрт аёл биринчи марта Ҳабашистонга ҳижрат қилишади. Улар ичида Усмон ибн Аффон билан аёли Руқайя розияллоҳу анҳумолар бор эди. Уларни Ҳабашистонда яхши кутиб олишади.

   Иккинчи ҳижратда эса 100-102  саҳоба бор эди. Макка мушриклари бундан хабар топиб, Ҳабашистонда тансиқ бўлган совға-саломлар билан Нажошийнинг ҳузурига Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъани юборишади. Улар Нажошийдан мусулмонларни уларга топширишини сўрашади. Нажоший адолатли ҳукм чиқариш учун саройга мусулмонларни чақиради. Орада қизғин мунозара бўлиб ўтади. Мусулмонлар номидан Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу гапиради. Суҳбат асносида мушриклар Ийсо алайҳиссалом ҳақларида сўраб қолишади. Жаъфар розияллоҳу анҳу Марям сурасининг 1 – 4-оятларини ўқийди. Нажошийнинг кўзи ёшга тўлади. Ҳатто соқоллари ҳам ҳўл бўлади. Руҳонийлар ҳам йиғлашади. Нажоший: «Бу нарса Ийсо ибн Марям келтирган дин билан бир манбадан келган, уларни сизларга топширмаймиз»,  деб мушрикларга қатьий рад жавобини беради.

   Бу воқеа Қуръони каримнинг Моида сураси 82 – 83-оятлари нузулига сабаб бўлган эди: «Иймон келтирганларга (нисбатан) энг ашаддий адоватда бўлувчилар яҳудийлар ва ширк келтирганлар эканини кўрасиз. Иймон келтирганларга нисбатан дўстликда яқинроқлар «Биз насронийлармиз» дейдиганлар эканини (ҳам) кўрасиз. Бунинг сабаби улар (насронийлар) ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрга берилмаслигидир. Расул (Муҳаммад алайҳиссалом)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларида кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз. Айтадилар:«Эй Раббимиз! (Биз Муҳаммад алайҳиссаломга) иймон келтирдик. Бизни шоҳидлар қаторига ёзгин!»

   Нажоший Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида иймон келтирган бўлса ҳам, у Зотни кўра олмаган. Аллоҳ таоло ўз каломида у зотни ва роҳибларни мақтаб оят нозил қилди. Нажоший Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога уйланганларида у Зотга валийлик қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан тўрт минг дирҳам маҳр берди. Ямандан Расулуллоҳни излаб кемада йўлга чиқиб, адашиб Ҳабашистонга келиб қолган Ашъарий қавмига ҳам бошпана берди. Улар орасида машҳур саҳоба Абу Мусо Ашъарий ҳам бор эди. Юртида бирор киши мусулмонларга азият берадиган бўлса, унга жарима солар эди. Жаъфар розияллоҳу анҳу бошчилигидаги мусулмонлар яҳудийларнинг Хайбардаги қалъалари фатҳ этилгунича Ҳабашистонда эмин-эркин яшадилар. Хайбар фатҳи арафасида Нажошийдан рухсат сўраб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтишди. Нажоший уларга ҳадялар бериб юборди. Расулуллоҳ ундан жуда мамнун бўладилар ва келган элчиларига ўзлари хизмат қиладилар.

   Нажоший Макка фатҳидан олдин вафот этади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажошийни айнан вафот этган куни саҳобаларга хабар бердилар. Бирга масжидга боришди ва сафга туришди. Тўрт такбир билан Расулуллоҳ имомликларида жаноза намозини ўқишди» (Бухорий ривояти).

                                                                                                                                                            Жалолиддин АҲМЕДОВ.

12:00 / 21.07.2016
Аввалги мақола
Ибн Исҳоқ
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...